Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Улуғбек КАТТАЕВ

01.05.2017


ПЕНСИЯ ВА НАФАҚАЛАРНИ ТЎЛАШ

Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 13 мартдаги "Пенсиялар ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори пенсиялар ва нафақалар тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, нақд пул шаклида пенсиялар ва нафақаларни етказиб бериш ва ўз вақтида тўлаш бўйича барча комплекс чора-тадбирларни тўлиқ ва муваффақиятли амалга оширишни назарда тутади.

Унга мувофиқ, пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни нақд шаклда тўлаш жорий йилнинг март-июль ойлари мобайнида "Ўзбекистон почтаси" АЖдан Ўзбекистон Республикаси акциядорлик-тижорат Халқ банки бўлинмаларига босқичма-босқич ўтказилади ва 1 июлдан бошлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудларида пенсиялар ва нафақаларни тўлаш фақат Халқ банки томонидан амалга оширилади.

Халқ банки томонидан пенсиялар ва нафақаларни тўлаш тажриба тариқасида жорий йилнинг 1 апрелидан вилоятларга бўйсунувчи 13 та шаҳарда, шунингдек, Тошкент шаҳрининг 6 та туманида бошланган бўлса, 1 майдан эътиборан бу амалиёт 39 та туманда қўлланилади. Жумладан, 1 майдан вилоятимизнинг Муборак, Косон ва Қарши туманларида ҳам нақд пул шаклидаги пенсиялар ва нафақаларни Халқ банки орқали тўлаш бошланади.

Қарорга кўра, пенсиялар ва нафақаларни нақд пулда  бериш бўйича махсус кассалар ишини ташкил этиш учун посёлкалар, қишлоқлар, овуллар, маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида ва пенсионерлар маблағларни олиши учун қулай бўлган бошқа маъмурий бинолардан алоҳида хоналар ажратилади. Пенсиялар ва нафақаларни махсус кассалардан олиш имкониятига эга бўлмаган шахсларга пулларни Халқ банки ходимлари бевосита улар яшайдиган жойга етказиб берадилар.

Айни пайтда бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Қарши тумани бўлими мазкур қарор ижроси доирасида тегишли ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда бир қатор ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, туманда истиқомат қилувчи 21 минг 37 нафар пенсия ва нафақа олувчи фуқаронинг маҳаллалар кесимидаги аниқ рўйхати шакллантирилиб, уларга 8 миллиард 800 миллион сўмдан ортиқ нақд пулни тарқатиш дислокацияси ишлаб чиқилди. Мазкур дислокацияда пенсиялар ва нафақаларни тўлаш ҳар ойнинг 4-санасида бошланиб, 24-санасида якунланиши белгиланди. Пенсиялар ва нафақаларни маҳаллалар кесимида тарқатишнинг саналарига аниқлик киритилиб, шу асосда иш олиб боришга келишиб олинди. Маҳаллаларда йиғинлар бинолари ва пенсионерларнинг маблағларни олиши учун қулай бўлган бошқа маъмурий бинолардан махсус кассалар учун алоҳида хоналар ажратилди. Банкнинг туман бўлинмасига фақат пенсиялар ва нафақаларни тарқатишга мўлжалланган 3 та "Дамас" русумли автомобиль олиб келинади. Бир сўз билан айтганда, туманда қарор ижросини сўзсиз таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилаяпти. Бу эса пенсионерлар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ишлар  сифатини янада оширишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Улуғбек КАТТАЕВ,

бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Қарши туман бўлими бошлиғи

Report typo