- Ким бўларди, терговчи қайтариб берди. Мен аввалги терговчи ва суд томонидан нотўғри айбдор деб топилган эканман. Ишимни қайта тергов қилган янги терговчи айбингиз йўқ экан, ишингиз ҳам ёпилди, деб хат берди, мана ўқиб кўринг, - эътироз билдирди Азам Ширинов.
Аммо ёшгина лейтенант ҳам бўш келмасди.
- Ўша терговчи бекорларнинг бештасини айтибди. Мана, Нишон туман ИИБ ва вилоят ИИБ паспорт бўлимларининг биргаликда тузган хулосаси, уни "катта"нинг ўзи тасдиқлаган. Бу хулоса нусхаси сизга нисбатан жиноят ишида ҳам турибди, терговчи ишни ёпса ёпаверсин, ҳали бу хулосани ҳеч ким бекор қилгани йўқ, унда сизга фуқаролик паспорти қонунсиз берилгани ва шунинг учун олиб қўйилгани аниқ ёзиб қўйилибди.
- Билмасам, мен қонунни тушунмасам, бўлмаса менинг паспортимни олганлигингиз ҳақида ҳужжат берсангиз, бирон жойда паспорт сўрашса кўрсатаман. Шунча вақт паспортсиз юрдим, бир марта Тошкентга борганимда меҳмонхонага ҳам жойлаша олмадим, кўчада милиция ушлаб, сал қолди қамаб қўйишига.
- Ҳеч қандай ҳужжат берилмайди, ким сўраса мени айтаверинг, ўзим жавоб бераман, - гапни чўрт кесди лейтенант.
- Унда уёқ-буёқга арз қилаверсам ҳам бўладими?
- Бемалол, хоҳлаган жойингизга шикоят қилаверинг, "любой" жойда, "любой" одамнинг олдида жавоб бераман.
Бирпасдан сўнг кўчага чиққан Азам Ширинов қаёқга юришини билмай бироз каловланиб қолди. Ана холос, нима ниятда келган эдию, янги паспорт уёқда турсин, бори ҳам йўқ бўлди-ку.
Ҳа энди, ёшгина йигит экан, қонунни яхши билмаса керак, катталари тушунар деб, аввал туман, кейин вилоят ички ишлар бошқармасига келиб катта-кичикка учрашиб кўрди. Фойдаси йўқ, худди ҳаммаси келишиб олгандек, бир овоздан "Паспорт нотўғри қайтариб берилган, сизга Ўзбекистон фуқароси паспорти берилмайди, марҳамат, "фуқаролиги йўқ шахс" деган қизил паспорт олишингиз мумкин" дейди. Шундан сўнггина ёдига уни судда ва терговда ҳимоя қилган, айбсизлигини ҳужжатлар билан исботлаган ва оқлашга эришган адвокат тушди.
Қаршимда хомуш ўтирган Азам Шириновнинг ҳикоясини эшитиб, у билан боғлиқ жиноят ишини эслайман.
Бир вақтлар Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасига бироз совуқчилик тушди ва қўшни республикадан кўчиб келиб, Ўзбекистон фуқаролиги паспортини олганлар текширила бошланди. Бу ишларнинг бошида СНБ деган идора турди ва туман ИИБдаги паспорт бўлинмалари билан ҳамкорликда бирпасда керакли ҳужжатлар тўпланди, фуқароларнинг "қонунсиз паспорт олганлиги" тўғрисидаги "иш"лар прокуратурага ўтказилаверди, юқорига эса "аниқланган қонунсиз ҳаракатлар" тўғрисида ахборотлар жўнатилаверди. Ахир бу одамлар ҳам ўзбеклар-ку, ўша вақтдаги СССРнинг талаби билан янги ерларни ўзлаштириш ва ҳоказо сабаблар билан 1950-йилларда Тожикистонга кўчирилган, 90-йилларда у ердаги талотўпдан сўнг ўз ватанларига қайтишган, хўш, аввал СССР паспорти экан, энди Ўзбекистон паспортини олишса нима бўлибди, деб эътироз билдирадиган ҳуқуқшунос топилмади, борлари ҳам фикрини очиқ айтишдан қўрқди.
Прокуратура ҳам бу ура-урага дарҳол қўшилди ва текшир-текширларнинг қанчалик қонунийлигини аниқламасдан, Жиноят кодексининг 228-моддаси, яъни "ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан фойдаланиш" дея жиноят ишлари қўзғатилиб, судга ўтказилди, суд ҳам ўз навбатида уларни айбдор деб ҳукм ўқиб жазо тайинлайверди. Қарабсизки, судланган одамларнинг паспортлари олиб қўйилди, ишдан бўшатилди, сарсонгарчиликлар бошланди. Судларга ёзилган қатор аризалардан ҳеч қандай фойда бўлмади, кимнинг устидан шикоят қилинган бўлса, уларнинг ўзига қайтарилаверди. Яқин ўтмишда, афсуслар бўлсинким, реал воқелик ана шундай эди.
Шукурки, замон ўзгарди, бундай ноҳақ вазиятга барҳам берилди ва берилмоқда. Азам Шириновга нисбатан жиноят ишлари бўйича Нишон туман суди судьяси Ж.Норқобиловнинг амнистия актини қўллаб жиноят ишини тугатиш тўғрисида 2015 йил 9 февралдаги ажрими қонунсиз деб топилиб, вилоят суди томонидан бекор қилинди. Жиноят иши қўшимча терговга қайтарилди. Чунки суд амнистия акти қўллагани билан бу фуқаронинг айбсиз эканини билдирмас, фақат у жазодан озод қилинган эди, холос. Ўз-ўзидан тушунарлики, паспорти ҳам қайтарилмасди.
Қўшимча терговда эса Нишон туман ИИБ тергов бўлинмаси терговчиси капитан Т.Ражабовнинг 2018 йил 24 февралдаги қарори билан А.Шириновнинг айби йўқ деб топилиб, жиноят иши тугатилди ва унинг паспорти қонуний берилган, дея қайтарилди. Чунки қонунга кўра, агар фуқаро 1992 йил 28 июлда Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаб турган бўлса ва ҳужжатлари прописка қилинган бўлса, улар Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланиши кўрсатилган. Азам Ширинов эса Тожикистон Республикаси Қумсангир туман ИИБдан собиқ иттифоқ паспортини 1991 йил 22 августда рўйхатдан чиқариб, Нишон туман Балхияк ҚФЙга 1991 йил 30 октябрь куни, ҳарбий билетини эса 1992 йил 14 май куни рўйхатга қўйдирган. Лекин дастлаб текшириш ўтказганлар буларни "кўрмаган".
Бироқ А.Шириновнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади, бугун яна бир муаммо қаршисида лол турибди, янги паспорт оламан деб эскисидан ҳам яна айрилди.
Хўш, бу муаммони қандай ечиш мумкин? Вилоят, ҳатто Ички ишлар вазирлигига ёзилган қатор аризалар ва уларга берилган жавоблар билан танишаман: ҳаммаси бир хил, қонунни ўзича тушунган ҳолда, жавоб бўлса бўлди, қабилида ёзилган бир қолипдаги самарасиз ёзишмалар. Демак, битта йўл қолади: у ҳам бўлса "паспорт стол"дагилар билан маъмурий суд орқали судлашиш керак ва суд уларнинг ҳаракатини қонунсиз деб топиб, янги биометрик паспорт бериш мажбуриятини юклаши лозим.
Бу ҳақдаги даъво ариза билан Нишон туман суди судьяси қабулига кирамиз. Судья ҳужжатларни обдан ўргангач, ҳеч тажрибамда бунақа иш кўрмаган эканман, дея афсус билан бош чайқайди ва навбатдаги саволни беради.
- Хўш, сизнингча туман ИИБ паспорт бўлинмасининг ҳам, вилоят ИИБ ходимларининг ҳам ҳаракатини қонунсиз деб топиш керакми? Тўхтанг, тўхтанг, агар вилоят ИИБ ходимларининг ҳам ҳаракатини қонунсиз деб топсак, вилоят ИИБ, яъни жавобгар Қарши шаҳрида жойлашган-ку, қонунда эса жавобгар қаерда жойлашган бўлса, ўша жойдаги судга берилади, дейилган. Демак, Қарши шаҳар маъмурий судига мурожаат қиласиз, акам, - дейди вазиятдан осон чиққанига хурсанд бўлиб.
Начора, судья шундай деб лозим топган экан, демак, Қарши шаҳар маъмурий судига мурожаат қиламиз. Биздан нима кетди, даъво аризанинг фақат "шапкаси" ўзгаради, холос.
Аммо Қарши шаҳар маъмурий суди раиси ҳам анойи эмас. Йўқ, бундай ишлар маъмурий судга тааллуқли эмас, даъво аризангизни қабул қила олмаймиз, бизнинг ваколатимизга кирмайди, дея дарҳол қарор ҳам чиқариб берди.
Энди Азам Ширинов билан вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясига мурожаат қиламиз. Шикоятимизни кўрар экан, у ердаги тажрибали судьялар ҳам бош чайқашди: 1-инстанция суди тўғри қарорга келибди, ҳақиқатан ҳам бундай ишлар маъмурий судга тааллуқли эмас.
Унда қайси органга тааллуқли, ахир фуқаро юқорида нечта идора бўлса, ҳаммасига ариза ёзиб кўрди, фойдаси йўқ, масалани кимдир ечиши керак-ку, қайси судга ёки органга мурожаат қилайлик. "Билмадик, лекин бизга эмас", дейишди ва қўлимизга бирпасда бу ҳақдаги ўз ажримларини ҳам тутқазишди.
Мен эса яна Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 23-бобини қайта ўқийман. Илгари бундай кодекс йўқ эди, у 2018 йил 1 апрелдан кучга кирди ва унда аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилибди: "Маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни юритиш". Маъмурий органларга ички ишлар органлари ҳам киради, демак, уларнинг қонунсиз хатти-ҳаракати ва қарори устидан маъмурий судга шикоят қилиш мумкин.
- Сиз ўқиётган китобни судьялар ўқимаган деб ўйлайсизми? Уларнинг столида ҳам турибди-ку. Милисанинг каттаси суднинг каттасига телефон қилган-да, - яна ҳар хил фикрлар билдира бошлайди Азам Ширинов.
- Йўқ, биз ҳақмиз, қонун биз томонда, ҳали буни исботлаймиз, мана бу шикоят Республика Олий судига ёзилган, имзо қўйинг.
Имиллаб имзо чекаркан, фойдаси бўлармикан, мен ёзган аризаю шикоятларнинг саноғи бўлмаса керак, деб қўяди.
Ниҳоят, Республика Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов хайъати ишни кўра бошлади. Яна савол-жавоблар, эътирозлар, қонунни талқин қилишлар, кодексларни варақлашлар ва ниҳоят Қарши шаҳар маъмурий судининг ҳамда вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг қарорлари бекор қилиниб, иш мазмунан кўриш учун яна бошқа судга юбориладиган бўлди. Энди ишни Ғузор туман маъмурий суди судьяси кўра бошлади.
Вилоят ички ишлар бошқармасидан майор, подполковник унвонидаги ходимлар яна ўзларининг эски гапларини такрорлашни бошлашди: "Ахир биз тузган хулоса бекор қилинмаган, шундай экан, биз ўзимизнинг хулосамизга ўзимиз қарши бўлиб янги биометрик паспорт бера олмаймиз".
Уларга эътироз билдирамиз. Ахир бу хулоса бирон-бир ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас, бу сизларнинг шахсий фикрларингиз, холос. Терговчи ва суд учун ҳатто экспертиза хулосалари ҳам мажбурий кучга эга эмас. Азам Шириновга нисбатан жиноят иши унинг айби йўқ деб тугатилган экан, демак, айбини исботловчи "далил" бўлиб хизмат қилган барча ҳужжатлар ҳам ўз аҳамиятини йўқотади. Қолаверса, бирор фуқаронинг паспортини ҳеч қандай сабабсиз ҳужжат тузмасдан олиб қўйиш мумкин эмас, ахир паспорт эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясида, деб ёзиб қўйилган. Буни "паспорт столи" ходимлари яхши билиши керак-ку.
Бир неча кун давом этган суд мажлисидан сўнг судья 2019 йилнинг 28 майида қуйидаги қарорини эълон қилди: "Вилоят ИИБ ва Нишон туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракати ғайриқонуний деб топилсин. Нишон туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси зиммасига аризачи Ширинов Азам Жўраевичга Ўзбекистон фуқароси биометрик паспорти бериш мажбурияти юклатилсин".
Ниҳоят, тўрт йиллик тергов ва судбозликдан сўнг адолат қарор топди, аммо қанчадан-қанча асаббузарликлар, тушкунликлар бўлиб ўтди, кетма-кет жўнатилган аризалар, шикоятлар... Уларни айтиш осон, холос.
Азам Шириновга шунча йиллик сарсон-саргардонлигингиз учун давлатдан маънавий зарар ундириб олиш мумкин, келинг, бу ҳақда фуқаролик судига даъво ариза киритамиз, дейман. Лекин у ҳафсаласизлик билан қўл силтайди, қўйинг, шу одамлар ҳам кимларнингдир топшириғини бажарган бўлса керак-да, энг муҳими, Ўзбекистон фуқароси деган паспорт бериладиган бўлди-ку, дейди.
Яқинда у ҳузуримга келиб, мамнуният билан янги биометрик паспортини ён чўнтагидан чиқарар экан, уни бир ўпиб қўйди ва унинг ичидан таклифнома чиқариб тутқазар экан, ёшларнинг тўйини қилаяпман, ўзимнинг 60 ёшимни ҳам нишонлаяпман, албатта борасиз, деди.
Шундай қилиб 4 йил давом этган паспорт можароси якун топди, аммо суд қарорларига қарамасдан ўзини мутлақ ҳақ деб ҳисобловчилар билан судлашиш, тортишувлар ҳамон давом этмоқда. Ўйлайманки, адолат барибир қарор топади, чунки қонун устуворлигини таъминлаш аста-секин бўлса-да, барча жабҳаларга кириб бормоқда. Ишонаманки, бу тамойил бардавом ва мустаҳкам бўлиб қолажак.
Сафар КАТТАБОЕВ,
Қарши шахридаги "Protsessual kafolat" адвокатлик бюроси адвокати