Энди юқоридаги масалаларнинг ҳуқуқий асосларини кўриб чиқайлик. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масаласи 1992 йил 2 июлдаги "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонун билан белгиланади.
Мазкур қонуннинг 17-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида камида беш йил доимий рўйхатда туриб, истиқомат қилган фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш масаласида расмий мурожаат қилишлари мумкинлиги кўрсатиб қўйилган. Белгиланган тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилувчи шахс қуйидаги шартларни бажариши лозим:
1) чет эл фуқаролигидан воз кечиши;
2) сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаганлик. Ушбу қоида Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахсларга, башарти улар шу ерда туғилган ва ҳеч бўлмаса ота-онасидан бири, бувиси ёки буваси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туғилганини ва бошқа давлат фуқароси эмаслигини исботласа, тааллуқли бўлмайди;
3) қонуний тирикчилик манбаларининг мавжудлиги;
4) Ўзбекистон Республикаси Конституциясини тан олиши ва бажариши.
Бугунги кунда фуқаролик бериш тўғрисидаги мурожаатларга кўра, вилоят бўйича 6 нафар (республика бўйича 179 нафар) шахс Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.
Бош қомусимиз 93-моддаси 22-банди, "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонун 17- ва 30-моддаларига кўра ушбу йўналишдаги ишлар давом эттирилади.
Юқоридагиларга кўра, шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш учун яшаб турган манзилидаги ички ишлар идораларига белгиланган тартибда мурожаат этиши мумкин. Бунинг учун қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:
- Ўзбекистон Республикаси Президенти номига илтимоснома;
- белгиланган тартибдаги ариза-сўровнома;
- фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномаси нусхаси;
- батафсил ёзилган таржимаи ҳол;
- қонуний яшаш манбаи тўғрисида, яъни иш жойидан ойлик маоши миқдори кўрсатилган маълумотнома;
- яшаш жойидан жон сони тўғрисида маълумотнома;
- белгиланган миқдорда давлат божи (энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида);
- 3,5х4,5 сантиметр ҳажмда 6 дона расм.
Кўрсатилган ҳужжатларнинг ҳар бири икки нусхада бўлиши шарт.
Қайд этилган ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш ҳақидаги мурожаатларни кўриб чиқиш учун тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига юборилади ва Президент ҳузуридаги фуқаролик тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқувчи комиссия қарорига асосан ҳал этилади.
Паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик масаласи бўйича эса шуни айтиш мумкинки, 2016 йил 25 апрелда Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 223-моддаси 1-қисми санкциясидаги "бир бараваридан уч бараваригача миқдорда" деган сўзлар "уч баравари миқдорида" деган сўзлар билан алмаштирилиши қайд этилган ва ушбу қонун 2016 йил 26 апрелдан эътиборан расман кучга кирган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 33-моддаси талабига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарликни кўриб чиқувчи бошқа орган (мансабдор шахс)нинг жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун ишни ушбу кодекснинг 3081-моддасида белгиланган тартибда судга юбориши белгиланган.
Демак, паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарима тўлаш имконияти бўлмаган шахслар яшаш манзилидаги ИИБ паспорт бўлинмасига мурожаат қилиб, оилавий шароити ва моддий аҳволи ушбу жаримани тўлашга етарли эмаслиги ҳақидаги маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган маълумотнома ва маҳалла фаоллари иштирокида тузилган далолатномани тақдим этишлари лозим бўлади.
Биометрик паспорт олиш масаласида эса қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:
Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти 16 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига расмийлаштирилади. Бунинг учун фуқаро ўзи яшаб турган манзилдаги ички ишлар идораларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:
- белгиланган тартибда ариза;
- туғилганлик тўғрисида гувоҳнома (биринчи марта олиш чоғида);
- алмаштириш учун илгари олинган фуқаролик паспортининг асл нусхаси;
- яшаш манзилидаги маҳалла фуқаролар йиғини томонидан маълумотнома;
- белгиланган тартибда давлат божи (энг кам иш ҳақининг ярим баравари);
- зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи асосли ҳужжатлар.
Фуқароларнинг яшаш манзилларида вақтинча ёки доимий қайддан ўтмасдан яшашлари эса белгиланган тартибда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддаси талабларига кўра, энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Шу сабабли паспорт рўйхатидан ўтиш тўғрисидаги мурожаатларда тегишли тартибларга амал қилиш лозим. Доимий қайд эттириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари паспорт хизматларига турар жойни сотиб олиш ҳақида шартнома ёки тегишли органлар томонидан берилган ордер; 3-шакл бўйича ариза; паспорт; давлат божи тўлангани ҳақидаги квитанцияни тақдим қилишлари белгилаб қўйилган.
Б.ЎКТАМ тайёрлади.