Хўш, шундай ноёб майдонимиз бор экану, нега уни бу қадар яхши билмаймиз? Ё ўзимиз бориб, қумли майдонда тўп тепмаймиз? Ҳечқурса, пляж футболи бўйича ўтадиган мусобақаларни томоша қилмаймиз?
Айтишларича, бундан ўн йиллар олдин мамлакатимизда ҳам пляж футболи бўйича расмий мусобақа ўтказишга киришилиб, бунинг учун Қарши шаҳрида янги таъмирдан чиққан, вилоят болалар ва аёллар спорт марказига айлантирилган собиқ "Геолог" стадионининг бир бурчаги танланган. Тезликда иш бошланиб, ўнлаб юк машиналарида қум келтирилган, томошабинлар учун ўриндиқлар, ҳакамлар ва футболчилар учун ечиниб-кийиниш хоналари барпо этилган. Шунга яраша хорижникидан қолишмайдиган бинойидек пляж футболи майдони пайдо бўлган.
Сўнг эркаклар ва аёллар ўртасида мамлакат чемпионати ва кубок ўйинлари ўтказила бошланган. Ҳар иккаласида ҳам ўнга яқин жамоалар иштирок этиб, ҳатто пляж футболи бўйича икки йилда бир ўтказиладиган жаҳон чемпионати саралаш ўйинларига қатнашадиган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам айнан шу майдонда, айнан чемпионат ва кубок ўйинларида тобланган.
Аммо недир сабаб билан 2012 йилда эркаклар ўртасидаги турнирлар бирданига тўхтаб қолиб, кейинги йили аёллар мусобақалари ҳам ўтказилмай қўйган. Ва ниҳоят, беш йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистон футбол ассоциациясидаги ўзгаришлар фонида пляж футболига-да эътибор қаратилиб, вилоят марказидаги ушбу майдонда ўтган йили яна расмий ўйинлар ўтказилиши қайта йўлга қўйилган.
Аммо бу хурсандчилик ҳам узоққа чўзилмади. Ўйинлар бир бошланиб, кейин тақа-тақ тўхтаб қолди ва шу орада бу майдонга спортчи зоти бирор марта қадам босгани йўқ.
Нима, ўтган йилги мусобақа номига, хўжакўрсинга эдими? Ё яна 5-6 йил танаффус қиламизми?
Пляж майдонининг бугунги манзараси ҳар қандай киши кўнглини хуноб этади: қумлоқ майдонни тобора ажриқ эгаллаб, одатий, оддий стадионлардан фарқи қолмаяпти, ўриндиқлар синиб, баъзилари қўпориб олинган, томошабинлар сектори устидаги қоплама чириб йўқ бўлиб кетган, ечиниб-кийиниш хоналари эса мажмуа хизматчиларига хизмат кўрсатаяпти, холос.
- Ўтган йили июль-август ойларида чемпионат ва кубок мусобақалари ўтказилганди, шундан кейин негадир тўхтаб қолди, - дейди "Геолог" спорт-соғломлаштириш мажмуаси бошлиғи Ёрқин Раҳмонов. - Агар ўйинлар ўтказиладиган бўлса, олдиндан тайёргарлик кўрамиз. 10 кун олдин қум эланиб, майдон шай ҳолга келтирилади. Таъмирлаш масаласига келсак, бу ер Шўртан газ-кимё мажмуасига қарашли бўлгани учун маблағ завод томонидан ажратилади. Тўғри, ўриндиқлар, тепадаги ёпқич вақт ўтиши билан эскириб қолган. Пляж майдони ташкил қилинганига 10 йилдан ошган бўлса, ҳали уни таъмирлаш учун маблағ ажратилмаган.
Майли, катта миқёсдаги мусобақалар ўтказилмаётгандир, бу мажмуадагилар ихтиёрига боғлиқмасдир, аммо вилоят бўйича турли турнирлар ташкил қилса бўлади-ку. Ҳар ҳолда шунча харажат сарфланган шароитлар вақт ўтиб йўқ бўлиб кетсин деб қилинмаган. Ё бўлмаса, бу жойни ҳамма учун очиб қўйса, одамлар жон деб келиши тайин. Шунда ўз-ўзидан маблағ ҳам пайдо бўлади. Заводдагилар қачон пул ажратаркин, деб кутиб ўтириб, борини ҳам йўқ қилиш қайси мантиққа тўғри келади?
Сунъий қопламали майдончалар соатига 50-60 минг сўмдан ишлаб ётган бир чоғда инсон саломатлиги учун аҳамияти катта тайёр стадион имкониятларидан фойдаланмаслик учун одам "яхшигина" лоқайд бўлиши керак...
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.