Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ХУРШИДА

03.02.2017


ҚОВУН

Қовун таркибида тез ҳазм бўладиган шакар, крахмал, оқсил моддалари, клетчатка, пектин ва органик кислота, шунингдек, турли минерал тузлар мавжуд. Асосан темир ва калийга бой бу маҳсулотнинг камқонликда, юрак-қон томир  хасталикларида фойдаси катта. Жигар ва буйрак, подагра ҳамда бод касалликларини даволашда яхши самара беради.

Қовун инсон организмида муҳим ўрин тутадиган модда - кремнийга бой. Мазкур модда айниқса тери ва сочлар саломатлигида катта аҳамият касб этади. Шунингдек, у бош мия қобиғи, асаб, овқат ҳазм қилиш тизими, ички органлар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Шу боис, қовун болалар ва ўсмирларнинг овқат рационида бўлиши шарт.

Полиз маҳсулотлари орасида қовун ўз таркибида энг кўп миқдорда С дармондорисини сақлайди. Мағзида “бахт гормони” – серотонин мавжуд.

Таркибида шакар кўплиги боис қандли диабетда истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

ТАРВУЗ

Тарвуз – қовоқдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўсимлик. Поясининг узунлиги 4 метргача боради. Энг кўп етиштириладиган полиз экинларидан бири.

Тарвуз мағзида 5,5 фоиздан 13 фоизгача глюкоза, фруктоза ва сахароза мавжуд. Глюкоза ва фруктоза янги пишган тарвуз таркибида бўлса, сахароза унинг сақланиш даврида ҳосил бўлади. Тарвуз таркибида кўп миқдорда пектин, оқсиллар, кальций, магний, натрий, калий, фосфор, темир учрайди. Тиамин, рибофлавин, ниацин, фолий ва аскорбин кислоталари, каротинга бой.

Ибн Сино тарвузни жигар ва буйрак хасталикларини даволашда қўллаган. У самарали ўт ва пешоб ҳайдовчи восита саналади. Халқ табобатида тарвуз сариқ касаллиги ва безгак хуружини даволашда тавсия этилади. Тарвузнинг қуритилган пўчоғидан тайёрланган дамлама йўғон ичакнинг ўткир ва сурункали яллиғланишида фойда беради. Шунингдек, тарвуз озишга ёрдамлашиб, паришонхотирликни даволайди.

Бундан ташқари, тарвуз подагра, бўғин касалликлари, атеросклероз, қон босими ошиши ва гастритда энг яхши даво сифатида қўлланади.

Манбалар асосида ХУРШИДА тайёрлади.

 

Report typo