Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • Ҳожиларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистон фидойиси” қўлланмаси тақдимоти бўлиб ўтди

НАСРИДДИН

20.08.2024


Ҳожиларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистон фидойиси” қўлланмаси тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистонда 9 миллиондан ортиқ оила бор. Йилига ўртача 250-300 минг янги оила қурилмоқда. Аммо, шу билан бирга, ҳар йили ўртача 45-49 минг ажралишлар ҳам кузатилмоқда. Маълумотларга кўра,  мамлакатимиз никоҳлар сони бўйича МДҲда биринчи ўринда, ажралишлар бўйича эса охирги ўринда туради. 2022 йилда Ўзбекистонда ҳар минг кишига никоҳлар сони 8,4 тани, ажралишлар эса 1,4 тани ташкил этган.

Оила мустаҳкамлиги – жамият мустаҳкамлиги, демакдир. Шундай экан, оила комил инсонлар вояга етадиган мўътабар маскан бўлиши учун зарур чора-тадбирларни кўриш даркор.

Бу ҳақда вилоят мусиқали драма театрида тақдимоти ўтказилган “Янги Ўзбекистон фидойиси” илмий-услубий қўлланмасида сўз боради.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ташаббуси билан ташкил этилган тақдимотда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги, имом-хатиблар, ҳожилар, зиёлилар, маънавият тарғиботчилари иштирок этди.

Қайд этиш жоиз, қўлланма Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан тарғиботчи ҳожиларнинг касб ва ёш хусусиятларидан келиб чиқиб, аҳоли ўртасида ишсизликни йўқотиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ёт ғояларга қарши курашиш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича ижтимоий фойдали, савобли ишларга сафарбар қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Тошкент шаҳридаги “Маънавият” нашриётида 5 минг нусхада чоп этилган илмий-услубий қўлланма “Бизнинг маҳаллада ажрим бўлмаслиги керак!”, “Бир муҳтожга иш бермоқ – улкан савоб”, “Болаларимизни бегона ғоялардан асраймиз”, “Жиноят йўлини бирга тўсамиз!”, “Ҳар бир ҳожи – Янги Ўзбекистон бунёдкори” каби боблардан иборат.

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Комила Карамова, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилла Усмонов, Қарши давлат университети профессори Абдураим Эркаевнинг мавзуга оид маърузалари тингланди.

- Давлатимиз раҳбари ҳожилар жамиятимиздаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ва оилалар тотувлигида ибрат бўлишлари лозимлигини таъкидлаган эди, - деди Комила Карамова. – “Янги Ўзбекистон фидойиси” тўплами бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo