Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Нуриддин ЭГАМОВ

31.07.2017


“ПАРДОН”, ... “ПАРДОН” АКА...

Аслида орзуга айб йўқ, қуён боқиш билан шаҳарлик қайнотасига нималарга қодирлигини кўрсатиб, бир вагон совға-салом билан бир пайтлар ўзини назар-писанд этмаган “хотин уруғи”нинг оғзини ланг очиб қўймоқчи бўлган жўрангиз Ҳасан дўхтир ҳам, “Интурист”даги оғайниларингиз кўмагида шаҳарда сайёҳларга гид бўлиб ишлашни хаёл қилган Сиз ҳам ўзингизча ҳақсиз.

Нафсиламрини айтганда, нима қипти, дўхтир одам қуён боқса – пешана тери билан пул топмоқчи бўпти, ўғирлик қилмапти, беморининг қўлига қарамапти, Сойиб буванинг чипқонига малҳам босишу гаровга ишқибоз мижоз Турсунбойга бонка қўйишдан ортиб, аслида диссертация учун тажрибага деб олинган, кейин “фаровон ҳаёт” орзусида кўпайтирилган “шалпангқулоқ”ларининг олдига ҳаллослаб югурипти, ишлатса, шундоқ ҳам таътилда бекорчиликдан зерикиб, Санобар билан кинома-кино, кўлма-кўл “лақиллаб” юрган талаба жияни Каримни ишлатибди, қайтага унда замонавий тил билан айтганда “тадбиркорлик кўникмаларини шакллантирибди”, шунга ҳам “ота гўри қозихона”ми?! Шундоқ одам фильмда Карим таъна қилганидек “олибсотар, бадном, юлғич, виждонсиз, худбин, нобакор” бўладими?

Аслида иккалангиз ҳам сал илгарироқ туғилиб қўйгансизларми, дейман-да, “оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди” деб армон қилиб юрмасдингиз, ўша ғайрат-шижоатингизни бугун енг шимариб сарфлаганингизда сизлардай ишбилармон одамларни елкангизга қоқиб, “отангизга раҳмат!”, деб тўрдан-тўрга ўтказишармиди?

Қанийди, ўша Ҳасан дўхтирнинг “эчки қасам” ичган айрим ҳамкасблари ўзи шундоқ ҳам дард исканжасида тутдай тўкилиб турган хаста мардумнинг “нарху наво”сини эмас, малҳаму давосини ўйласаю, нафс доғидан кирланган оқ халатини ечган кезлари рўзғорининг кам-кўстини жўрангиз сингари эчкими, товуқми боқиш, ажриқ босиб ётган томорқасида бодрингми-шолғомми етиштириш орқали тўлдириш ҳақида бош қотирса...

Қанийди, “Пардон” ака, бугун Сиз каби устаси фаранг “тил билгич”лар туризм борасидаги имкониятлари бой жаннатмонанд ўлкамизга сайёҳларни жалб қилиш ишига ҳисса қўшиш, шу орқали юртига ҳам, чўнтагига ҳам  валюта олиб кириш орзусида ёнса...

* * *

Узр, Устоз, бир оз чалғиб кетдим. Аслида бошқа баҳона билан Сизга мактуб ёзишга чоғлангандим. Боиси, “бошдан ўтказган табиб”, деганларидек, Сиз бу борада менга яхши дардкаш бўласиз, деб ўйладим.

Шаҳарга кетишга отланган пайтингиз, Ҳасан жўрангизнинг хонадонида, ўчоқбошида “қизишиб” олганингиздан кейин айтган гапларингиз ёдингиздами? Ҳамон бу сўзлар қулоқларим остида жаранглаб турибди: “Энди илм-маърифат йўлида қандай фойдали иш қилдим – билмайман, талабаларим эртага Мопассанни француз тилида ўқишадими-йўқми, лекин “Пардон ака” деган унвонга ҳалол эга бўлдим”.

