ёхуд Қарши-Самарқанд йўлидаги ажиб манзаралар
Фотоайбнома
Тозалик бор жойда, барака бўлади, у ердан касаллик қочади. Обод ерда гиёҳ унади, яшиллик барқ уради. Аммо акси бўлса-чи?
Эътибор қилганмисиз, тоза-озода жойда одамлар ерга ҳатто қоғоз бўлагини ташламайдилар, писта чақишга хижолат тортадилар. Сабаби, орасталикни, покликни қадрлаш қонимизда бор. Болалигимиздан қулоғимизга қуйилган ўгитлар, ўзбекона тарбия "мева"си бу.
Шундай бўлса-да, Қарши-Самарқанд йўли атрофидаги манзараларни кўрганингизда, ўзингизни гўё бегона манзилга бориб қолгандай ҳис этасиз. Вилоятимиз марказидан узоқлашмасдан, елим халтачаларга тўла майдонга кўзингиз тушади. Энг ачинарлиси, бу ахлатлар уюми йўқолиш ўрнига кун сайин кенгайиб бораяпти, халтачалар ёнида катта қопларга жойланган чиқиндилар пайдо бўлаяпти. Бу эса кўнгилни хира қилаяпти.
Вилоятимизда чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар бор, қоғоз ва елим буюмларни қабул қилиш нуқталари кўп. Шунга қарамай, катта йўл четидаги ахлатлар камаймаяпти. Чунки, одамзодда бир ёмон қусур бор. Бирор жойда ахлат ташланганини кўрса, у ерни тозалаб қўйиш ўрнига устига яна чиқинди тўкади. Бу айрим одамларда экологик маданиятнинг етишмаслигидан, тарбиянинг кемтиклигидан. Шунинг учун ҳам чиқиндихоналарни тартибга келтириш қийин бўлаяпти-да.
БОБУРБЕК олган суратлар.