Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

07.11.2024


ҒОЯТ ШАРАФЛИ ВА МАСЪУЛИЯТЛИ КАСБ ФИДОЙИЛАРИ

соҳада кўплаб ютуқ ва муваффақиятларга эришмоқдалар

 10 ноябрь – Тиббиёт ходимлари куни

Юртимизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида нишонланадиган Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан мазкур соҳада рўй берган ўзгаришларга яна бир бор назар ташланади ва эришилган натижалар сарҳисоб қилинади. Тан олиш керак, кейинги йилларда қисқа фурсат ичида соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан такомиллаштириш, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўлида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Алишер БОБОЕВ Қашқадарёда бу жабҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ҳақида сўз юритди.

- Тиб илмининг асосчиларидан бири, буюк аллома Абу Али ибн Сино айтганидек, одамлар дардига дармон бўлмоқ – эзгулик ва олижанобликнинг юксак намунасидир. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, қадр-қимматини улуғлаш ҳақида сўз юритганда, ҳар бир одамнинг асосий бойлиги ҳисобланмиш саломатлигини асраш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганини эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Айниқса, кейинги йилларда Президентимиз бошчилигида юртимиз тараққиётининг бутунлай янги босқичига қадам қўйгани, эришаётган залворли ютуқлари эътирофидир.

Бирламчи тиббиёт бўғини касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айланмоқда

- Маълумки, тиббиётнинг бирламчи бўғини аҳоли саломатлигини сақлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда беқиёс ўринга эга. Бироқ тан олиш керак, мамлакатимизда яқин-яқингача тиббиётнинг мазкур бўғинида беморларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг пастлиги соҳадаги энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб келган. Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини юксалтириш мақсадида Президент томонидан бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Натижада юртимизнинг барча ҳудудлари, шу жумладан, воҳамизда ҳам соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган бир қатор ислоҳотлар ўзининг тотли меваларини бера бошлади.

Хусусан, ўтган йилнинг декабрь ойида, айни қиш-қировли кунларда 25 кунлик ўта қисқа муддат давомида вилоятнинг 3 миллион 522 минг 412 нафар аҳолисидан 3 миллион 358 минг 397 нафари (95,3 фоизи) тиббий хатловдан ўтказилди. Саломатлик ва касалланиш кўрсаткичларига асосан вилоят аҳолисининг 1 миллион 156 минг 25 нафарини ташкил қиладиган 18-40 ёшли фуқаронинг 423 минг 104 нафари 1-,  228 минг 34 нафари 2-, 32 минг 770 нафари 3-, 1 минг 755 нафари 4-хавф гуруҳларига ажратилди. Юқумли бўлмаган касалликлар бўйича скрининг текширувдан ўтган 40 ва ундан катта ёшдаги аҳолининг 7 минг нафарга яқинида қандли диабет, 25 минг нафарга яқинида юрак-қон томир касалликлари эрта аниқланди. Шу асосда ҳудудларнинг саломатлик профиллари яратилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиника ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида қўшимча кундузги стационар ўринлари ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 1460 тага етказилди, иш вақти соат 20:00 га қадар узайтирилди ҳамда тиббиёт ходимлари учун қўшимча устама ҳақ тўлаш белгиланди. Натижада йилига 45 минг 780 нафардан зиёд беморга бирламчи тиббий-санитария ёрдами кундузги шифохонасида уйидан ажралмаган ҳолда даволаниш имкони яратилди.

Шошилинч ва тез тиббий ёрдамдан аҳоли миннатдор

- Шошилинч тиббий ёрдам тизими соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг йирик ва ўта кучли ижтимоий аҳамиятга эга тузилма ҳисобланиб, кейинги йилларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) Қашқадарё филиали ва унинг туман (шаҳар) бўлимларида аҳоли саломатлигини асраш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Замонавий тиббий техника воситалари билан жиҳозланган вилоят филиалида турли мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши йўлга қўйилиб, диагностика ва даволаш жараёнига бир қатор инновацион усуллар ва ташкилий ечимлар татбиқ қилинди. Натижада жорий йилнинг 9 ойи давомида 2 минг 631 нафар беморда 55 турдаги юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. 