Ҳа, бу УНВОНни ҳалоллаб олдингиз. Болаларни тоққа обчиқиб, сайр қилдириб, кўлда чўмилтириб, машинада айлантириб, қирдаги ҳар бир гулнинг фарангча номини бўғинлаб, ҳижжалаб ўргатиб... уларни ҳар дам соғиниб, минг бир фароғат ичидаги ҳаётингизни мактабдаги “оддий муаллим”ликка алмашиб олдингиз. “Кетишингиз тантанаю қайтишингиз шалдироқ арава” бўлса-да, “бундоқ мазза яна қайда бор?”, – дея ўзингизни мана шу оддийгина ҳаёт оқимига отдингиз.

Бу мактубимга кўзи тушганлар “бу мухбир алжиб қопти, соғ бўлса, йўқ одамга ҳам хат ёзадими”, дейиши тайин. Бироқ Сиз мен учун шунчаки кинодаги Мурод Ражабов яратган образ эмассиз.

Мен Сизни болалигимда... кўрганман. Тўғриси, Сиздай фидойи “Пардон” акаларни кўп кўрганман. Қишлоқнинг энг бообрў одамлари эди улар. Давраларнинг тўри уларники эди. Тўй-маъракаларда раису “биргад”лар қаторида эъзозланарди. Кийинишдан тортиб, рўзғор тутишгача ҳаммага ибрат, хуллас, турган-битгани маданият эди улар. Биз мурғак болалар наздида улар шундай улуғ одам эдиларки, айтсам, куласиз, бир гал тўйда шўрва ичаётганларини кўрганимда анча пайтгача ҳайратланиб юрганим эсимда: “Тавба, маълим ҳам овқат ер экан-да...”.

Ишонсангиз, “Синф бурчаги”нинг “Ким бўлсам экан?” деган жойига ҳар икки ўқувчининг бири “ўқитувчи” деб ёздирардик. Ҳа, ҳар биримизнинг қалбимизга бир қатим бўлса-да, нур олиб кира олган муаллимларимиз бизнинг ИДЕАЛларимиз эди. Биз ҳам улардек катта шаҳарларда ўқиб, ҳамма ҳавас қиладиган КАТТА ОДАМлар бўлиб етишишни орзу қилардик. Назаримизда дунёда муаллимдан зўр одам йўқ эди...

Лекин... Кўнглингизга келмасину яқинда бир ўсмирдан эшитдим: синфдошлари олдида устозига катта бўлсам, ўқитувчи бўламан, деган экан, оғайнилари оғзига уришибди: “Э, бу аёлларнинг иши-ку...”

Сиз билмайсизми, Пардон ака, қачон муаллимликдай улуғ мартаба шу даражага тушиб қолди?

Мана бу рақамларга бир диққат қилинг-а: маълумотларга қараганда, биргина вилоятимизнинг кўпгина туманларида халқ таълими тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг 80-85 фоизи... аёллар экан. Ҳатто пойтахтимизда ҳам бу борадаги статистика юрагингизни ўртаб юборадиган аҳволда. Хўш, мактабларимиздаги шогирдларининг келажаги учун ёниб ишлайдиган “Пардон” акаларимиз қаерга кетди?

Мен фидойи муаллималаримиз меҳнатини асло камситмоқчи эмасман. Улар ҳар қанча таҳсину эҳтиромга муносиб. Бироқ тарбиядек энг оғир юмушни уларнинг зиммасига ташлаб қўйиш ҳам адолатдан эмас-ку. Ахир миллатнинг асл бекларини, белида белбоғи бор, ор-номусни жон қадар авайлайдиган, Ватани учун кўксини қалқон қилишга қодир эркакларни тарбиялаш фақат “аёлларнинг иши” эмас-ку...

