Спектаклда бош қаҳрамонлар Соли ҳамда Холпош тимсолида қинғир кўчалару қора йўлларга кириб қолган ёшларнинг аянчли тақдири, Азиз, Достон, Умид, Наргиза, Нигора кабилар тимсолида эса қора ниятли кимсаларнинг найрангларига алданиб, ёш умрини хазон қилган йигит-қизлар қисмати намойиш этилади.
- Бир ой давомида жамоамиз билан ушбу асар устида ишладик, - дейди театр-студия бадиий раҳбари Абдунаби Бобожонов. – Вилоят мусиқали драма театри режиссёри Шуҳрат Тўхтамишев раҳбарлигида саҳналаштирилган спектаклда кўпроқ этюдлардан фойдаланишга, қисқа вақт мобайнида томошабинга катта мазмунни англатишга ҳаракат қилдик.
Асарда инсон умри, унга берилган бебаҳо неъматлар – ёшлик, вақт, ота-она қадрини англаш, берилган имкониятлардан самарали фойдаланиш, бугунги кунда бутун дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётган одам савдоси, гиёҳвандлик, миссионерлик каби иллатлар домига тушиб қолмаслик учун атрофга огоҳ ва теран назар ташлаш лозимлиги тўғри йўлдан адашган кимсаларнинг охири йўқ йўли, уларга алданган ёшларнинг аянчли қисмати орқали очиб берилди. Асар марказида эса инсонни тўғри йўлдан чалғитиб, ўз йўриғига солишга интилувчи доимий душмани – нафс тимсоли Зиён қиёфасида гавдалантирилгани томошабинларни таъсирлантирди.
- Ёш актёр-актрисаларнинг ижроси менга жуда манзур бўлди, - дейди тумандаги 1-мактаб ўқитувчиси Гулноза Алимова. – Ушбу саҳна асари ёшларимизнинг маънавий-ахлоқий тарбиясида катта аҳамиятга эга.
Х. ҚИЛИЧЕВА