- Қишлоқдан... Манзилимизни сўради... - худди ўзи билан ўзи гаплашаётгандек минғирлади Баҳриддин. Унинг тушкун кайфияти айни дам хотинига ҳам юқди.
- Ким?..
- Эши почча.
- А?!... Нима дейди? - таққа ҳаракатдан тўхтади аёл.
- Қарздир-да, мазаси йўқ, дейишаётувди...
Хотини ирғишлаб ўзига бўйсунмаётган ўғилчасини зарда билан силтаб олди:
- Нафи тегмайдиган хешнинг зарари ҳам тегмаса...
* * *
Якшанбалиги боис Баҳриддин оёғини узатиб телевизор кўрди. Уйда тимирскиланиб у ёқ-бу ёққа юрди, газета титкилади. Тушга яқин меҳмон ҳам келиб қолди.
- Айланайин, эрталабдан эсган шамол қаерники десам, чимликларники экан-да! - Поччасига сир бой бермай тиржайган кўйи остонада қаршилади у. - Буйтиб одамни илҳақ қилдингиз-ай, жезза...
Баҳриддин қишлоғи шевасида гапириб шаҳарда ўзгармаганини намойиш қилган бўлди. Оғиргина сумкани учинчи қаватга чиқаргунча терга ботган почча ҳам қишлоқдан келтирган нарсаларини қўйиб, қучоғини очди:
- Ўзимам тилипон қимасдан бораверай девдим-а... Шу, холанг қўймади-да, шаҳарда одат бўлак, деб.
- Нега холамни ҳам олиб келмадингиз, бир айланиб кетарди.
Почча хотини ва бирорта боласини эргаштирмаганига ичида астойдил ачинди.
- Эй-й, ул рўзғордан бўшарканми, Баҳриддинжон...
- Ттт-ти, тт-ти, — поччаси келтирган сумкага имо қилиб танглайини қоқди Баҳриддин. - Буларингиз нимангиз-а энди, жезза, овора бўлиб. Ўзингиз келавермайсизми мундоқ?
Почча ажабланган кўйи елка учирди.
- Овораси бўларканми?.. Туршак, чакки дегандай, қишлоқ неъматлари-да ахир...
* * *
Баҳриддиннинг хотини ҳам почча билан кўришиб-сўрашгач, улар меҳмонхонага ўтишди. Келин дастурхон ёзди, чой келтирди.
Поччани шаҳарга мос безатилган хонанинг салобати босар, қариндошлари ўзига тўқ яшаётганига суюнса-да, ҳурмати бу қадар ошиб кетганидан аллатовур бўларди. Зум ўтмай дастурхонни “қишлоқ неъматлари” ҳам эгаллай бошлади. Бундан кўнгли ёришди поччанинг, хижолати пича ариди. Устма-уст териб қўйилган телевизор, мусиқий марказга ўхшаш нарсаларни, хонанинг бир ёнини тўлалигича эгаллаган сервант тўла чинни-биллур буюмлардан тортиб, ўзлари ҳозир ўтирган диван-креслони яна бир қур ҳавас билан кузатиб чиқаркан, яйраб сўз қотди:
- Баҳриддин, сиз шаҳарликларга жуда маза-да! Ҳамма нарса тўкин-сочин, шароит зўр. Холанг, айниқса, чироқ ўчиб безор қилган паллалари кўп айтади: “Шу уй-жойни сотсагу, бизам шаҳардан битта “дўм” олсак...”
Пастга қараб олма арчиётган бўлса-да, поччасига зимдан эътибор бериб ўтирган Баҳриддин у бошлаган гапнинг борар ерини тусмоллади.
- Эйй, жезза, сизлар шунақа дейсиз-да, биз эса сизларга ҳавас қиламиз. Сиз уйдаги бу ашқол-дашқолларга қараманг, жезза. Сиз...
У нимадир қидиргандай атрофига аланглади-ю, ниҳоят қўлидаги ярим арчилган олмани поччасига нуқиб кўрсатди:
- Сиз, масалан, манави келтирган олмангизни айтинг. Экиб қўйсангиз уч йилда ҳосилга кирадиган нарса. Ўзингизники, истаганингизча қоқиб еявермайсизми. Бизда бунинг килоси фалон сўм ҳозир. Масалан, мана бу келтирган тарвузингизни олайлик, ё қовунингизни айтинг, а? Бекорчиликдан ҳам шуларни ерини чопиб, суғориб қўяверасиз-да, тўғрими?! Бозорга чиқарсангиз - пул! Ибий-ибий, бизда-чи, сўраманг буни қанчадан олишимизни...
Баҳриддин “меҳмон иззати учун дастурхонга қўйилган” ширинликлару, бошқа ноз-неъматларнинг нархини чамалаб чиқишдан ҳам эринмади. Машинаси йўқлиги, хотини иккаласи ишга бориб-келишнинг ўзига қанча йўлкира сарфлаётганини куйиниб гапирди айниқса. Поччаси “Унчалик ношукур бўлма...” деб кўнглини кўтармоқчи эди, аксинча, йигитнинг баттар яраси тирналишига сабабчи бўлиб қолди шўрлик.
