Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

07.03.2024


Пенсия ёшини кўтаришни истаган ҳукумат "13-пенсия"га тутилди

Швейцария аҳолиси 3 март куни ўтказилган референдумда пенсия ёшини 66 га кўтаришга қарши фикр билдирган ҳолда ҳар йили "13-пенсия" тўланишини ёқлаб овоз берди. Ушбу қўшимча тўлов "13-ойлик"ка ўхшаш бўлиб, католикларнинг "Рождество"си арафасида тўланиши кўзда тутилган. Бу ҳақдаги хабар ҳукумат сайтига жойланган.

Мамлакатда 2022 йил сентябрда ҳам пенсия ёшига оид референдум ўтказилган эди. Унинг натижаларига асосан аёлларнинг пенсияга чиқиш ёши бир йилга кўтарилиб, эркаклар билан бир хил - 65 ёш қилиб белгиланган.

Ҳукумат расмийларининг тахминий ҳисоб-китоблари бўйича, "13-пенсия" учун ҳар йили тўрт миллиард франкдан кўпроқ (4,52 миллиард доллар атрофида) маблағ талаб этилади. Шунингдек, ҳукумат яқин йилларда пенсия тўловлари учун етарлича манбага эга эканлигини қайд этган.

"Бироқ 2030 йилдан кейин ҳатто "13-пенсия" бўлмаган ҳолда ҳам тақчиллик кутилади. Жорий йилдан кейин ушбу қўшимча пенсия тўлови амалга киритилиши янги даромад манбаларини излаб топиш ёки тўловларни камайтириш талабини юзага чиқариши мумкин", дейилади референдум натижалари шарҳида.

Швейцария ҳукумати 2024 йил якунига қадар янги тўловлар ҳақида батафсил қарор тақдим этмоқчи.

Report typo