Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

16.05.2024


Пилла етиштириш ва ипакчилик соҳаси: 4 ТА ЛОЙИҲАГА 5,5 МИЛЛИОН ДОЛЛАР ЙЎНАЛТИРИЛАДИ

Ривожланиш стратегияси

Яқин икки йил ичида вилоятимизнинг Яккабоғ ва Чироқчи туманларида хом ипак, Қарши шаҳри ва Шаҳрисабз туманида эса ипак мато ва ипак гиламлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича истиқболли инвестиция лойиҳалари рўёбга чиқарилади.

Юртимизда пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида 2024-2025 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг рўйхати мамлакатимиз Президентининг жорий йил 3 майдаги фармони билан тасдиқланган. Унга кўра, жорий ва келгуси йилда воҳамизда мазкур соҳада умумий қиймати 5,5 миллион долларга тенг тўртта лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, ҳар йили жами 24,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш учун замин яратилади. Хусусан, Яккабоғ туманидаги "Yakkabog' Silk Production" ва Чироқчи туманидаги "Chiroqchi-Tolasi" масъулияти чекланган жамиятларида қиймати (2 миллион доллар), йўналтириладиган маблағ манбалари (1,1 миллион доллар корхонанинг ўз ресурслари, 900 минг доллар Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан), ишлаб чиқариш қуввати (йилига 24 тонна ёки 11,9 миллиард сўмлик хом ипак) ва яратиладиган иш ўринлари сони (30 та) бўйича бир-биридан мутлақо фарқ қилмайдиган аналогик лойиҳалар бажарилади. Уларнинг иккаласи ҳам жорий йилнинг охиригача якунига етказиш режалаштирилган.

Соҳада ҳаётга татбиқ этиладиган яна иккита лойиҳани эса 2025 йилнинг декабрь ойида ишга тушириш мўлжалланмоқда. Биттаси доирасида вилоятимиз марказидаги "Radiant silk" масъулияти чекланган жамиятида йилига 20 минг погонометр ипак мато ишлаб чиқаришни йўлга қўйилиши назарда тутилган. Бунга сарфланадиган 1 миллион доллардан тенг ярми корхонанинг ўз маблағи, қолган ярми Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан ажратилади. Эвазига 30 та янги иш ўрни яратилиб, "Radiant silk" МЧЖнинг йиллик қуввати тахминан 1,5 миллиард сўмга ошади. Ўз навбатида Шаҳрисабз туманидаги "Shakhrisabz Silk Production" МЧЖда ҳар йили қарийб 300 миллион сўмлик 20 та ипак гилами ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун 500 минг долларлик лойиҳани амалга ошириб, қўшимча 20 кишини ишли қилиш режа қилинган.

Умуман олганда, мамлакатимиз Президентининг шу йил 3 майдаги "Пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида бозор механизмларини жорий қилишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони тармоқда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хомашё базасини кенгайтириш ҳамда ипак қурти уруғи ҳажмларини кескин кўпайтириш, пилла етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш орқали соҳадаги бандликни икки бараварга ошириш, шунингдек, бозор механизмларини жорий қилиш ишларини жадаллаштириш каби мақсадларга қаратилган. Унда соҳани янги босқичга олиб чиқишнинг устувор йўналишлари белгиланиб, 2024-2027 йиллар давомида тутзорлар ер майдонини 160 минг гектарга, дала четларидаги якка қатор экилган тут дарахтлари сонини 500 миллионга, республикада ипак қурти уруғига бўлган эҳтиёжни маҳаллийлаштириш даражасини 80 фоизга, ишлаб чиқариладиган хом ипак сифатини 5А классга, уни қайта ишлаш даражасини эса 75 фоизга етказиш вазифалари қўйилган.

Фармон билан тасдиқланган прогноз кўрсаткичларига мувофиқ, 2024-2027 йилларда вилоятимизда қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилган дала четларида мавжуд 22,5 минг туп якка қатор тут дарахтларига қўшимча равишда яна 26,4 минг, жумладан, 2024 йилда 5 минг, 2025 йилда 6 минг, 2026 йилда 7 минг, 2027 йилда 8,4 минг туп тут кўчати экилади. 

Ўз мухбиримиз

Report typo