Парижда бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари ташкилотчилари мусобақа майдонларида спиртли ичимликлар ичишни тақиқлайди, дея хабар берган Parisien манбаси. Қайд этилишича, фақат VIP тоифадаги билетлар соҳибларига бу тақиқ таъсир қилмайди.
“Агар 2024 йилги Олимпия ўйинларининг оддий томошабини узоқ кутилган финални кўриш учун ўз ўрнини эгаллашдан олдин бир қадаҳ пиво ёки вино ичиб олишни режа қилган бўлса, унинг ҳафсаласи сўнган бўлиши мумкин. Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси алкоголли ичимликлардан воз кечишга қарор қилди”, дейилади хабарда.
Спорт тадбирларида алкоголь брендлари номларидан фойдаланишни тақиқлашга оид Франция миллий қонуни Парижда ўтадиган тўрт йилликнинг энг йирик турнирида спиртли ичимликлардан воз кечишга сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, олдинда турган олимпиада мусобақалари роппа-роса бир йилдан сўнг бошланади.