Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ таржимаси

25.01.2019


ПИРАМИДАЛАРНИ ГИГАНТ ОДАМЛАР ҚУРГАНМИ?

Кўпчиликнинг фикрича, олимлар баҳайбат одамзод ҳақидаги ҳақиқатларни сир тутаётгани эҳтимолдан холи эмас, негаки, бу далил ва исботлар таниқли биолог Чарльз Дарвин назариясини шубҳа остида қолдиради. Бугунги кунга қадар гигант одамлар тўғрисидаги фикр-мулоҳазалар ҳамон олим, тарихчи ва  тадқиқотчиларнинг қизғин баҳс-мунозараларига сабаб бўлиб келади.

ТОБУТЛАРДАГИ ИНСОН СУЯКЛАРИ

- Дунё бўйлаб кезган саёҳатларим давомида кўп маротаба баҳайбат одамларнинг улкан излари, уларнинг суяк қолдиқларига оид археологик қазилмаю топилмаларни учратганман, - дейди саёҳатчи Виктор Мельников. - Хусусан, Жанубий Американинг Перу, Эквадор, Чили каби қатор мамлакатларида уларнинг суяк қолдиқларига дуч келиш мумкин...

Аслида бу қандай суяклар? Улар қадимги йирик жонзотларга тегишлими? Маҳаллий олимларнинг айтишича, бу борада олиб борилган тадқиқот натижалари бу фикрни тасдиқламаган.

Ўтган асрлар давомида гигант одамларга оид кўплаб воқеа-ҳодисалар кузатилган. Келинг, улардан фақат тарих зарварақларида тилга олинган ҳайратланарли топилмаларнинг бир нечтасини санаб ўтамиз. 1821 йили АҚШнинг Теннесси штатидаги қадимий харобаларда бўйи 215 сантиметр бўлган икки одамнинг суяк қолдиқлари топилган. 1885 йили эса Пенсильвания штатидаги қабристонлардан бирида айнан шу катталикдаги инсон суяклари жойланган тош сағана топилган. Қизиғи, сағана деворларига ибтидоий даврдаги одам, қуш ва жонзотларнинг суратлари ўйиб чизилганди.

1899 йили Германиянинг Рур вилоятида кончилар одатий иш кунида кондан бўйи 210 дан 240 сантиметргача етган ва тош қотган инсонлар суякларига дуч келишади. Тахминан ўша йиллари Мисрда бир гуруҳ археологлар саркофаг (тоштобут) кўринишидаги сопол қабрни топишади. Унинг ичкарисида эса узунлиги икки метр келадиган малласоч аёл ва ёш боланинг мўмиёси (бальзамлаб чиримайдиган қилинган жасад) ётарди. Ўз навбатида, мазкур мўмиёларнинг юз тузилиши ва қадди-қомати қадимги мисрликлардан сезиларли даражада фарқ қилган. Шунингдек, малла сочли мўмиёларга ўхшаш топилмалар АҚШнинг Невада штатида ҳам топилган.

Узоқ ўтмишда сайёрамизда баҳайбат ва узун бўйли одамлар яшаганини тасдиқлайдиган кўплаб далил, исботлар мавжуд. Сўнгги пайтларда археологлар ва айрим ҳудудлардаги маҳаллий аҳоли доимий равишда йирик оёқ изларини учратишаяпти. Масалан, Жанубий африкалик маҳаллий фермер тоғ жинсида чап оёқ кафти изи устидан чиқади. Унинг узунлиги 128 сантиметр эди.

Яна бир мисол, Австралиядаги Мовий тоғларнинг шундоққина тагидан оқиб ўтувчи жилға устига энгашган баҳайбат тош. Унинг юзасида инсон кафти ва беш бармоғининг излари аниқ-равшан кўриниб турарди. Кенг очилган бармоқлар оралиғи 17 сантиметрни ташкил этади. Бундан тахмин қилиш мумкинки, бундай из қолдирган мавжудотнинг бўйи 6 метрлар атрофида бўлган.

Бундай топилмаларга дунёнинг турли нуқталарида дуч келишган. Мисол учун, 1950-йиллари ишчилар Аляскадаги қабристонда иккита бош, умуртқа ва оёқ суякларини топишган. Ҳайратланарлиси, бош суякларининг узунлиги 58 сантиметр  бўлган. Умуртқа суяклари ҳам худди бош суякларидек бир хил ўлчамда йирик бўлиб, бугунги оддий одамларникидан уч бор катта эди.

