Қовоқдошлар оиласи бодринг туркумига мансуб бир йиллик ўт ўсимликлар тури, полиз экини. Маданий навлари Европада, Осиёнинг кўпгина жойларида етиштирилади. Марказий Осиёда қовун экиладиган майдони жиҳатидан полиз экинлари орасида 1-ўринда туради. Меваси таркибида 8-20 фоиз қуруқ модда, 18 фоиз қанд, 0,1-0,7 фоиз клетчатка, фолат кислота, калий, натрий, кальций, магний, темир, фосфор, олтингугурт ва бошқа микроэлементлар бор.
Қовун иссиқсевар, ёруғсевар, қурғоқчиликка ва тупроқ шўрланишига чидамли ўсимлик бўлгани учун ҳам чўл ҳудудларида кўп экилади. Дунёда 150 дан ортиқ қовун нави яратилган бўлса, мамлакатимизда 50 дан ортиқ қовун навлари маҳаллийлаштирилган. Хусусан, вилоятимизда қовуннинг 4 ботаник турга мансуб: ҳандалак, амири, кассаба ва зард турлари экилади.
Ҳандалак турига: кўкча, ҳандалак, сариқ ҳандалак, замча ва бошқа эртапишар қовунлар киради. Ёзда пишадиган давлатбой, тошлоқи, даҳбеди турлари амирига, кассаба турига бўрикалла, гурвак хос бўлса, зард турига қишки қовун навлари - умрбоқий, қўйбош, гулобилар киради.
Қовунни янги узилган пайтида истеъмол қиламиз. Ундан тайёрланган маҳсулотлар йил бўйи ейилади. Шинни, мураббоси тиббиётда бод, беланги, сил, камқонлик, зиқнафас, жигар ва буйрак касалликларини даволашда қўлланилади. У косметологияда сепкил, доғ ва бошдаги қазғоқни йўқотиш учун ишлатилади. Халқ табобатида подаграни даволашда, пешоб ҳайдовчи, қабзиятдан ҳоли қилувчи, асабни тинчлантирувчи восита сифатида тавсия этилади.
Воҳамизда оқуруғ, асати, бўрикалла, кўктинна, кўкча, чўгари, қизилуруғ, маҳаллий сариқ ҳандалак, оби новвот, шакарпалак ва бошқа навлари кўп экилади. Деҳқонларимиз меҳнати эвазига эртачи пишган қовунлар халқ дастурхонига тортилади. Сўнгги йилларда қовуннинг айрим навлари иссиқхоналарда, очиқ далада плёнка остига экилмоқда ва эртачи ҳосил олинмоқда.
Қовун таркибида, айниқса, темир ва калий тузлари жуда кўп, шу муносабат билан ундан камқонликни даволовчи озуқа сифатида, юрак қон-томир касалликларида, ревматизмни даволашда ҳам фойдаланилади.
Унда кремний моддаси кўп. Олимларнинг аниқлашича, инсон ҳаёти, унинг саломатлиги, физиологик жараёнларнинг тартибга солиниши кремний моддаси билан чамбарчас боғлиқ. У қаттиқ тўқималарга, тери ва сочларнинг ҳолатига таъсир қилади. Таркибидаги бириктирувчи тўқималар ичак микрофлорасига ижобий таъсир кўрсатади, организмдан холестеринни чиқариб ташлашга ёрдам беради. Шунингдек, қовун ажойиб ёшартирувчи хусусиятга эга. Бу борада халқда шундай ибора бор: “Қовун сочларга жило бериб, кўзларни ёшартиради, лабларни қизил қилади, имкониятларни рўёбга чиқаради, аёлларни эса мафтункор қилади”.
Қовун гўштида серотонин - “бахт гормони”ни ишлаб чиқаришга ёрдам берувчи модда мавжуд. Агар тушкунликка тушиб, маъюс бўлиб қолсангиз, албатта қовун енг - кайфиятингиз кўтарилишига ёрдам беради.
Шифокорлар эса аллергияси бор одамларга ҳамда ёш болаларга қовунни кўп миқдорда ейишни тавсия этишмайди.
Манбалар асосида С.АЛЛАЁРОВА тайёрлади.