* * *

Эзмаликка йўймасангиз, улуғларнинг шу мавзудаги фикрларидан икки оғиз келтирсам. “Шўро ҳокимияти ҳукм сурган кейинги 15-20 йил давомида мактаблару олий ўқув юртларида аёл ўқитувчиларнинг миқдори кескин кўпайиб кетди, – дея куюниб айтган эди “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” китобида буюк адиб Чингиз Айтматов. - Ҳозирги ёшлар болалар боғчаларида, мактабларда, олий ўқув юртларида асосан хотинлар қўлида тарбия олишаяпти. Эркак таъсирини сезмаган болалар, ўсмирлар беихтиёр аёл мураббийларнинг айрим сифатларига тақлид қила бошлайдилар. Ўз лафзидан қайтгандан кўра, ўлимни афзал деб биладиган ор-номусли эркаклар ўрнига тинимсиз маҳмадоналик қиладиган, фақат ўзининг ҳузур-ҳаловатини ўйлайдиган беномус эркаклар бемаза қовуннинг уруғидай кўпайиб кетди. Бу масала жамиятимиз учун жиддий муаммога айланди. Оқибат шундай бўлдики, ўзимиз истамаган ҳолда эркак билан аёлнинг асл вазифаси тўғрисида чўлтоқ тасаввурга эга бўлган авлодни вояга етказиб қўйдик.

Эркаклар нима учун ўқитувчи бўлишдан ор қиладилар? Бу саволнинг жавоби кундай равшан: биринчидан, бу касб эгалари эътибордан қолган; иккинчидан, маоши кам. Мисол учун, айтайлик, Олмония билан Францияда (ўйлайманки, Ғарбдаги бошқа тараққий этган мамлакатларда ҳам шундай) энг обрў-эътиборли касб эгалари деб ўқитувчилар, дўхтирлар, полициячилар ҳисобланади. Масалан, Англияда болалар боғчасига тарбиячи ёки мактабга ўқитувчи бўлиб ишга кириш учун жуда катта кўрик-танловда ғолиб чиқиш керак. Ниҳоятда адолатли йўл шу: бошқа иш қўлидан келмагани учун таълим-тарбия соҳасига тасодифан кириб қолган беғам кимсалар болаларнинг тарбияси билан шуғулланишини ота-оналар мутлақо истамайдилар.

Нафсиламрини айтганда, бир пайтлари Шарқда ҳам домла-муаллимлар бениҳоя ҳурматли зотлар каби эъзозланарди. Ҳозир-чи?!”

Афсуски, ҳозир ҳам бу мартаба билан тўрга чиқиб бўлмайди (агар собиқ синфдошлар учрашувларидаги хуш-нохуш базмларни ҳисобга олмаганда). Шу ўринда беихтиёр раҳматли Ҳожибой қизиқнинг “Ўқитувчиларми, чиқар меҳмонхонадан, тракторчилар келаяпти” деган аччиқ заҳархандаси ёдингизга тушаверади...

Беш қўлдай аён-ку бу ҳақиқат, аслида ўша тракторчилару фермерлар, тадбиркору банкирлар, мансабдору мансабсизлар, нишондору нишонсизлар... ҳамма-ҳаммасига “минг ранж ила” ҳаёт ҳарфларини ўргатган Сизлар “оддий муаллим” деб камситилиб келинган “Пардон ака”лар эмасми? Дарвоқе, оддий деган “олий мақом” нега доим Сизнинг мартабангизга ҳуда-беҳуда ёпиштирилаверади ўзи? “Оддий прокурор”, “оддий банкир”, “оддий солиқчи” деб кўринг, қани, ақалли тилингиз қовушармикан?!

Қизиқ, негадир энг яхши тадбиркор, фермер, ҳунарманд, спортчи, ҳатто ҳамширалар танловларига олий соврин сифатида машина қўйиладию, энг яхши ўқитувчига келганда бу ҳиммат унутилади?

Машинаниям қўя туринг, елкасига ўзининг минг бир ташвишидан ташқари яна “бепул тасаддуқ” минг бир вазифа юклаб ташлангани боис ҳам севимли ишини ташлаб кетмаяптимикан муаллимларимиз?

* * *

“Кетишим тантанаю қайтишим шалдироқ арава бўлди” девдингизми, “Пардон” ака? (Ўшанда ҳам Ҳасан дўхтир ортингиздан қулоғингизни “қизитиб” қўйганди: “Шунча йил юриб-юриб, топгани чемоданига ёпиштирган тўртта расм бўпти-да”, деб). Сизники ҳали ҳолва экан. Бу ёғини эшитинг.