2000 йилдан буён филиалда койка ўринлар сони ўзгармаганлиги сабабли, беморлар юкламаси жиддий ортган эди. Қарши темир йўл шифохонасининг шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази билан бирлаштирилгани натижасида койкалар сони 220 тадан 300 тага етказилди. Натижада, ушбу шифохонанинг имкониятлари янада кенгайди.

Ғузор ва Касби туманлари ҳамда Шаҳрисабз шаҳрида қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиб, бугунги кунда йилига 13 минг 19 нафар беморга Қарши шаҳрига боргунига қадар ўз вақтида шошилинч ва малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланди. Кўкдала туманида ҳам жорий йил якунигача бундай марказ ташкил қилиниши режалаштирилган.

Президентнинг 2022 йил 16 июндаги “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоят ҳокимининг 2022 йил 22 июндаги қарори билан чора-тадбирлар белгиланди. Яъни маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 300 дона планшет  харид қилиниб, 272 та тез тиббий ёрдам бригадаларига тарқатилди. Ҳудудий филиалда мавжуд 284 та тез тиббий ёрдам машинанинг барчасига GPS-трекер қурилмалари ўрнатилди. Бу эса чақириқларда юрган тез тиббий ёрдам бригадаларининг қаерда турганлигини аниқлаш, назорат қилиш ва энг яқин чақириқларга йўналтириш имконини берди.

Вилоят филиалининг Call-марказида чақириқлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан қабул қилинаяпти. Call-марказидаги телефон алоқаси (IP-телефония) тизими узлуксиз ишлаб турибди. Ушбу  Call-маркази орқали қабул қилинган чақириқлар бўйича тез тиббий ёрдамни туман ёки шаҳарнинг худуд чегарасига эмас, балки беморгача бўлган масофанинг яқинлигига қараб йўналтириш йўлга қўйилди. Бу эса чақириқларга етиб бориш вақтини қисқартиради ва кечикишлар сонини камайтиради.

Мураккаб операциялар ўзимизда ўтказилмоқда

 - Президентимиз соғлиқни сақлаш тизими раҳбарлари билан учрашувда “Бугун замон ўзгармоқда, одамларнинг талаби ошиб бормоқда. Халқимизнинг тиббий маданияти юксалиб, энг сўнгги усул ва русумларда тиббий хизмат кўрсатилишини истайди. Бизга шу ҳам бўлаверади, деган тушунча энди ўз умрини ўтаб бўлди. Бу барча соҳалар қатори тиббиёт соҳасига ҳам бевосита дахлдор. Шу боис, соҳа ходимлари тиббиётнинг энг илғор, замонавий ютуқларини,  даволаш усулларини ўзлаштирмоғи зарур. Эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтириш тараққиёт йўлидаги энг катта ғовдир” деган эди.

Шундан сўнг юртимизда ихтисослашган тиббиётни ривожлантириш борасида муҳим қадамлар ташланди. Қувонарлиси, соҳадаги ислоҳотлар натижасида бир қанча мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўзимизда амалга оширилиши йўлга қўйилди. Хусусан, вилоятимизда 2023 йилда 2 минг 612 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилган бўлса, 2024 йилнинг шу даврига келиб бу кўрсаткич 5 минг 210 нафарга етди.

Муҳим янгиликлардан яна бири шундан иборатки, илгари юртимизда буйрак ва жигар трансплантацияси амалиётлари ўтказилмас, бу ҳолат кўпгина ватандошларимизнинг эрта вафот этиши ёки касалликни хорижий мамлакатларда катта маблағ эвазига даволашига сабаб бўларди. Эътиборлиси, ҳозирга келиб, РШТЁИМ Қашқадарё филиалида 8 нафар беморда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида 2023 йилда буйрак кўчириб ўтказиш (трансплантацияси) 5 нафар беморда, жорий йилда эса  6 нафар беморда ўтказилди. Фуқароларнинг юқори технологик жарроҳлик амалиётлари учун хорижга ва ҳатто Тошкентга ҳам бормай ўз ҳудудида даволанишига имконият яратиб берилди. Бу борада хорижий ёки республика марказларининг мутахассислари билан телетиббиёт орқали маслаҳат, консультациялар олиб борилмоқда. 2024 йил якунига кўра вилоятда бажарилган юқори технологик амалиётлар сонини 8 мингдан ошириш режалаштирилган.

