Хусусан, "Ўзбекистон почтаси" акциядорлик жамияти ва унинг филиаллари томонидан ҳам бугун мижозларга қарийб йигирмага яқин турдаги хизматлар кўрсатилаяпти. Шу билан бир қаторда, кўрсатилаётган хизмат турларини янада замонавийлаштириш, ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда, ишнинг сифати ва тезкорлигини оширишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Бу ҳақда "Ўзбекистон почтаси" акциядорлик жамияти, жамиятнинг вилоят филиаллари ҳамда таркибидаги ташкилотларнинг раҳбар ходимлари, мутахассислари иштирокида Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган ўқув курсларида таъкидлаб ўтилди.
Курсларда почта хизмати мутахассисларини корпоратив бошқарувининг илғор услублари билан таништириш, миллий операторнинг фаолиятини диверсификация қилиш йўлларини ўрганиш, кадрлар салоҳиятини замон талаблари даражасига мослаштиришга эътибор қаратилди.
Тегишли дастурга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг "Корпоратив бошқарув" илмий-таълим маркази, "Ўзбекистон почтаси" АЖнинг юқори малакага эга мутахассислари ўқув курслари қатнашчиларига почта хизматлари соҳасида умумий маркетинг, менежмент, молияни режалаштириш ва прогнозлаш, инвестицион қарорларни баҳолаш, бошқарув амалиёти масалаларига оид назарий тушунчалар беришди.
Шу билан бир қаторда, иштирокчилар Қашқадарё вилояти туманлараро почта алоқаси боғламалари ва алоқа бўлимларида почта хизматларининг кўрсатилиши бўйича амалий тажриба ҳам алмашишди.
Уч кун давом этган машғулотлардан сўнг қатнашчилар Шаҳрисабз шаҳрида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари билан танишиб, бу ердаги тарихий обидаларни зиёрат қилишди.
Ж.БОЙМУРОДОВ