Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

30.06.2018


ПАСПОРТ АЛМАШТИРИШГА ҲАММА УЛГУРИШИ МУМКИНМИДИ?

Хўш, шундай экан, вилоятимизда фуқароларни биометрик паспорт билан таъминлаш масаласи тўлиқ ҳал этилдими? Бу вазифа қай даражада уддаланди?

Шу ўринда айтиш керакки, янги намунадаги паспорт тизими 2011 йилнинг январидан жорий этилди. Аввалига 2015 йилнинг декабригача янги паспорт олиш жараёни тугалланиши лозим эди. Бироқ мавжуд ҳолат бунга улгуришнинг имконсиз эканини кўрсатди. Кейин эса тегишли муддат  2018 йил 1 июлигача узайтирилди. Турган гапки, 7 йил жараённи самарали ниҳоялаш учун кам фурсат эмас. Негадир шу ҳам етмади. Таассуфки,  1 июлдан сўнг ҳам орамизда ҳали эски намунадаги паспортини биометрикка алмаштирмаганлар сони кўп бўлади.

Мавжуд рақамлар ҳам шуни кўрсатиб турибди. Статистикага кўра, 2018 йил 1 январь ҳолатида вилоятимиз аҳолиси 3 миллион 25 минг 636 нафарни ташкил этган. Шундан16 ёшдан ошганлар 2 миллион 51 минг 372 нафарга етган. Демак, шунча фуқаро паспорт олиш ҳуқуқига эга. Вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан шу йилнинг 8 июнь ҳолатида тақдим этилган маълумотда келтирилишича, вилоятимиз аҳолисининг 1 миллион 785 минг 948 нафари, яъни 87,1 фоизи биометрик паспорт олиб улгурган. Ўз-ўзидан аёнки, қолган   12,9 фоиз (265 минг 424 нафар) фуқаро бу ҳужжат билан таъминланмаган. Албатта, бунча одамга 20 кун ичида янги паспорт тарқатиб улгурилмагандир. 7 йилда битмаган ишнинг шу қисқа фурсатда ниҳоя топишига ишониш ҳам қийин. 

- Яна 98 минг 341 нафар фуқаро яқинда биометрик паспортга эга бўлади, улардан зарур ҳужжатлар қабул қилинган, - дейди вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси катта инспектори Улуғбек Сафаров. - Давлат ташкилотларида ишловчи, шунингдек, шахсини тасдиқловчи ҳужжатдан тез-тез фойдаланувчи ва четга чиқувчи фуқаролар деярли биометрик паспорт олиб бўлишган. Бу амалиётдан ҳамон четда қолаётганларнинг асосий қисмини чўпонлар, уйда ётиб қолган ва моддий таъминоти оғир фуқаролар, кексалар ташкил этади.

Дарҳақиқат паспортга ҳадеганда иши тушмайдиганлар, ногиронлиги бор кишилар, кексалар "паспортстол"га боришни ортга суриб юришган ёки бунга имкони йўқ. Чироқчи тумани Ободон қишлоғида яшовчи 90 ёшли Хадича момо Пардаева ҳам қарилик сабаб буни ортга сураётганди. Бунинг устига рўзғор катта, маблағ орттириш қийин. Паспортни алмаштирмаса, пенсия ололмайди, деган гап эшитиб, қари ҳолида 35-40 километр йўл босишга мажбур бўлди. Аммо унга ўхшаганларнинг ҳаммаси ҳам биометрик маълумотларни йиғиш пунктларига шахсан ўзи кела олмайди. "Паспортстол"дагилар ҳам улар томон ошиқаётгани йўқ. Ваҳоланки, вилоятимиздаги "паспорт ёши"да бўлганларнинг 195 минг 198 нафарини 60 ёш ва ундан ошганлар ташкил этади. Ҳеч қурса, улар учун сайёр қабуллар тизимли ташкил этиб борилганда эди ҳозирга келиб жараён анча енгиллашган бўларди. Ахир "паспортстол"ларда айни дамда кузатилаётган тирбандликлар бежизга эмас.

- Имконияти чекланган, кекса инсонлар учун бир қадар қулайликлар яратилди, - дейди Улуғбек Сафаров. - Ёзма ва оғзаки мурожаатлар асосида тегишли фуқароларнинг рўйхати шакллантирилди. Бундан ташқари, "Профилактика куни" тадбирларида ходимларимиз хонадонма-хонадон юриб, шу тоифадаги шахсларни аниқлашди ва уларнинг рақамли фотосурати ва бармоқ изларини тушириб олиб келишди. Бу дегани, муддат ўтса-да, рўйхатга киритилган ушбу фуқаролар жавобгарликдан холи бўлади.

Қачон, қайси маҳаллада, неча киши қамраб олинди бу тадбирлар доирасида? Бу саволлар эса очиқ қолмоқда.

Яна бир оғриқли нуқта. Айрим аҳоли пунктлари туман марказидан анча узоқда. Мисол учун, Деҳқонободдаги Ойбек, Оққишлоқ, Торғарчиғай, Сарчашма маҳаллалари аҳли 130 -180 километр йўл юриб, марказга қатнаши керак. Вақт, катта маблағ сарфини ўйлаб, барча ҳам бунга ҳафсала қилмайди. Ҳафсала қилиб келганининг эса иши бир мартада битса яхши, аксинча яна сарсон бўлади, пул йўқотади.

Бошқарма масъулининг билдиришича, вилоятимиз бўйича биометрик маълумотларни қайд этувчи 27 та аппарат бор. Шундан 23 таси стационар бўлса, қолгани мобиль аппарат. Яъни уни бирор жойга кўчириб олиб бориш мумкин. Ушбу имкониятдан оз бўлса-да, фойдаланилган. Шу мақсадда Деҳқонобод туманининг чекка тоғли ҳудудида бир ҳафта сайёр қабул ташкил этилган. Асосийси, бунинг самарасида тумандаги биометрик паспорт олмаган фуқаролар салмоғини аввалги 23,8 фоиздан 7,7 фоизга камайтиришга эришилган. Худди шундай тадбир бироз аввал Чироқчи туманидаги Чиял қишлоғида "Обод қишлоқ" дастури доирасида амалга оширилди. Ҳудудга тегишли мутахассислар зарур аппаратура билан жалб қилинди. 45 кун давомида қанчадан-қанча киши шу ернинг ўзида биометрик паспорт олиш учун маълумот топшириш имконига эга бўлди.

Яна савол туғилади: имконият бор экан шу амалиёт нега аввал бошдан кенг йўлга қўйилмади? Агар қўшимча кучлар сафарбар этилганда, айни дамда фуқароларнинг янги паспорт билан таъминланганлик даражаси анча яхши бўларди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, 4 та мобиль аппарат ёрдамида мунтазам имконияти чекланган аҳоли яшовчи манзиллар, маҳалла ва қишлоқларга борилиб, кишилардан паспортини алмаштириш учун зарур ҳужжатлар тўпланса, ҳозир бу борада мақтанса бўладиган рақамларни айта олардик.

Қолаверса, айрим фуқаролар вақти, имконияти бўла туриб ҳам паспорт алмаштиришни пайсалга солгани бор гап. 1 июлдан кейин эски паспорт ҳақиқий ҳисобланмаслиги, унинг эгаларига қонуний асосда жарима қўлланиши мумкинлигини билгач, кўпчилик энди ҳаракатга тушганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Хуллас, мана шу ҳолатлар тўғри ҳал этилганда эди, эски паспортни алмаштиришга ҳамма вақтида улгурган бўларди, дея ишонч билан айта оламиз.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo