Аҳамиятлиси, юртимизда мазкур жабҳа, яъни тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу жумладан, толани қайта ишлашдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи ўз ичига олган ягона технологик занжир яратиш ташаббуси ҳар жиҳатдан рағбатлантирилаяпти. Мазкур йўналишда иш бошлаётган тадбиркорлар қўллаб-қувватланмоқда.
Эътиборли жиҳати, Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган дастурга асосан вилоятимизда ҳам енгил саноат тармоғида 10 дан зиёд йирик истиқболли лойиҳани рўёбга чиқариш белгиланган эди. Ўтган давр мобайнида уларнинг айримлари доирасида ишлар якунланиб, янги корхоналар фаолияти йўлга қўйилди. Қарши шаҳридаги “Sulton tex group” хусусий корхонасини бунга мисол қилиб келтириш мумкин.
- Умумий қиймати 30 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган лойиҳамизни тўрт босқичда амалга ошириш кўзда тутилган, - дейди корхона раҳбари Ойбек Эргашев. – Асосийси, биринчи босқичда собиқ пахта заводи ўрнида йигирув цехини барпо этиб, ўтган йилнинг охиридан маҳсулот ишлаб чиқаришни бошладик. Корхонамизда йилига 7 минг тонна калава ип тайёрлаш имкони мавжуд, Швейцария ва Японияда ишлаб чиқарилган тозалаш, йигириш ва ўраш дастгоҳлари билан жиҳозланган. Фабрика ишга туширилиши ҳисобидан 260 кишининг бандлиги таъминланди. Яқинда вилоятимизга қилган ташрифи давомида Президентимизга шу вақтга қадар бажарган ишимиз, лойиҳанинг кейинги тақдири ҳақида батафсил маълумот бердик, юзага келадиган имкониятларимизни намойиш этдик. Давлатимиз раҳбари лойиҳамиз аҳамиятини юқори баҳолади, уни ҳаётга самарали татбиқ этиш, янада мукаммаллаштириш бўйича ўз тавсияларини берди.
Айтиш жоизки, айни дамда корхонада иш қизғин, мавжуд ускуналар тўла қувват билан ишламоқда. Толани тозалашдан тортиб, то ўрашгача бўлган барча операциялар асосан компьютерлаштирилган ҳолда бажарилади. Зарур жиҳозларга эга лабораторияда эса ип сифати назорат қилинади.
Албатта, хомашё сифатли, қайта ишлаш технологияси замонавий бўлса, пировардида олинадиган маҳсулот ҳам барча талабларга жавоб беради, унинг харидори кўп бўлади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг дастлабки партиялари Туркия мамлакатига экспорт қилингани бунинг исботидир. Корхона вакилларининг билдиришича, бошқа мамлакатлар ишбилармонлари ҳам ҳамкорлик таклиф қилишмоқда. Шундай экан, келгусида экспорт географияси янада кенгайишини тахмин қилиш қийин эмас.
Маълумот ўрнида айтиш лозим, ушбу лойиҳанинг навбатдаги босқичларида мато тўқиш, уни бўяш, охирида эса тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш ташкил этилади. Асосий маҳсулот эса ташқи бозорга йўналтирилади. Ташкил этиладиган иш ўринлари сони эса мингдан ошади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.