Уни таъминлаш учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилади?
Олий таълим
Президентнинг шу йил 22 июндаги қарорига мувофиқ Қарши давлат университетининг педагогика институти негизида Шаҳрисабз давлат педагогика институти ташкил этилиб, Китоб тумани Жайрахона қишлоғида ушбу олий таълим муассасасининг академик лицейи фаолияти йўлга қўйилади.
Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари (ОТМ) фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари жамланган мазкур қарорга биноан мамлакатимизда бир эмас, балки бир йўла ўнта педагогика институти ташкил этилмоқда. Айни пайтда кейинги беш йил - 2022-2026 йиллар мобайнида бундай ОТМ фаолиятини такомиллаштириш бўйича "йўл харитаси" тасдиқланиб, унга, хусусан, ўқув жараёнини такомиллаштириш, янги педагогик технологиялар ва ўқитиш методларини жорий этиш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш ҳамда илмий ишлар натижадорлигини таъминлаш, халқаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, таълим жараёнига хорижий мутахассис ва ўқитувчиларни жалб қилиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар тизимини такомиллаштириш, шунингдек, талабаларнинг соғлом турмуш тарзини юритиши учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари киритилган.
Ҳужжатда мамлакатимизда янги ташкил этилаётган ва олдиндан мавжуд педагогика институтларини 2023-2026 йилларда ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари ҳам акс эттирилган бўлиб, жумладан, Шаҳрисабз давлат педагогика институтида 2026 йилга бориб илмий салоҳиятни 43 фоизга етказиш мўлжал қилинган. Бу борада институтда юқори малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлашга доир рақамлар ҳам тасдиқланиб, ҳимоя қилинадиган фалсафа доктори ва докторлик (PhD ва DSc) диссертациялари, тегишли илмий даражалар олишга талабгорлар ва мустақил изланувчилар сони йилма-йил кўрсатилган. Бундан ташқари, чет тили фанидан миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга талабалар ва профессор-ўқитувчилар улушини тегишли равишда 15 ва 36 фоизгача ошириш назарда тутилган.
Шунингдек, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-услубий фаолияти натижадорлигини ошириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар ҳам белгиланиб, яратиладиган дарсликлар, ўқув қўлланмалар, монографиялар, республика журналларида эълон қилинадиган ҳамда Scopus, Web of Science халқаро маълумотлар базаларига киритиладиган мақолалар ва ҳатто шу базалардаги ҳар бир мақолага тўғри келувчи иқтибослар сони тасдиқланган.
Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида эса 2023-2026 йилларда Шаҳрисабз давлат педагогика институтининг 15 нафар профессор-ўқитувчиларини жаҳоннинг етакчи университетлари ва илмий марказларига хизмат сафарларига юбориш ва хорижий олимларнинг бу олийгоҳга 13 та ташрифини (камида бир ойга) уюштириш кўзланмоқда.
Президент қарорининг талабига кўра, педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари олий маълумотли педагог кадрлар тайёрлаш ва ўқитувчиларни узлуксиз касбий ривожлантириш масалаларида уларга бириктирилган мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилади, шу жумладан, бу билим масканларида маҳорат дарслари ҳамда талабалар амалиётини ташкил этади, ушбу муассасаларга ўқув-методик жиҳатдан ёрдам кўрсатади.
Бу борада тасдиқланган жадвалга биноан, Шаҳрисабз давлат педагогика институтининг педагогика факультети Шаҳрисабз шаҳридаги 22-сон, тиллар факультети эса шу шаҳардаги 8-сон умумтаълим мактабларига бириктирилади.
Мамлакатимизнинг педагогика институтлари ҳузурида янгидан 8 та академик лицей ташкил этиш топшириғи қўйилган экан, улардан биттаси Китоб тумани Жайрахона қишлоғида жойлашган собиқ Китоб иқтисодиёт коллежининг бино ва иншоотлари негизида очилиб, Шаҳрисабз давлат педагогика институти ҳузурида фаолият кўрсатади.
Қарорда педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларини тизимли ривожлантириш ва уларда бошқарув фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бошқа бир қатор чора-тадбирлар ҳам белгиланган. Уларнинг ҳаётга татбиқ этиши илғор хорижий тажрибаларни жорий қилган ҳолда замонавий таълим дастурларини ишлаб чиқиш, юқори малакали профессионал кадрлар тайёрлашни янги босқичга кўтариш, шунингдек, педагогика соҳасида таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш имконини беради.
Темур НИЗОМОВ тайёрлади.