- Мавжуд йигирув дастгоҳлари бир йилда 450 тонна қуруқ пиллани қайта ишлаш имконини беради, - дейди корхона раҳбари Бешим Тиловов. – Йил охирига қадар 300 тонна хомашёни қайта ишлаб, ипак калава тайёрлашни мўлжаллаяпмиз. Маҳсулотимизнинг қарийб 80 фоизи экспорт қилинади. Ҳозирги кунда бу борада иш олиб бораяпмиз, бозорни ўрганаяпмиз. Айтишим керакки, жорий йилда бир янгиликка қўл урдик. Гап шундаки, илгари пилладан ортадиган чиқинди ташлаб юбориларди. Эндиликда янги линия ўрнатиб, ундан самарали фойдаланаяпмиз. Яъни чиқиндидан момиқ ишлаб чиқараяпмиз. Бу ҳам экспортбоп маҳсулот бўлади. Ипак момиғидан кўрпа-тўшак, чойшаб каби текстиль буюмлари учун зарур материал тайёрлаш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, бугун дунёда ипак калава, ипак мато ва ундан тайёрланган текстиль маҳсулотларига талаб юқори. Табиий гигиеник ва даволовчи хусусиятларга эга экани ҳамда экологик безарарлиги билан ажралиб туриши ипакнинг қадрини ошираяпти, десак хато бўлмайди. Айни шу жиҳат мамлакатимизда пилла хомашёсини чуқур қайта ишлашни ташкил этишни тақозо этмоқда. Қолаверса, ипакни хомашё ҳолидан кўра тайёр маҳсулот кўринишида бозорга чиқариш бир неча баробар кўп фойда келтириши билан муҳимдир. Шу маънода мамлакатимизда пилла, хом ипак, ипак калава ишлаб чиқариш ва уларни чуқур қайта ишлашнинг самарали усулларини кенг жорий этиш, ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини юксалтириш ҳамда қишлоқ жойларда аҳоли бандлиги ва даромадлари даражасини ошириш асосий эътиборда. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилаяпти. Ушбу қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 январга қадар пиллачилик соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзи берилди.
- Эндиликда имтиёз қўлланиши натижасида ихтиёримизда қоладиган маблағни фаолиятимизни ривожлантириш, модернизация қилишга сарфлаш имкони мавжуд, - дейди тадбиркор. – Жумладан, яқин истиқболда биз ҳам пиллани қайта ишлашнинг барча циклини корхонамизнинг ўзида йўлга қўйишга ҳаракат қиламиз. Бу борада муҳим қадамлар ташланаяпти. Мисол учун, бироз аввал чет эллик инвесторларимиз келиб, мавжуд аҳвол билан танишишди. Хомашё ҳам, салоҳият ҳам етарли экани, инфратузилма мавжудлиги ҳамкорларимизни янги йўналишларни ривожлантириш ҳақида бош қотиришга ундади. Улар сармоя киритиш фикрини маъқуллашди. Тез орада тўқув дастгоҳларини, тикув машиналари олиб келиш, бўш бинони зарур тартибда жиҳозлаш кўзда тутилган. Натижада корхонамизда рақобатбардош ва харидоргир ипак мато ишлаб чиқариш, тайёр маҳсулотлар тикиш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, йигирув цехининг қувватини сезиларли даражада ошириш режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳалар рўёбга чиқса, 200 дан ошиқ янги иш ўрни яратилади.
Бешим Тилововнинг айтишича, корхона томонидан вилоятимизда ипак қурти уруғини етиштиришга қаратилган ташаббус ҳам амалга оширилади. Мазкур лойиҳа асосида ҳудуд иқлимига мос, маҳсулдор ипак қурти уруғларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади.
М.ЖЎРАЕВ
Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.