Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ЖЎРАЕВ

07.03.2017


ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИ ТАЪМИНОТИНИ ЯХШИЛАШ – АСОСИЙ МАСАЛА

Маълумки, қиш-баҳор ойларида бозорларда асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи ошиши кузатилади ва бунга табиий ҳол сифатида қараймиз. Бироқ энди бундай эмас. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ва маҳсулотларни узоқ вақт сақлаш борасидаги илғор технологиялар қишин-ёзин бозорларни бирдай тулдириш имконини бераяпти. Бундан ташқари, аҳоли эҳтиёжини самарали қондириш ва ички истеъмол бозорида нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида айни пишиқчилик даврида бир неча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага ғамлаш тадбирлари қатъий белгиланган тартибда амалга оширилади. Ушбу маҳсулотларнинг асосий қисми бозор-савдо уюшмаси тизимидаги субъектлар, яъни деҳқон бозорлари томонидан жамғарилиши белгиланган.

Йиғилишда бозорлар масъуллари томонидан бу иш хўжкўрсинга қилингани, асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ўз вақтида зарур миқдорда тўлиғича захирага жамғарилмагани оқибатида сўнгги вақтда савдода картошка, пиёз, тухум каби маҳсулотлар нархи бироз кўтарилиши кузатилгани қайд этилди. Шунингдек, ўрганишлар натижасида бозорлардаги санитария ҳолати талабга жавоб бермаслиги, лабораториялар фаолияти буткул қониқарсиз экани аниқлангани танқид қилинди.

Мазкур ҳолатлардан келиб чиқиб, масъулларга бозорларда, асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тўкинлигини таъминлаш, шу орқали нархлар барқарорлигига эришиш, савдо ҳудудларининг санитария ҳолатини тубдан яхшилаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

* * *

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи доирасида “Нишон кўзгу” фермер хўжалиги томонидан Қарши шаҳрида барпо қилинган замонавий кушхона билан танишган ва бундай кушхоналарни барча туманларда ташкил этиш, ветеринария ва санитария хизматларини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаганди.

Ана шундан келиб чиқиб чақирилган йиғилишда вилоят ҳокимининг 2017 йил 11 февралдаги чорва молларининг замонавий кушхонада сўйилишини ташкил этиш ҳамда ветеринария ва санитария талабларига жавоб бермайдиган гўшт ва гўшт маҳсулотлари истеъмолга чиқарилишининг олдини олиш хусусидаги қарори ижроси муҳокама этилди.

Дарҳақиқат, бугун аҳолига сифатли ва ишончли маҳсулот етказиб бериш долзарблик касб этмоқда. Хусусан, чорва молларини зарур ветеринария ва санитария талаблари асосида сўйишни йўлга қўйиш орқали истеъмолчиларни сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш муҳимдир. Тегишли қарорда ана шу мақсадларни рўёбга чиқариш кўзда тутилган.

Қарорда ушбу тадбирларни амалга оширишга масъул ташкилот ва идораларнинг вазифалари аниқ белгиланган бўлиб, чорва молларининг дуч келган жойда сўйилишига барҳам бериш, бозорларда фақат лаборатория текширувидан ўтган, тегишли муҳр урилган гўшт маҳсулотлари сотилишини ташкил қилиш зарурлиги таъкидланган.

Йиғилишда қайд этилганидек, гўшт нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида келгусида вилоятимизнинг турли ҳудудларида савдо дўконлари ташкил этилади, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун гўшт маҳсулотларини фақат махсус транспорт воситаларида ташишни самарали йўлга қўйишга устувор аҳамият қаратилади. 

Ушбу чора-тадбирлар натижадорлигини ошириш, аҳоли орасида зарур тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.

М.ЖЎРАЕВ

Report typo