Таъкидлаб ўтиш жоиз, бугунги кунда вилоятимизда 1 минг 321 та маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, археология ёдгорликлари 135 тани ташкил этади.
Партия фаоллари дастлаб Харамжўй маҳалласидаги тарихда номи қайд этилмаган, XVII асрнинг 50-60 йилларида қурилиб, 2000 йилда қулаб тушган масжид ўрнини бориб кўрдилар.
Айтишларича, халқ орасида Равшан косиб номи билан танилган киши томонидан қурилган бу масжид ўз даврида мадраса вазифасини ҳам ўтаган. Кўплаб кишилар бу ерда диний ва дунёвий илмлардан сабоқ чиқарганлар. Масжидда аҳоли вакиллари жамоа бўлиб намоз ўқишган. Бир қаватдан иборат бино икки қисмдан ташкил топиб, тўрт гумбазли шаклда бўлган.
- Масжид ичкарисининг ёзда салқин, қишда иссиқ бўлиши одамларга хуш ёққан, - дейди меҳнат фахрийси Ҳазратқул бобо Ҳайдаров. - Бу обида шунингдек, иккинчи жаҳон уруши йилларига келиб омборхона вазифасини ўтаган.
Чақар маҳалласи ҳудудидаги Шарофбой мадрасаси XV асрга оид бўлиб, ўз даврида бу ердан кўплаб илм-зиёли кишилар етишиб чиққан.
Айни пайтда қаровсиз ҳолга келиб қолган мадраса пишиқ ғиштдан барпо этилган бўлиб, икки сотихдан ортиқ майдонни эгаллаган. Ҳовли сатҳи жуда кичик бўлиб, тўрт томонида 12 та ҳужра мавжуд.
Шу куни, мазкур маҳалла ҳудудидаги яна бир обида - Чақар масжиди ҳам кўздан кечирилди. Масжид XVIII асрга оид бўлиб, умумий майдони уч сотихдан ортиқни ташкил этади. Ичкари қисми икки қатор устунлардан ташкил топган. Бироқ, узоқ йиллар давомидаги қаровсизлик бинони эски ва ташландиқ ҳолатга келтириб қўйган.
Ўрганиш натижаларига кўра, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, мазкур маданий мерос объектларини таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш, уни келажак авлодларга етказиш бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилади.
Шаҳноза ҚАҲҲОРЗОДА,
ЎзМТДП вилоят кенгаши матбуот котиби