Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

17.04.2017


ҲОЗИРГИ ЗАМОН КИШИСИ НИМАЛАРНИ БИЛИШИ ШАРТ?

Шунга кўра, ҳар йили 15 апрель санаси экологик билимлар куни деб эълон қилинди. Асосий мақсад эса одамларнинг экологик билимини ошириш, экологик маданиятини шакллантириш, жамоатчиликка атроф-муҳит ҳолати, экологик хавфсизлик борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ахборот бериш, шу билан бирга, экологик фикрловчи фуқароларни тайёрлаш ва тарбиялашдан иборат. Бугунги кунда эса бу янада муҳим. Чунки йилдан-йилга катталашиб бораётган экологик хатар шуни тақозо этади. Бугунги инсоният иқлим ўзгаришларининг йирик таъсири – глобал исиш ва парник газлари, атмосфера ифлосланиши, дунё уммони сатҳининг кўтарилишию Эль-Ниньо ҳодисаси, қурғоқчилик, фасллар силжиши ва ичимлик суви танқислиги каби муаммолар қуршовида яшар экан, буларнинг аслида нима эканлиги ва уларга қандай қарши туриш лозимлигини билмоғи шарт. Зеро, шундагина олис келажакда ҳам Ер деган сайёрада ҳаёт барқарор бўлишини таъминлаш мумкин. Бу - мутахассислар фикри.

Экологларнинг таъкидлашича, инсон ўзини ўраб турган атроф-муҳитнинг бир бўлаги эканини англаб етмагунича экологик фикрлай олмайди. Илк маротаба 1866 йилда немис биологи Эрнест Геккель томонидан қўлланган “экология” сўзининг ўзи ҳам шунга яқин маънони англатади: юнонча “oikos” - уй, бошпана ва “logos” – таълимот, яъни “яшаб турган жой ҳақидаги таълимот”, демакдир. Замонавий экология фани эса тирик организмларнинг ўзаро ва атроф-муҳит билан муносабатини ўрганади.

Инсоният талаб ва эҳтиёжлари чегара билмас. Табиатдаги захиралар эса чекланган. Қолаверса, йиллар мобайнидаги нотўғри муносабат ҳамда саноатдаги тараққиёт туфайли сайёрамизда экологик вазият танг ҳолатга келиб қолди. Шундай экан, башариятнинг ҳар бир вакили табиат билан муносабатдаги олтин тенгликни сақлаб қолиш учун маълум экологик билимларга эга бўлмоғи ва уларга таяниб иш кўрмоғи лозим.

Хўш, биз бугун экологияга доир нималарни билишимиз керак? Аслида, бу соҳанинг қамрови кенг. Аммо унинг энг асосий жиҳати – табиат ва инсон ўртасидаги узвийликни асраш. Бунинг учун эса ҳар бир инсон ўзининг атроф-муҳитга муносабати қай даражада эканлигини аниқлаб олиши ва бу даражага баҳо бериши лозим. Буни аниқлашда қуйидаги саволлар сизга ёрдам беради:

Дейлик, сиз табиат қўйнига дам олиш учун чиққанингизда, нималарга эътибор қаратасиз? Емак ёки сувдан бўшаган идишларни нима қиласиз? “Қизил китоб”га киритилган ноёб ўсимликлардан нечтасининг номини биласиз ва танийсиз? Жониворлардан-чи?

Ичимлик суви ҳақида қандай маълумотларга эгасиз? Бу ерда гап рақамлар ва фоизлар тўғрисида кетмаяпти. Сиз уни қанчалик қадрлайсиз? Яшаб турган жойингизда ичимлик суви танқислиги муаммосига дуч келганмисиз? Агар шундай ҳолат юз берган бўлса, уни қандай бартараф қилгансиз? Айни пайтда жаҳоннинг қайси мамлакатларида ичимлик суви танқислиги энг глобал масала эканлигини биласизми?

Ҳар куни фойдаланадиган жиҳозларингиз, маҳсулотлар борасида-чи, нималарни биласиз? Совуткичларда шу пайтгача ишлатилган, кейинги вақтларда экологлар талаби билан қўлланмаётган модда – фреон ҳақида эшитганмисиз ё ўқиганмисиз? Турли дезодорантлар, уй ҳавосини тозалаш учун ишлатиладиган хушбўй моддалар, қувватлантирувчи батарейкалар, турли жиҳозлар ичидаги симоб, тозалаш воситаларига қўшиладиган кимёвий моддалар аслида атмосфера учун оғу эканлигидан хабардормисиз? (Яқиндагина таниқли экожурналист Наргис Қосимованинг идиш ювиш воситасининг инсон соғлиғи, атроф-муҳит учун кони зарар эканлиги тўғрисидаги мақоласи интернет сайтларида эълон қилинди. Унга кўра, уй бекаларининг севимли кўмакчиси бўлган идиш тозалашда ишлатиладиган махсус суюқликнинг турган-битгани кимёвий модда бўлиб, у бутунлай ювилиб кетиши учун идишни камида беш-олти марта сувда чайиш лозим экан. Акс ҳолда, бу модда идиш орқали инсон организмига ўтади ва оғир хасталикларни келтириб чиқаради).

Ота-боболаримиз қўллаган, муқаддас қадрият деб билган қоидалар ичида табиатга муносабат одоби акс этганларини санаб бера оласизми? Сувга муносабат, дарахт экиш, қуш ва ҳайвонларга шафқатлилик борасида аждодларимиз қандай ибрат кўрсатганликлари ҳақида ҳикоя қила оласизми? 

Маиший чиқиндига муносабатингиз қандай? Ўзингиз ишлатадиган нарса-буюмларнинг кераксизга айлангач, нима бўлиши, қаердан қўним топиши сизни қизиқтирадими? Маиший чиқиндилардан қандай фойдаланасиз? Бу борада тажрибаларингиз борми?

Ва ниҳоят, фарзандларингизга юқоридагиларга оид нималарни ўргатаяпсиз? Улар ўз тенгдошларидан экологик маданияти ва билими билан ажралиб турадими?

Хуллас, мана шу саволларга берадиган жавобларингиз сизнинг экологик тушунча ва маданиятингизни белгилаб беради. Шу каби саволларнинг жавобини топиш, бу жавобларни қатъий қоидага айлантириш, атрофдагиларга сингдириш – ҳар биримизнинг вазифамизга айланмоғи шарт. Шундагина ўзимизни Ернинг эртанги куни учун қайғураётганлар тоифасига қўшиб қўйишимиз мумкин.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Report typo