ИНКЛАР АФСОНАСИ

Жанубий Африка аборигенлари ўз ҳудудларида яшаган гигант одамлар тўғрисида ҳикоялар қолдиришган. Уларда айтилишича, гигант инсонларга ноёб куч инъом этилган. Улар ов вақтида кун бўйи юзлаб километр масофа босиб ўтишиб, ўлжа - ўлдирилган ҳайвонларни осонлик билан елкага ортиб, бамайлихотир уйга қайтишган. Ҳаттоки баҳайбат одамлардан қайсидир бири йўталганида, кўкдаги қуш худди шамолга учрагандек қалқиб кетарди.

Улкан инсонлар тўғрисида инк (Перу, Эквадор, Боливия каби давлатларда қадимда яшаган ҳинду қабилалари номи)ларда ҳам қадимий афсона мавжуд. Унга кўра, Инк давлатида Аятарко Кусо XII ҳукмронлиги даврида мамлакатга баҳайбат одамлар жуда катта қамиш солларда келишади. Улар шунчалик улкан бўлишганки, ҳатто энг узун ҳинду ҳам унинг тиззасигача келган, холос. Гигант инсонлар инклар шаҳарларида маҳаллий аҳолининг кўмагисиз қуриш мушкул бўлган иншоотларни барпо этишади. Маҳаллий халқ вакиллари бундай келгиндиларни қадимги цивилизациянинг авлодлари дея ҳисоблашган (Перуда тоғу тошларга тез-тез бўйи мамонтлардан ҳам узун бўлган йирик инсонларнинг суратларини чизишган). Умуман олганда, турли халқлар афсона ва ривоятларида олис ўтмишдаги ерликлар ўта улкан кўринишда бўлгани ҳақида сўз юритилади.

Бундан тахминан минг йил олдин яшаб ўтган араб сайёҳи ибн Фадлан ўз саёҳатлари давомида бўйи 6 метрли инсоннинг суяк қолдиғини учратган, яъни унга Хазар ҳоқонлиги фуқаросини кўрсатишган. Шу ўринда айтиш керакки, айнан шундай  ҳажмдаги инсон суякларини рус ёзувчилари Тургенев ва Короленко ҳам Швейцариянинг Люцерна шаҳридаги музейда кўришга муваффақ бўлган.

Тарихчилар ўртасидаги гап-сўзларга қараганда, испанияликлар Американи истило қилиш пайтида маҳаллий ҳиндулар - ацтекларнинг ибодатхоналаридан бирида бўйи 20 метр бўлган инсон суяк қолдиқлари топилган эмиш! Эътиборлиси, бу гигант инсонларнинг энг йириги саналади.

Илм-фан оламида мустақил равишда тадқиқот олиб бораётган олимларнинг бир гуруҳи узоқ йиллар давомида тарихнинг ҳақиқий манзарасини яратиш устида ишлашмоқда, яъни уларнинг фикрича, Ерда бундан 12-20 минг йил аввал баҳайбат зотлар истиқомат қилишган. Ўз навбатида, олимларнинг хулосаларига кўра, ўша вақтларда яшаган гигант одамларнинг бўйи 4 метрдан 12 метргача бўлган. Шунингдек, баҳайбат одамлар жисмоний кучдан ташқари, ноёб ақлий қобилиятга ҳам эга бўлишган. Савол туғилади: бу ерда гап айримлар афсона деб биладиган, яна бировлар эса ростдан бўлган ва таназзулга юз тутган деб ҳисоблайдиган атлантлар тамаддуни ҳақида кетмаяптими ўзи?

Олимларнинг таъкидлашича, айнан гигант одамлар нафақат Мисрдаги, балки бутун сайёрадаги пирамидаларни барпо этишган. Бундан ташқари, баҳайбат инсонлар шундай иморатлардан 600 тасини қуришга муваффақ бўлгани ҳақида айтилади. Дарвоқе, мазкур бунёдкорлик ишлари юксак даражада амалга оширилган бўлиб, улар геометриянинг қатъий талаблари асосида олиб борилган...

Муаллиф: Дмитрий ВЛАДИМИРОВ

Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси

Report typo