Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

27.09.2018


ПАХТА-ТЎҚИМАЧИЛИК КЛАСТЕРЛАРИ 4 ТАГА КЎПАЯДИ

Ҳужжатда таъкидланишича, жорий йил бошидан буён республикамизнинг 20 туманидаги 160 минг гектар ҳудудда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг кластер шаклига ўтилди. Натижада инвесторлар томонидан янги тизимни самарали ишга тушириш бўйича муҳим қадамлар ташланди. Жумладан, илғор агротехнологиялар ва услубларни жорий қилиш, сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш, замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси билан жиҳозлаш ҳамда пахтачилик тармоғига юқори малакали хорижий мутахассислар ва агрономларни жалб этишга доир кўплаб ишлар амалга оширилди. Бошқача айтганда, ушбу соҳада ҳам бозор муносабатлари амал қила бошлаши салмоқли сифат ўзгаришлари қилинишига кенг йўл очди.

Аниқ мисолларга тўхталадиган бўлсак, 2018 йил мавсумида майдонларни эгилувчан пластик қувурлар воситасида суғориш орқали 3 минг 163 гектар пахта майдонларида сувни тежайдиган технологиялар қўлланилди, сув чиқариш тизимлари ва ҳовузлар барпо этилди. Суғориш манбалари узоқ бўлган туманларда эса 225 та насос агрегати ўрнатилди. Кластерларга 1 минг 285 та турли қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилинди. Шунингдек, Туркия, Исроил, Бразилия ва АҚШ сингари ушбу жабҳада етакчи мамлакатларнинг пахта етиштириш бўйича муваффақиятли тажрибаси ўрганилди. Истиқболли лойиҳаларнинг ўз муддатида рўёбга чиқарилиши 4,3 мингдан зиёд киши бандлигини таъминлаш имконини берди. Қолаверса, яна кўплаб маҳаллий тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвесторлар мамлакатимиз минтақаларида замонавий пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлар ташкил этиш ташаббускорлари бўлиб чиқмоқда.

Албатта, мазкур ютуқлар янги тизим имкониятларидан янада унумли фойдаланишга ундайди. Шу мақсадда ҳукумат қарори билан кейинги йилларда ҳам кластер шаклларини жорий этишни давом эттириш кўзда тутилди. Жумладан, 2019 йилдан бошлаб республика минтақаларида ушбу тизим асосида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларини ташкил этиш таклифлари маъқулланди.

Аҳамиятлиси, келаси йилдан эътиборан мамлакатимиз ҳудудларида 300 минг гектардан зиёд майдонда 44 та кластер барпо этилади. Шунинг 4 таси эса вилоятимиз ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, Косон туманида фаолият кўрсаётган, бугунги кунда пахта толасини қайта ишлаб, ип-калава олишга ихтисослашган “Бунёдкор” масъулияти чекланган жамияти шундай истиқболли лойиҳани илгари сурган. Бунинг учун тадбиркорлик субъектига туман ҳудудидан 2 минг гектар ер майдони ажратиб берилади. Лойиҳани эса Миллий банк молиялаштиради.

Тўқимачилик саноатида узоқ йиллик тажрибага эга, Шаҳрисабз туманидаги “Оқ сарой текстиль” масъулияти чекланган жамияти ҳам бундан кейин кластер тизимида иш юритишга ўтади. Ушбу корхона Шаҳрисабз ва Қамаши туманларидан 12 минг 800 гектар ер билан таъминланади. Бу тадбиркорлик субъектига ҳам ўз ташаббусини муваффақиятли ҳаётга татбиқ этишда Миллий банк кўмаклашади. Бунинг негизида янги ташкил этилаётган субъектга “Оқ сарой кластер” номи берилмоқда.

Яккабоғ тумани ҳам кластер жорий этиш учун қулай ҳудудлардан бири сифатида танланган. Бу ҳудуддаги аксарият фермер хўжаликлари бозор муносабатлари асосида ўз фаолиятини давом эттиради. Кластер ихтиёридаги 6 минг 900 гектар майдонда пахта хом ашёси етиштирилиши мақсад қилинган. “Ипотека банк” асосий молияловчи тижорат муассасаси сифатида майдонга чиққан. Лойиҳани эса “Шаҳрисабз текстиль” масъулияти чекланган жамияти амалга оширади.

Иш бошлаганига унча кўп бўлмаган, Қарши шаҳридаги “Султон текс груп” масъулияти чекланган жамияти раҳбарияти ҳам фақат хом ашёни қайта ишлаш билан чекланмай, уни етиштириш жараёнида ҳам бевосита иштирок этишга хоҳиш билдирган. Бу корхонага Қарши тумани бириктирилган. Ҳудуддаги 10 минг гектар майдонда парваришлаб, йиғиб олинадиган “оқ олтин”га кластер доирасида ишлов берилади. Ташаббускорга Миллий банк ўз молиявий кўмагини тақдим этади.    Шундай қилиб, 2019 йил ҳосили учун вилоятимиздаги 31 минг 700 гектар майдонда пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш янгича тизимда бажарилади.

Яна бир жиҳати, хом ашёга дастлабки ишлов бериш ҳам кластер эгалари томонидан амалга оширилади. Ҳозирги пайтда уларнинг бунга тўла имконияти йўқлиги ҳисобга олиниб, жойлардаги пахта тозалаш корхоналари ҳамда пахта тайёрлаш пунктларининг бино ва иншоотларини муайян шартлар асосида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ташкилотчиларига баҳолаш қийматида сотиш таклиф этилди. Бунда тегишли тадбиркорлик субъекти ушбу объектларга инвестиция киритишни ва зарур миқдордаги маблағни 5 йил муддатда бўлиб тўлашни ўз зиммасига олади.

Мазкур шартлар асосида вилоятимиздаги “Шаҳрисабз пахта тозалаш” АЖ барча пахта тайёрлаш пунктлари билан “Оқ сарой кластер” эгалигига ўтказилади. “Шаҳрисабз текстиль” МЧЖга эса “Яккабоғ пахта    тозалаш” АЖнинг “Эсат” ва “Синнон” пахта тайёрлаш пунктлари берилмоқда. “Бешкент пахта тозалаш” АЖ ва унинг барча пахта тайёрлаш пунктлари келгусида “Султон текс груп” МЧЖ мулкига айланади.

Қарорга мувофиқ, кластерлар ишини самарали ташкил этиш юзасидан бир қатор вазифалар ҳам белгиланди. Жорий йилнинг 1 октябригача янги тизимга ўтадиган фермер хўжаликлари рўйхати аниқланади. Улар пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлар ташкилотчилари билан 2019 йил пахта хом ашёси ҳосили учун контрактация шартномаларини тузади. Шунингдек, фермер хўжаликлари томонидан олинган мажбуриятлари бажарилмаслиги сабабли бўшайдиган ер майдонларидан фойдаланиш ҳуқуқи пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ҳамда кластерлар ташкилотчиларига белгиланган тартибда берилиши мумкин. Фақат улар бу майдонларда сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиб, томчилатиб суғоришнинг замонавий тизимини босқичма-босқич жорий қилиши шарт. Қарорда 2019-2023 йилларда юртимиз пахтачилигида ушбу амалиётга жадал ўтиш бўйича яқин орада махсус дастур ишлаб чиқилиши ҳам кўзда тутилган. Бундан ташқари, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларини ташкил этишнинг кластер шакллари доирасида ерлардан самарали фойдаланилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатилади, бу ишни Бош прокуратура амалга оширади.

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ташкилотчилари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги “Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда назарда тутилган қоидалар ва шартлар асосида фаолият кўрсатади. Ҳукумат қарорига асосан пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлашни ҳисобга олишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам таклифларни ишлаб чиқиш белгиланган.

Мамлакатимизда пахта хом ашёсини етиштиришдан тортиб қайта ишлашгача бўлган барча жараённи бир занжирга бирлаштиришни кўзда тутувчи кластер тизимини кенг оммалаштиришдан бир қанча ижобий натижалар кутилмоқда. Аввало, қишлоқ хўжалигининг бу тармоғида давлатнинг бевосита иштироки камаяди, фақат солиқларни ундириш билан чекланади. Ҳосил чўғи, маҳсулот сифати учун жавобгарлик ўз-ўзидан етиштирувчи ва тайёр товар ишлаб чиқарувчи зиммасида бўлади. Албатта, жараён иштирокчилари барча самарали ресурсларни ишга солиб, кичик бир имкониятдан ҳам юқори натижа чиқаришдан манфаатдорлик сезади, борини бериб ишлайди. Бу эса пахтачилик тармоғида бозор механизми, иш юритишнинг замонавий услублари кенг қўллана бошланганини англатади. Муҳими, бу амалиёт дунё тажрибасида синовдан муваффақиятли ўтган ва ҳозирги пайтда юксак самаралар бермоқда.

М.ШУҲРАТОВ

Саҳифа суратларини Собир НАРЗИЕВ олган.

Report typo