Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДА ҚАРШИ ШАҲРИДАГИ 2492 ТА КОРХОНА ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТГАН

Н.ХЎЖАЕВ

16.06.2020


ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДА ҚАРШИ ШАҲРИДАГИ 2492 ТА КОРХОНА ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТГАН

Брифинг

Коронавирус пандемияси шароитида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қандай ишлар қилинди?

Карантин чекловлари сабаб вилоят марказида қанча киши ишсиз қолди?

Субсидия асосида шаҳарда неча кишига уй берилади?

Мазкур саволларга Журналистлар уйида Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев иштирокидаги брифингда алоҳида тўхталиб ўтилди.

- “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Қарши шаҳрида ҳомийлик ва хайрия ёрдамларини мувофиқлаштирувчи марказ ташкил қилиниб, 3210 та оилага 561 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди, - деди Нормўмин Холбоев. – Қолаверса, бу хайрли ишдан тадбиркорлар ҳам четда турмади. Мисол учун, “Нахшаб антиқа савдо” МЧЖ, “NR Construction and Design” корхонаси 50 тадан оилани, “Чилонзор парранда маҳсулот” МЧЖ 40 та оилани уч ой давомида оталиққа олиш ташаббуси билан чиқди.

Қайд этилишича, карантин жорий қилингунга қадар Қарши шаҳрида 1454 нафар ишсиз фуқаро рўйхатга олинган бўлса, карантин шароитида ишсизлар сони 4854 нафарга етди. Манзилли ишлар асосида уларнинг 1861 нафари бандлиги таъминланди.

Қарши шаҳрида карантин эълон қилингунга қадар юридик шахс мақомидаги 4177 та тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатган ва карантин даврида 2492 та корхона фаолиятини тўхтатган.

Президентнинг 2020 йил 19 мартдаги фармони билан берилган имтиёз ва имкониятлар натижасида фаолияти тўхтаб қолган субъектларнинг 2092 таси иши санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда тикланди ва улардаги 15 минг 415 ходим ўз ишига қайтди. Ҳозирга келиб иши тўхтаб турган бошқа корхоналар ҳам тўлиқ ўз фаолиятини бошлади.

Тадбир давомида ОАВ вакиллари томонидан Ерқўрғон бозорида бажарилаётган ишлар, Одина масжидида ҳунармандлар бозори фаолияти қачон йўлга қўйилиши, йўл, ичимлик суви таъминотига оид масалаларда саволлар берилди.

Маълумки, даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида субсидия берилади. Брифингда айтилишича, Қарши шаҳрида 251 киши шундай имтиёзга эга бўлади.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo