Жорий йилнинг биринчи ярмида Шўртан газ-кимё мажмуасида табиий газни қайта ишлаш, газ конденсати, суюлтирилган газ, полиэтилен, олтингугурт ишлаб чиқариш белгиланган режага нисбатан ортиғи билан бажарилган. Ушбу йирик корхонада айни пайтда 3800 дан зиёд ишчи-ходим фаолият олиб бормоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, мажмуанинг ишлаб чиқаришдаги самарадорлигини сақлаб қолиш ва узлуксизликни таъминлаш мақсадида “Ишчилар шаҳарчаси” қурилиши бошланди. Бу ҳақда жамият матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Ишчилар шаҳарчаси” жами 607 ўринга мўлжалланган бўлиб, шундан 400 ўринли 48 та хонадон, 117 ўринли битта ётоқхона, 60 ўринли меҳмонхона, 30 ўринли 2 та коттеж қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди. Қолган ишчи-ходимларнинг вахта режимида ишлаш борасидаги хоҳиш ва таклифлари инобатга олиниб, қўшимча 300 ўринли енгил конструкцияли ётоқхоналар қурилиши бошланди.
Шўртан газ-кимё мажмуаси томонидан амалиётда илк бор 400 нафар ходим баравар вахта режимида ишга жалб қилинди ва бу синов-тажриба ўз самарасини берди. Ишчи-ходимлар иш бошлашдан аввал, коронавирусга тест топширишади ва натижа маълум бўлгач, ишни бошлайдилар. Вахта режимида эса улар тўлиқ изоляция ҳолатида бўлишади.
Туну кун хизмат кўрсатувчи поликлиникада 50 нафар тиббиёт ходими хизмат кўрсатади. Санитария-эпидемиологик осойишталик марказидан олинган рухсатномага асосан эса эпедимиологик вазиятни назорат қилиш учун коронавирусга тест олиш лабораторияси ташкил қилинди.
Қайд этиш лозим, Шўртан газ-кимё мажмуаси томонидан 2020 йилнинг январь-июль ойлари учун экспорт кўрсаткичлари муваффақиятли бажарилиб, белгиланган 11,7 минг тонна полиэтилен экспорт қилиш режаси 17,122 минг тонна миқдорида уддаланди.
Бундан ташқари, корхона томонидан жорий йилнинг июль ойида маҳаллийлаштириш дастури доирасида томчилатиб суғориш тизими полимер қисмлари ишлаб чиқариш бўйича, умумий қиймати 3 миллиард 454 миллион сўмлик импорт ўрнини босувчи харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.