Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси аъзолари, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, партия фаоллари, бошланғич партия ташкилотлари раҳбарлари ва ёшлар иштирок этди.
Маълумки, мустақиллик йилларида ўзбек миллий парламентаризмида парламент назорати соҳасида ҳам ўзига хос тажриба тўпланди. Мазкур институт мамлакатимиз парламентининг икки палатали шаклда фаолият юрита бошлаганидан сўнг янада такомиллаштирилди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда парламент назорати институтига конституциявий мақом берилиши нафақат қонунларнинг сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилаяпти, балки жамиятимизда демократияни тўла-тўкис қарор топтиришда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг роли, сиёсий партиялар фракциялари иштирокининг янада кучайишга ҳам кенг йўл очаяпти.
- "Парламент назорати тўғрисида"ги Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуқодир Тошқулов, - мазкур ҳужжат қабул қилинган қонунларнинг ижро этилиши даражасини ўрганиш, уларнинг амалиётда қўлланилишига салбий таъсир этувчи объектив ва субъектив омилларни аниқлаш, мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш, тегишли қонунларга назорат-таҳлил натижаларига асосан ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш асносида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мансабдор шахслар ҳамда фуқароларнинг қонун нормаларига сўзсиз амал қилиш масъулиятини оширишда муҳим дастуриламал бўлаяпти.
Тадбир очиқ мулоқот, савол-жавоб руҳида ўтди.
Х.ҚИЛИЧЕВА