Ўзбекистон Республикаси Президентининг
"Обод қишлоқ" дастури тўғрисида"ги фармонидан.
Инсониятнинг барча эзгу нияти, орзу-ҳаваси фаровонликка эришиш, гўзал турмуш кечириш истаги атрофида жамланади. Тўғри, ҳамма вақт ҳам истаганингга эришиб бўлмайди, гўзал турмуш биргина ҳавас билан амалга ошадиган иш эмас. Шу боис аждодларимиз кўпчиликни ягона мақсад йўлида бирлаштирувчи ҳашар, ҳайров каби ишларни одатга айлантиришган. Аммо яқин ўтмишдаги қарийб етмиш беш йил ҳукм сурган, ҳаммани бир қолипда фикрлашга етаклаган тизим аксаримизнинг фикрлаш доирамизга боқимандалик кайфиятини бахш этди. Ҳатто кундалик турмушда учрайдиган енгил-елпи ишлар ҳам кимлардир томонидан бажарилишига ўргандик.
ЭШИГИ СУПУРИЛГАН ҲОВЛИ
Отам раҳматли оғир хасталикка чалингач, Тошкентдаги оромгоҳлардан бирига боришни ихтиёр этди:
- Зора янги танишлар орттириб, хасталикни бироз унутсам.
Ота истаги фарзанд учун вожиб. Икки акам билан машинамизда йўлга чиқдик. Қуёш пирпираб турганда Булунғур тумани марказига етиб келдик.
- Озроқ ҳордиқ чиқарайлик, бирор хонадондан жой сўранглар, - инжиқлик қилдилар падаримиз.
Дуч келган биринчи хонадон эшиги олдида машинани тўхтатдик.
- Нега бу ерда тўхтадинглар, нарироқ ҳайданглар, - унамади отамиз.
Бироз юрганимиздан сўнг у киши:
- Тўхтат, шу ҳовлига тушамиз, - деб қолдилар.
Дарвозага ўрнатилган қўнғироқни босдик. Ҳовлидан озода кийинган, мош-гуруч соқол-мўйлови чиройли кузалган кекса киши чиқди:
- Келинглар, меҳмонлар, - кимлигимизни сўраб ўтирмасдан мулозамат кўрсатди у киши.
Мақсадимизни, шароитимизни айтдик.
- Бош устига, бир кеча минг кеча бўлибдими, қани отахонни туширинглар.
Хонадон соҳиби шинамгина хонага етаклаб кирди, эсонлик-омонлик сўрашгандан сўнг дастурхон тузаш ташвишига тушиб кетди. Анча пайтгача мезбон билан суҳбатлашиб ўтирдик. Юзига бардамлик инган отамиз барибир ётиб қолишга унамадилар:
- Иззатингиз учун минг раҳмат, илоҳо хонадонингиздан файз-барокат аримасин, энди бизга рухсат берсангиз.
Мезбон билан кўп йиллик қадрдонлардек хайрлашдик.
Йўлда мавридини топиб отамдан нега биринчи жойга тушишга унамагани, нега иккинчи хонадонни танлагани сабабини сўрадим.
- Одам эътиборли бўлиши керак, - деди отам. - Ҳар иккала ҳовлининг дарвозаси олдига разм солдингларми? Биринчисиники супириб-сидирилмаган, неча йиллик гард босиб ётибди, иккинчисиники эса ёғ тушса ялагудек алфозда. Дарвозаси олдини озода тутмаган, ўзининг қадрига етмаган киши сену менга қошини читмай жой топиб берармиди, болам!
ТУРМУШ ТАРЗИДАН САБОҚ
Ўтган йил ёзда ўзим гувоҳ бўлган бир ҳолат юқоридаги ибратли воқеани эслашимга туртки берди. Қуёш пирпираб, олис уфққа оққан маҳал таниш қишлоқ фаолларидан бири қўнғироқ қилиб қолди:
- Домла, иккинчи миттитуман аҳолиси туман ҳокимига арз қилган экан, ҳозир учрашув бўлармиш, бормайсизми?
Иккинчи миттитуман деганимиз Миришкор туманининг энг чекка қишлоғи - Помуқдаги 13 та икки, 2 та тўрт қаватли бинони ўз ичига олади. Қишлоқда 16 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Буни оилаларга тақсимлаганда 3674 тани ташкил этади. Гарчи аксар оилалар томорқа деҳқончилигини ривожлантириш ҳақида тузукроқ бош қотирмаган бўлса-да, кимдир бир, бошқаси ярим гектар майдон атрофини ҳовли девор қилиб ўраб олган бир шароитда миттитумандаги жами 15 та бинода 231 хонадонга мўлжалланган турар жой бўлиб, уларда 200 дан зиёд оила яшаркан.
Миттитуман аҳолиси туман ҳокими ташрифидан хабардор шекилли, у ер-бу ерда давра қуриб туришибди. Хуллас, кўп ўтмай ҳоким хизмат машинасида етиб келди. Ўзини мазкур ташриф ташаббускори қилиб кўрсатиш пайидаги айрим кимсалар чувиллаб, арз-дод айтишга тушди:
- Ичимлик суви йўқ;
- Уйларнинг томидан чакка ўтади;
- Табиий газ таъминоти ёмон;
- Ҳатто дурустроқ ҳожатхона ҳам йўқ....
Туман раҳбари "ташаббускор"ларни миттитуман ҳудудини айланиб чиқишга ундади. Мавжуд тўрт кўча ҳам ҳар икки томондан архитектура қоидаларига зид ҳолда барпо этилган, манзилгоҳ ҳуснига сўгал бўлиб тушган паст-баланд тандирхона, гараж ва бошқа қурилмалар билан ўтиб бўлмайдиган ҳолатга келган, ҳамма жойда турли чиқиндилар ачиб-бижғиб ётибди.
Кўз остидан боя бировга навбат бермай, ким ўзарга гапирган эркак-аёлларга назар ташлайман. Уларнинг эса парвойи фалак, гўё ҳеч нарса содир бўлмаган, ипирисқи ҳолат учун бошқа биров жавобгардек. Иккита тўрт қаватли турар жой биноси тевараги ҳам бундан қолишмайди. Бинолардан бирининг соя томонида карта ташлаб ўтирган беш-олти бекорчихўжа ҳам одамлар тўдаси яқинлашаётганини кўриб, эринибгина ўринларидан қўзғалишди. Мана сизга юқорида эътироф этилган боқимандалик кайфиятининг яққол намунаси. Одатда халқимиз янги ҳовли пойдеворини тутишдан олдин ёғоч-тахтадан бўлса-да, ишчиларга таом пишириш учун ўчоқхона, тағин ҳожатхона қуришади. Ҳаммом, таомхона деган нарсалар кейинчалик, йўл-йўлакай ҳал этилаверади.
Шу аснода айнан биров изза қилиб ўтирилмади, қисқача якун ясалди:
- Ободлик кўнгилдан бошланади, оддий ҳашар билан бартараф этиш мумкин бўлган шунча муаммо бор, уларни тугатишга ҳар бир киши ўз ҳиссасини қўшсин, кейин ҳамма истакларингизни бажо этишга қўлимиздан келганича ёрдам берамиз...
МИТТИТУМАНДА ИШ ҚИЗҒИН
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Обод қишлоқ" дастури тўғрисида"ги фармонига мувофиқ қайта чирой очаётган миттитуманда бўлдик. Бу ер чинакамига қурилиш майдонига айланган. Кимдир бинолар ҳуснига доғ тушириб турган ноқонуний қурилмаларни бузиш билан шуғулланаётган бўлса, бошқа қурилиш ташкилоти ишчилари биноларни бетон қоришма билан суваш, ранглаш, томини ёпиш ишларини бажармоқда. Мутасадди ташкилотлар вакиллари, аҳоли билан суҳбатимиз мавзуи дастур ва унинг асосида ҳаётга татбиқ этилаётган янгиликлар ҳақида борди.
- Ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз, атиги бир ой олдин бу ерни келиб кўрган киши бугун кўзига ишонмайди, - дейди Баҳористон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Иброҳим Исмоилов. - Ҳаммаёқ ташландиқ ҳолга келиб қолганди. Мана, қилса бўларкан. Аҳоли ихтиёрий равишда ноқонуний қурилишлардан воз кечди. Қулай инфратузилма шаклланишидан биринчи навбатда ўзлари манфаатдор эканини тушунишди.
- Дастур доирасида Помуқ қишлоғида 19 миллиард 623 миллион сўмлик қурилиш, янгилаш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади, - дейди туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Мангуберди Қурбонов. - Шу жумладан, кўп йиллардан буён қаровсиз ҳолга тушиб қолган 15 та кўп қаватли уй-жойдан 10 та икки қаватли, 2 та тўрт қаватли уйнинг том қисми мукаммал таъмирланиб, кўркам кўринишга келтирилмоқда. 4 та болалар майдончаси ташкил этилиб, барча пиёдалар ва кириш йўлаклари бетон қоплама билан янгиланади. Тунги ёритқичлар ўрнатилиб, электр тизими ва табиий газ қувурлари қисман янгиланади, қолган қисми таъмирланади. Кўп қаватли уйлардаги ертўлаларни тозалаш ҳам режамизда бор. Жами 238 та кам таъминланган ва турмуш шароити ночор оилаларнинг уй-жойлари том, фасад қисмлари таъмирланиб, дарвозалар ўрнатиш ва бошқа ишлар бажарилади. Бундан ташқари, ҳомийлар ёрдами билан 29,4 километр масофадаги Муборак-Помуқ ичимлик суви магистраль тармоғига янги қувурлар ётқизилиши бошланди.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси Турсинхан Худойберганов ҳамда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев туманда бўлишди. Чандир, Жейнов қишлоқлари аҳолиси билан учрашув асносида ушбу икки қишлоқ ҳам кенг кўламдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Бундан ҳудуд аҳолисининг кўнгли тоғ қадар юксалди, десак муболаға бўлмайди.
Абдунаби АБДИЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси