Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • ҚОЗОҒИСТОН ЙИЛИ ДОИРАСИДА қўшни давлат олий таълим муассасалари тақдимоти ўтказилди

Б.САЙФИЕВ

17.05.2019


ҚОЗОҒИСТОН ЙИЛИ ДОИРАСИДА қўшни давлат олий таълим муассасалари тақдимоти ўтказилди

Қайд этиш лозим, бу халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик тарихида ноёб воқеа сифатида қардошлик муносабатларини янги  босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни жиҳат турли маданий тадбирлар, илмий-маърифий анжуманлар, санъат ва маданият кечаларида ҳам ўз аксини топаётир.

Хусусан, Қарши шаҳрида Қозоғистон Республикасидаги олий таълим муассасаларининг тақдимоти ушбу соҳадаги ҳамкорлик бардавомлигининг яна бир тасдиғи бўлди. Унда қўшни давлатдаги 47 олий таълим муассасаси вакиллари Қозоғистондаги таълим тизими, олий ўқув юртлари, уларда таълим олиш шартлари, талабалар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот беришди.

Айтиш жоиз, бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон олий таълим тизимида ҳамкорликка оид 50 дан зиёд битим ва келишувлар амал қилади. Мамлакатимиздаги 400 га яқин мактабда қозоқ тили ўқитилади, олий таълим муассасаларида қозоқ тили, математика, физика ва бошқа фанлар бўйича педагог кадрлар тайёрланади.

Бутунжаҳон қозоқлар ассоциацияси вакили Клара Садирбаеванинг айтишича, икки йилдан буён анъанавий ўтказилаётган таълим кўргазмалари натижасида Қозоғистонда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони кўпайган. 2017 йилда Ўзбекистондан 1300 ўғил-қиз талабаликка қабул қилинган бўлса, ўтган йили 12 мингдан ортиқ ёшлар Қозоғистонга ўқишга кирган. Ўз навбатида қозоқ ёшлари ҳам Ўзбекистонга келиб, нуфузли университетларда ўқимоқда.

- Чимкентдаги Халқаро гуманитар-техника университетининг жисмоний тарбия факультетида ўқияпман, - дейди Косон тумани Қуйи Оброн қишлоғилик Алижон Нуриддинов. - 21 факультетда бакалаврлар, 5 йўналишда магистрлар тайёрланади. Йиллик контракт пули арзон - 3 миллион 600 минг сўм. Университетимизда 500 нафардан зиёд Ўзбекистон  фуқаролари, жумладан, 250 га яқин қашқадарёлик таҳсил олаяпти.

Дарҳақиқат, Қозоғистон Республикасидаги бир қатор олий ўқув юртлари дипломининг юртимизда амал қилиши, тўлов-шартнома пулининг арзонлиги ҳамда масофадан туриб таълим олиш имкониятининг мавжудлиги кўргазмада қатнашган ёшларимиз эътиборини тортиб, қизиқишини оширди.

- Бугун қозоқ олий ўқув юртлари кўргазмаси бўлиши ҳақида интернетдан ўқиб, улар ҳақида яқиндан билиш мақсадида келдим, - дейди абитуриент Нодир Нортўраев. - Алматидаги Сулаймон Демирел университети мени қизиқтириб қўйди. У ерда ўзим қизиққан журналистика йўналишида ҳам мутахассислар тайёрланаркан. Эътиборли томони, бу йил ўзбек ёшлари учун 68 минг долларлик 33 та грант ажратилибди. 15 давлатдаги 30 та университет билан ҳамкорлик қилиши, бу ерда ўқиб, 2 дипломга эга бўлиш имконияти мавжудлиги муассасанинг даражасини кўрсатиб турибди.

Албатта, бошқа давлатда ўқишнинг ўзи бўлмайди. Ҳар қандай ўғил-қиз тил билиши, муқим яшаш жойига эга бўлиши зарур.

- Бу борада ўзбек ёшлари учун ҳеч қандай муаммо бўлмайди, - дейди Жанубий Қозоғистон давлат педагогика университети чет эл талабаларини мослаштириш маркази директори Шахло Наралиева. - Университетимизда 1500 дан зиёд ўзбекистонлик талаба таҳсил олса, улар учун қозоқ ва рус тилларини бепул ўрганиш курслари ташкил этилган. Ётоқхона мавжуд, йилига  1 миллион 100 минг сўм атрофида бўлади. Қолаверса, Хитой, Мўғулистон, Туркманистондан келиб ўқишади. Венгрия, Германия каби давлатлар билан мунтазам тажриба алмашиб борилади. Ўзбекистонда таълим тизими яхши йўлга қўйилган, ўзим ҳам Миллий университетда ўқиганман. Табиийки, бошқа юрт тажрибасини ўрганиш фақат фойдага хизмат қилади.

Кўргазма доирасида Бутунжаҳон қозоқлар ассоциацияси вакили Клара Садирбаева, Қозоғистон таълим ва фан вазирлиги департаменти директори Багдаурен Собитов ва бошқалар икки давлат ўртасида йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорлик алоқалари таълим соҳасида ҳам ривожланаётганини қайд этишди. Биргина мисол, бу йил юртимиз ёшлари учун қўшни давлатда 2 мингта грант ажратилган. Қозоғистонда бепул ўқиш имкониятига кам таъминланган оилалар фарзандлари, имтиёзли дипломга эга ёшлар, оиласида ногиронлар бўлган ўғил-қизлар эга бўлади.

Учрашувда ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришдаги иштироки учун вилоят ҳокими Зафар Рўзиевга Қозоғистон таълим ва фан вазирлигининг ташаккурномаси ҳам топширилди. Якунда икки ҳудуд олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Б.САЙФИЕВ

Суратларда: кўргазмадан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo