Covid-19 пандемияси даврида сайёрадаги энг бадавлат ўн кишининг умумий бойлиги миқдори икки бараварга - 700 миллиард АҚШ долларидан 1,5 триллион долларгача ўсди. Бу ҳақда "Oxfam" нотижорат ташкилотининг ҳисоботида сўз борган.
"Forbes" маълумотларига кўра, дунёдаги энг бой ўн киши рўйхатига Илон Маск, Жефф Безос, Билл Гейтс каби АҚШнинг тўққиз нафар фуқароси ва франциялик Бернард Арно ва унинг оиласи киради.
Ҳисобот тайёрлаш учун ташкилот экспертлари 2020 йилнинг март ойидан 2021 йил ноябригача бўлган даврни ўрганиб чиққан.
"Oxfam International" ижрочи директори Габриэла Бухернинг сўзларига кўра, айтилаётган 10 нафар сармоядор дунёдаги энг камбағал 3,1 миллиард одамникидан олти баробарга кўпроқ бойликка эгалик қилади.
Таҳлиллардан кўринишича, агар энг бой ўнлик кунига бир миллион доллардан сарфласа, жами бойликларини сарфлаш учун 414 йил керак бўларкан. Шу билан бирга, пандемия даврида сайёра аҳолисининг 99 фоизи даромади камайган. 160 миллиондан ортиқ одам турмуши қашшоқлик ёқасига келиб қолган.
"Oxfam" ҳисоб-китоблари "Forbes"нинг ўтган йилги миллиардерлар рейтинги, шунингдек, Credit Suisse ва Жаҳон банки маълумотларига асосланган.