Дами ичига тушди поччанинг. Кўнгли оғримади, кўнгли ғижимланган қоғоздай хижил бўлди поччанинг. Айтган гапига минг пушаймон еди. Анойи одам, бу ёқларда нарх-навонинг бунчалик кўтарилиб кетганини қаердан ҳам билибди.
Пича фурсатдан бери кўзга ташланмаётган келин дастурхонга ўртачароқ товоқда палов келтириб қўйди. Почча ҳар қанча қишлоқи бўлмасин, чойхона-пойхонага чиқиб юрган одам эмасми, чойхона паловини дарров таниди. Чойхонада шунақа, палов серсабзи бўлиб, устига саримсоқ ва қази босиб қўйилади. Ҳойнаҳой, буларнинг уйида гуруч, ёғ деганлари ҳам тақчил чиқар. Чин, сувгача сотиб олгандан кейин шаҳарда яшашнинг ҳам ўзи бўлмаса керак, чин. Бечора келини, аҳволини сездирмай деб пастдаги тамаддихонадан овқат келтирибди, шекилли.
Келини товоқни дастурхонга қўйиб, синиққина табассум қилди:
- Олинг, почча, дастурхонга қараб ўтиринг. Ўз уйингиздагидай бемалол... - сўнгра ўғилчасини етаклаб нариги хонага чиқиб кетди.
Баҳриддин ҳам поччани ошга уннай бошлади, лекин...
Почча она-бола чиқиб кетган эшикка тикилиб қолди... Шугиналарда бор виждон поччада йўқми? Шугина гўдак ошдан мен ҳам ей демади, шугина гўдак ҳалитдан бери дастурхондаги бирор қанд-қурсга узанмади. Шугина гўдак... Қариндошнинг рўзғори бекорга бунчалик чарчамайди. Сир беришни истамаяпти, ишида бир ишкаллик чиққанга ўхшайди бунинг. Поччанинг ичидан ич-қириндиси кетди. “Эй, меҳмонга келмай ҳар бало бўл, Эшим говкалла! Етмай ётган ҳолинг бормиди, ўлармидинг шунча вақтдан бери хеш бўлиб бир хабар олсанг... Ўлармидинг хотиндай қатиқ кўтариб юргунча, бир қўйни сўйиб, нимталаб келсанг...” .
Почча алам билан нон кавшади. Еганлари заҳри заққум бўлди, ичган чойи ичакларида шалдур-шулдур қилди. Баҳриддинбой шаҳар шароитию, нарх-навоси ҳақида нолишдан, почча ичида ўзини сўкишдан чарчамади. Ўртада овқат музтар қолди... Баҳриддин сезмагандек поччасини ошга уннаб қўяр, унинг тобора тўнаётган рангига қараб “Касаллиги чинга ўхшайди, - дея ўйларди. - Қарз қайтарадиган ҳоли йўқ бунинг, сўраб қолса худо урди!”
Ниҳоят, поччанинг сафари қариб, мезбонлардан кетишга рухсат сўради. Баҳриддин “ётиб кетасиз”, деб ҳарчанд қисталанг қилмасин, унамади. Қариндошни бағрига босиб хайрлашаркан, ўпкаси тўлди. Остонагача кузатишга чиққан келинига, унинг қўлидан сиқиб турган маъюсгина гўдагига қараб баттар эзилди. Сумкасини олишни ҳам унутиб, жўнаб кетди.
* * *
Қулоғи том битган почча шаҳарнинг гердайган, ҳиссиз бетон уйлари оралаб гандираклаб кетиб бораркан, бўғзига аччиқ бир нарса тиқиларди. “Эшим говкалла, ҳе, одамгарчилигингга лаънат сени, мол!” дея сўкарди ўзини. “Нормат серри, ўғлинг шаҳарда бу кунда яшайди-ю, ота бўлиб бош кўтариб юрганингга ўлайми, эшшак!” деб сўкарди божасини. “Тағинам гўдакнинг тантилигини қара, дарди ичида, барибир сир бой бермади-я. Аҳволи бунақа эмасди-ку, нима бўлди экан бунинг ишига...” - ўйининг адоғи кўринмасди...
Айни пайтда эса Баҳриддин билан хотини ўзга бир кайфиятда эдилар.
- Гап билан пиширивордим, нимага келганини унутиб, яна сумкасини ҳам ташлаб кетибди бу почча, - тиззасига уриб куларди қариндош...
Почча автобус бекатига яқинлашганда ортига бурилиб, бошқа домларникидан ажралиб ялтиллаб турган кўкиш, олди балконли деразага яна бир марта назар ташлади: “Беш кунда Жумабозор, соғим сигирни сотаману, пулини келтираман. Қариндош деган шундай кунда ярамаса, тўнғиз қўпсин!..”
Байрам АЛИ