 Россияда ишлаб қайтган бир қишлоқ муаллимининг (дарвоқе, у    институтни ҳам ўша томонларда тугатиб келганди) ҳасрати ёдимга тушиб кетди: “Э, у томонларда топган пулингиз ҳам, кўрган кунингиз ҳам қуриб кетсин, – зорланганди у. – Бир бойваччанинг ўрмондаги дачасида қоровул бўлиб ишладим. Бу дача деганларига ойлаб ҳам инсон зоти қадам қўймас экан. Ҳайҳотдек ҳовлида бир ўзим. Робинзондан сира фарқим йўқ. Мактабда болаларнинг чуғур-чуғурига ўрганган эмасманми, портлаб кетишимга сал қолди. Ҳали ёнимдаги овчарка ит билан, ҳали ўрмондаги қушлар билан гаплашаман...”

Илму заковатда академикларни-да доғда қолдирадиган салоҳиятга эга бўлиб туриб, севимли касбини ташлаб, устачилик, қассоблик, таксичилик, мол бозорида даллоллик... қилиб юрган устозларимни кўрганимда негадир юрагим зирқирайди...

* * *

Бугун Юрт раҳбари қайта-қайта жон куйдириб уқтираяпти: “Ўз болангни ўзинг асра” деб.

Бугун қуш учса оёғи куядиган Шом саҳроларида нима қилаётганини ўзи ҳам билмай, қурол кўтариб юрган манқуртлар сафида ўзимизнинг болаларимиз ҳам борлиги юракларимизни ёмон ачиштираяпти. “Нега улар шу манфур йўлга кирди, уларга нима етмади?” каби саволларимиз билан минг бир жойимизни узиб олсак-да, юрак дардимизга малҳам топишимиз мушкул.

Ич-ичимиздан Президентимиз уқтираётган аччиқ ҳақиқатни эътироф этамиз: “тарбия, тарбия ва фақат тарбия...”

Тарбиячиларимиз эса...

“Ўқув даргоҳларида қизларимиз учун махсус тўгараклар ишлаб турибди, аммо ўғил болаларга-чи? – дейди Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Бўстон Раҳмонова. – Ахир жуда кўп иллатлар аксарият ҳолларда ўғил болалардан чиқаяпти-ку. Уларнинг тарбиясида фақат спорт машғулотлари етарлимикин? “Белбоғли йигитлар”, “Мард ўғлонлар” сингари тўгараклар очиш вақти етмадими? Машғулотларни (бошқа кўпгина дарсларни ҳам) эса албатта эркак ўқитувчилар олиб бориши шарт. Оилада отанинг ўрни қандай бўлса, таълим даргоҳида эркак ўқитувчиларнинг ўрни шундай. Афсуски, бугун кўплаб мактабларимиз асл эркакча таълим-тарбия нималигини кўрсатиб қўядиган эркак муаллимларга муҳтож...”

* * *

Ҳа, “Пардон” ака, бугун мактабларимизга Сизлар кераксиз. Жуда-жуда кераксиз! “Кўзимни юмсам, қулоқларимга мана шу чурвақаларимнинг “Пардон” ака, “Пардон” ака, деб чуғурлаб юрганлари эшитилади”, “Қочоққа ўхшаб қолмадиммикан?!”, дейдиган ФИДОЙИЛАР керак!

 “Пардон ака” деган унвонга ҳалол эга бўлган, муқаддас касби масъулиятини теран англайдиган, бу табаррук бурчни тирикчилик йўлига асло қурбон қилмайдиган, юрагида ўти бор, асл зиёли МУРАББИЙЛАР сув билан ҳаводек зарур!

Кўзимизнинг оқу қораларига Ватан нималигини, эрку озодлик нелигини, ор-номус ва бурч, мардлик, садоқат ва жасорат, эркакчилик нималигини эркакча қилиб уқтиришга қодир МУАЛЛИМЛАР зарур!

Сизни соғиндик, Устоз!

Гапларим бир оз оғирроқ ботган бўлса, минг бор узр, э, кечирасиз, “пардон”, “Пардон” ака...

Нуриддин ЭГАМОВ

Report typo