Хусусий тиббиёт фаолияти кенгаймоқда

- Соҳадаги ўзгаришлар ҳақида гапирганда, бугунги кунда юртимизда хусусий тиббиёт муассасалари кундан-кунга ошиб бораётганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.  Айни пайтда вилоятимизда 736 та хусусий тиббиёт муассасаси мавжуд бўлиб,  шулардан 595 тасида амбулатор ва 141 тасида стационар шароитда 72 турдаги ихтисослик бўйича аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Масалан, Қарши шаҳридаги “Javohir medical center” МЧЖ тиббий ташхис қўйиш ва даволаш маркази йилига 120 минг аҳолига хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Энг сўнгги русумдаги замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган муассасада айни пайтда 200 нафар ходим меҳнат қилади. Жорий йил якунига қадар диагностика марказини кенгайтириш лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига яна 30 нафар янги иш ўрни яратилади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантириш, бу каби тиббиёт муассасаларининг аҳолига юқори технологияли сифатли тиббий хизматлар кўрсатиши учун зарур шароитлар яратиш, тизимга хориждан инвестициялар ва юқори малакали мутахассислар жалб этишни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода йил охирига қадар уларнинг сонини 750 тага етказиш кўзда тутилган.

Она ва бола соғлом бўлса, жамият соғлом бўлади

2023 йилда вилоят перинатал маркази, она ва бола скренинг маркази ва вилоят аҳоли репродуктив саломатлик маркази негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё вилояти филиали ташкил қилиниб, ноябрь ойидан ўз фаолиятини бошлади. Мазкур тиббиёт муассасаси замонавий ва юқори технологияли асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди. Унда бирламчи бўғин муассасалари билан ҳамкорликда ўсмир қизлар, аёлларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом оналикка тайёрлашдан бошлаб, ҳомиладорликда антенатал парвариш, скрининг, туғруқ ва кейинги она ва бола парвариши жараёнлари бир жойнинг ўзида олиб борилади.  Хусусан, эҳтиёждан келиб чиқиб, мавжуд имкониятларни инобатга олган ҳолда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида болалар онкогематология ва кардиожарроҳлик бўлимлари ташкил этилди ва ўтган даврда 3 минг 876 нафар беморга малакали тиббий хизмат кўрсатилди.

Малакали кадрларсиз соҳа истиқболини тасаввур этиб бўлмайди

Мамлакатимизда шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, мавқеини мустаҳкамлаш, муносиб меҳнат шароитлари яратиш, иш ҳақи ва мавжуд штатлар сонини ошириш, уларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, кейинги йилларда тиббиётда чуқур билимга эга кадрларни замонавий таълим стандартлари асосида тайёрлаш, ҳудудларнинг шифокорларга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда тиббиёт олий таълим муассасалари сони ошиб бормоқда. Буни биргина вилоятимизда Қарши давлат университетида очилган тиббиёт факультети мисолида ҳам кўриш мумкин.

Албатта, бу ижобий ўзгариш ва янгиланишлар мамлакатимиз тиббиёт тизимида малакали кадрлар сони ва сифатини яхшилаш, олис ва чекка ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини етук мутахассислар билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Яна бир муҳим янгилик: 2024 йил 1 июлдан бошлаб вилоят даражасидаги 17 та шифохонани Давлат тиббиёт суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштириш йўлга қўйилганлиги натижасида шифокорлар даволаш стандартига қатъий амал қилаяпти, беморларга ортиқча дори ёзиш камайди. Агар шифокор беморни нотўғри даволаса, бемор учун кўзда тутилган маблағ тўлиқ ўтказиб берилмайди. Бу амалиёт шифокорларни ўз устида ишлашга мажбур қиляпти. Бир сўз билан айтганда, бугун тиббиёт тизими ходимлари изланишдан, тажриба ва маҳорат орттиришдан бир зум ҳам тўхтагани йўқ. Президентимиз бошчилигида тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар эса халқимизни бугунидан рози қилиш, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашдек эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.

Вилоятимизда ўз ҳаётини эл-юрт саломатлигини асрашдек ғоят масъулиятли ва шарафли ишга бағишлаган 5 минг 448 нафар шифокор, 39 минг 80 нафар ўрта тиббиёт ходимини касб байрами билан самимий табриклаб, уларга  сиҳат-саломатлик, ютуқ ва омадлар, оилавий бахт-саодат хонадонларингизга файзу барака тилайман!

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo