Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

07.01.2020


ПОЛИЭТИЛЕН "СЕТКА" ЎРНИГА ЭКОПАКЕТ

Кичик бизнес

Тадбиркорнинг муваффақиятини таъминловчи асосий омиллардан бири у кўрсатаётган хизмат ёки ишлаб чиқараётган маҳсулотга бўлган талабнинг юқорилигидир. Аввал-бошданоқ бозорни пухта ўрганиб, шунга асосан иш кўрган, талаб юқори ёки истиқболда юқори бўлиши кутилаётган хизмат ва маҳсулот турларини тақдим этган ишбилармон эса асло ютқазмайди.

Яккабоғлик Рустам Очилов ҳам ана шу жиҳатга эътибор қаратган ҳолда, янги лойиҳани амалга оширди. У раҳбарлик қилаётган "Маданият  текстиль" масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги корхонада атроф-муҳит озодалиги ва инсон саломатлиги учун зарарсиз экопакетлар ишлаб чиқарилмоқда.

- Бугун дунёнинг кўпгина мамлакатларида истеъмолчилар полиэтилен пакетларни ишлатишдан воз кечиб,  тўлиқ экопакетлар, яъни экология ва инсон саломатлигига зарар келтирмайдиган матолардан тайёрланган сумкалардан фойдаланишга ўтишган, - дейди тадбиркор. - Сўнгги йилларда, юртимизда ҳам бу жиҳатга жиддий эътибор қаратилмоқда. Биз ҳам мавжуд талабдан келиб чиққан ҳолда, айнан ушбу йўналишда иш бошлашга қарор қилдик. Лойиҳамиз ўз вақтида маҳаллий ҳокимлик томонидан қўллаб-қувватланиб, ҳудуддаги бўш турган бинонинг ноль харид қийматида берилиши ишимизни янада тезлаштириш учун имкон яратди. Бу ерни ишлаб чиқариш учун мослаштириб, 83 та тикув машинасини харид қилдик ва ўтган йилнинг ноябрь ойидан тўлиқ фаолият бошладик.

Айни пайтда корхонада хом бўздан бир неча тур ва ўлчамдаги экопакетлар ҳамда пахта тойлари учун махсус қоплар ишлаб чиқарилмоқда. Тайёр маҳсулотнинг бир қисми ички бозорга етказиб берилаётган бўлса, қолгани экспортга йўналтирилаяпти. Бу фаолият ортидан эса ҳудуддаги 92 кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo