Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • ОТМ: ҲУЖЖАТ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА ТЕСТ СИНОВЛАРИДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР БОР?

Абдишукур ОМОНОВ

14.06.2019


ОТМ: ҲУЖЖАТ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА ТЕСТ СИНОВЛАРИДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР БОР?

Хўш, ОТМларга ҳужжат қабул қилиш, тест синовларида нима ўзгаришлар бўлади? Ўқишга киришда кимлар имтиёзга эга?

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги "Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан абитуриентлардан ОТМларга ҳужжат қабул қилиш  ва ўтказиладиган тест синовларида бир қатор ўзгаришлар бўлди.

Жумладан, 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб абитуриентлар бир марта қатнашадиган имтиҳони асосида олий таълим муассасаларининг тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишига ўқишга кириш учун даъвогарлик қилиши мумкин бўлди. Бунда абитуриент ўқишга кириш учун даъво қилаётган асосий ОТМни ихтиёрий танлаб олади.

Иккинчидан, 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб абитуриентлар тест синовларини июль-август ойларида топширади.

Учинчидан, 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси икки бўлимга ажратилади. Биринчи бўлимдан барча тест топширувчилар учун мажбурий бўлган учта фан - она-тили, математика ва Ўзбекистон тарихи жой олди. Иккинчи бўлим асосини эса абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан ташкил этади.

 Тўртинчидан, тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасасини тамомлаган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиш учун энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида тўлов ундириладиган бўлди. Бунда жорий йил битирувчилари ва ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар истисно этилиши белгиланган.

Бешинчидан, 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган давлат олий таълим муассасалари бакалавриат йўналишларига ўқишга кириш учун абитуриентлар Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар, яъни ҳужжат топширадилар. Бу йўналишда абитуриентларга ҳар йили 15 июндан 15 июлга қадар хизмат кўрсатилади.

Олтинчидан, абитуриентнинг тест синовида тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Шунингдек, энди бакалавриат таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, баҳолаш мезонлари, тест топшириқлари сони ҳамда тест синовларини ўтказишнинг аниқ муддатлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган бўлди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги тегишли қарори билан "Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти" тасдиқланди. Мазкур регламент фақат давлат олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилади. У хорижий, хусусий ва ҳарбий олий таълим муассасаларига, магистратурага, тест синовларисиз ижодий имтиҳонлар билан қабул қилинадиган ОТМ учун қўлланилмайди.

Унда абитуриент тасдиқланган шаклдаги сўровномага тегишли маълумотларни киритиш учун Давлат хизматлари марказига қуйидаги ҳужжатлар асл нусхасини тақдим қилиши белгиланди:

фуқаролик паспорти, фуқаролик паспорти олиш ёшига етмаганлар тўғилганлик ҳақидаги гувоҳнома;

умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат;

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган тартибда ўқишга қабул учун имтиёзларга эга бўлган абитуриентлар ушбу ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат.

Ана шулар асосида давлат хизматлари маркази ходими тегишли сўровномани тўлдириб, унинг нусхаси билан бирга ҳужжатларни абитуриентга қайтаради.

Абитуриентдан бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Шу ўринда бир масалага аниқлик киритиш зарурати туғилади. Гап шундаки, Президентнинг тегишли қарорида "тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасасини тамомлаган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиш учун энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади" дейилади. Регламентда эса давлат хизмати кўрсатилгани учун тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасасини тамомлаган абитуриентлардан энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади" деган жумла бор. Масала шуки, улар бир маънодами ёки бошқа-бошқа тўлов? Шу савол атрофида мантиқан фикрласак, улар бир хил маънода келаяпти ва битта тўлов бўлиб чиқади, чамамда.

Энди ОТМларга ўқишга киришда турли имтиёзлардан фойдаланувчи абитуриентлар ҳақида ҳам қисқача тўхталсак.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги тегишли қарори билан "Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентлар тоифаси ҳамда уларнинг реестрини шакллантириш учун масъул бўлган ваколатли органлар рўйхати" ҳам тасдиқланди. Ушбу органлар томонидан шакллантириладиган реестр асосида:

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари;

халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларининг битирувчилари;

Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари;

 "Мард ўғлон" давлат мукофоти лауреатлари;

"Йилнинг энг яхши тарбиячиси" республика танлови, "Ҳамшира" республика танлови, Бадиий академиянинг тасвирий санъат бўйича республика танлови ғолиблари ва "Ниҳол" мукофоти совриндорлари;

 Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг республика комиссияси томонидан берилган тавсиянома соҳиблари (педагогика таълим йўналишларига);

тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган фуқаролар;

чет тилини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги BI ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган абитуриентлар;

ҳарбий қисм қўмондонлиги ва Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти тавсияномасига эга бўлган фуқаролар ОТМларга киришда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўзда тутилган имтиёзлардан фойдаланади.

Хулоса шуки, мамлакатимизда ёшларни олий таълимга қамраб олиш кўрсаткичлари йилдан-йилга ортиб бораяпти. Олий таълим олиш учун зарур қулайликлар жорий қилинаяпти. Янги олий ўқув юртлари, жойларда юртимиздаги  ва хориж ОТМларининг филиаллари ташкил этилмоқда. Энди барчаси ёшларнинг ўзига боғлиқ, улар бу имкониятлардан унумли фойдаланиши керак, холос. Бинобарин, ёшликдаги барча орзу-умидлар илму ҳунар ўрганиш, тинимсиз ва самарали меҳнат, интилиш ва курашлар орқали рўёбга чиқади.

PS. Куни кеча интернет нашрларида тарқатилган маълумотларга кўра ҳозирча қуйидаги ОТМларга ҳужжатларни my.gov.uz портали орқали ёки Давлат хизматлари марказлари ёрдамида соддалаштирилган тартибда топишириш имкони яратилган.

1. Тошкент давлат юридик университети;

2. Қорақалпоқ давлат университети;

3. Гулистон давлат университети;

4. Фарғона давлат университети;

5. Самарқанд давлат университети.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари

Report typo