"Ўйлама, ғамгин юрак, ўлканг гулистон бўлғуси,
Очилиб ҳар ён чечаклар мисли бўстон бўлғуси...",
деган сатрлар айланаверди. Фикрларим фақат шу мисраларга урилаверди. Сўнг шеърнинг давомини эсладим:
"Шонли куч, эркин ҳаёт бирлик шиоринг ярқираб,
Миллий байроғинг буюкликда намоён ўлғуси...".
Мени ўзига мафтун қилган нарса шеърдаги оҳанггина эмас, балки аввало унинг бундан 65 йил илгари Жезқазғон жазо лагерида битилгани ва айнан Қуръон мусобақасида ғолиба опа-сингилларнинг ноҳақ қамалиб маҳкумликда яшаган боболари Нажмиддинхон Ҳомидов қаламига мансуб бўлгани эди.
Дарвоқе, Нажмиддинхон Ҳомидов сталинча истибдод туфайли 8 йил асирликда азоб-уқубатда яшади, Асирий тахаллуси билан ёзган шеърларини хатлари билан бирга Китобнинг Сариосиё қишлоғида яшаётган волидаи муҳтарамаси Шарофатойимга юбориб турди. 1955 йилда айбсиз деб топилиб, қамоқдан озод этилганида, онаcи қувонганидан: "Болам, сиз энди асир эмас, озодсиз, нажот топдингиз, Асирий тахаллусини ташланг, Нажотий деб шеър битинг", деганлар. Шундан кейин ҳам Нажмиддинхон Ҳомидов кўплаб дилбар ғазаллар битганлар.
Хаёлимда юқоридаги мисралар чарх урганининг бошқа сабаби ҳам бор. Негаки, Нажмиддинхон ота (у кишини Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) айтган дориломон кунлар ҳақиқатдан келди. Истиқлол туфайли юртимиз кунда бир яшнаб, ҳар ён чечаклар очилиб, мисли бўстонга айланди. Дину диёнатимиз қайтиб, масжидлар, мадрасалар, ислом олийгоҳлари очилди. Яна Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистонда қори ва қориялар ўртасида ҳифз (Қуръони каримни тўлиқ ёд олган мураттаб қори ва қориялар) ҳамда тиловат (Қуръони Каримни чиройли ўқийдиган муважжад қори ва қориялар) йўналишларида "Қуръон мусобақаси - 2018" танлови ташкил этилди.
Аёл-қизлар ўртасидаги мазкур мусобақада ҳифз йўналишида олий мукофот (Гран при) соҳибаси деб китоблик Робияхон Нажмиддинова топилди. Тиловат йўналишида эса 18-25 ёшли аёл-қизлар ўртасида Робияхоннинг опаси Нозимахон Нажмиддинова биринчи ўрин соҳибаси бўлди.
Бу опа-сингиллар биз сизга ҳикоя қилган Нажмиддинхон отанинг набиралари, ўғли Қутбиддинхоннинг қизлари бўлиб, айни пайтда Робияхон Тошкент ислом институтида таҳсил кўрса, Нозимахон бола тарбияси билан машғул...
Опа-сингиллар ютуғи менинг бу оила аъзолари ҳақида билганларимни ёдимга туширди. Уларнинг катта бувиси Шарофатойим (у кишини биби Мушаррафа деб ҳам аташган)нинг адабиётга иштиёқи баланд бўлиб, ҳар сўзларини қофияли қилиб айтган, араб ва форс тилларини пухта ўзлаштирган. Отаси Иноятуллахўжа Журмий, акаси Шукруллохон Конеъ, Файзуллахон эса Равнақий тахаллуси билан шеърлар ёзган.
Шарофатойимнинг катта ўғли шайх ва шоир Исмоилхон Фақирийнинг "Девони Фақирий" номли китоби чоп этилган. Чиройли ғазаллар битган. Иккинчи ўғли Нажмиддинхон ота ҳақида юқорида фикрлар билдирдик. Учинчи ўғиллари Аббосхон Ҳомидов ҳам нозик дидли, шеъриятга ихлоси баланд киши бўлган. Қизиғи шундаки, уч ўғилнинг фарзандлари, яъни Шарофатойимнинг набиралари ҳам маънавиятли, маърифатли, қалбларида адабиётга ошнолик бор. Улардан бири Мунисахон Ҳамидованинг шеърларини ўқисангиз, мумтоз адабиётимизнинг ажиб бир ифори таралаётгандай бўлади. Фикрлари теран, салмоқли. Айниқса, улуғ-улуғ шоирларимизнинг шеърларига битган мухаммасларидан ҳайратланмай илож йўқ. Нажмиддинхон отанинг қизи Хуршидахон Ҳамидова ҳам чиройли шеърлар ёзади. Унинг юморга бой сатрларини ўқигач, беихтиёр юзингизда табассум уйғонади. Қувончини ҳам, ташвишини ҳам шеър билан баҳам кўради. Оиланинг бошқа аъзолари орасида ҳам шеър битмагани йўқ ҳисоби. Улардан бири ёзган шеърга иккинчилари мухаммас боғласа, учинчилари назира битади.
Нозимахон ва Робияхон Нажмиддиновалар ана шундай маърифатли оилада камол топишди. Нозимахон дастлаб Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юртида, кейин Тошкентдаги Хадичаи Кубро ислом билим юртида таҳсил кўрди. Танлов асосида билим юртидаги махсус қориялар тайёрлаш курсига қатнади. Қуръоннинг 20 порасини ёдлашга муваффақ бўлди. Бир пайтнинг ўзида араб тилини ўрганди.
Робияхон тумандаги 3-сонли академик лицейни битиргач, Тошкент ислом институтига ўқишга кирди. Устозлари кўмагида олти ойдан сал зиёд вақт ичида Қуръонни тўлиқ ёдлашга муваффақ бўлди. Инглиз ва араб тилларини мукаммал ўрганди.
Опа-сингиллар қўлга киритган ютуқлари сабабини оиладаги маънавий-маърифий муҳитга ҳамда устозлари заҳматига боғлашади. Қолаверса, ҳар иккаласи ҳам мусобақага руҳан тайёр, қалблари ислом нури ва Қуръон каломлари ила нурланган эди. Шу сабаб мусобақа пиллапояларидан юқорилаб кетишди. Улар учун энг қувончлиси, Нозимахонга турмуш ўртоғи билан, Робияхонга ота-онаси билан Рамазон ойида Умра зиёратига бориш учун йўлланма берилгани бўлди.
Олий ўрин (Гран-при) соҳибаси Робияхон Нажмиддинова Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган 60-халқаро Қуръон мусобақасида иштирок этиб, 58 та мамлакат вакиллари орасида кучли бешликдан ўрин олди.
Мақоламни тугатар эканман, яна хаёлимга Нажмиддинхон ота асирликда битган юқоридаги шеърнинг давоми келди:
...Шаҳру қишлоқ, кент аросидаочиб дорулфунун,
Илм ўқиб анда қари-ёшлар билимдон ўлғуси.
Ўсгуси кундан-кунга санъат ила корхоналар,
Бошқа давлатлар таҳаййурдан дили қон ўлғуси.
Ҳақ насиб этса, ривож олгай дини исломимиз,
Ҳам шаҳидлар руҳига кўп хатми Қуръони ўлғуси.
Бул ҳама бошдин кечирган кулфату ранжу алам,
Ёзилур зарҳал билан тарихда достон ўлғуси...
Нажмиддинхон ота 65 йил илгари Жезқазғон жазо лагерида ёзган бу мисралари билан бугунги кунимизни башорат қилгандай гўё...
Лола ЎРОҚОВА