Нью-Мексикодаги лицензияланмаган тиббий марказда игна билан пардоз муолажаларини олган уч аёлга ОИВ ташхиси қўйилди. Бу шундай жараёнда вирус юқтиргани ҳужжат билан тасдиқланган биринчи ҳолатдир, дея хабар берган The Guardian манбаси.
Аёллар плазмолифтинг (вена томиридан қон олиб, унинг таркибидаги плазма ва тромбоцитларни бошқа моддалардан ажратгач, тромбоцитлар билан бойитилган қон плазмасини юзнинг муайян қисмига юбориш) муолажасини олишган.
Суриштирув марказда 2018 йилдан 2023 йилгача бир марталик тиббий ускуналардан қайта-қайта фойдаланиб келинганини кўрсатган.
Хабарда айтилишича, кўплаб машҳур пардоз жараёнлари, масалан, юздаги ажинларни кетказиш ёки лабларни шишириш (ботокс) игна ёрдамида амалга оширилади. Бунда санитария қоидаларига қатъий амал қилинмаса, мижозга вирус юқтириш хавфи сақланиб қолади.