Биргина олий ўқув юртларидаги “сессия мавсуми” ҳақидаги қулоққа тез-тез чалинувчи гап-сўзларни олайлик. Талабаларнинг аксарияти ўз билими билан баҳо ололмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Шу йўл билан “ўқиб” олийгоҳни тамомлаган кимса қайсидир жамоага бориб қўшилади. Бундайлар шифокор бўлса, беморнинг ҳоли, бордию муаллим бўлса, ўқувчининг аҳволи нима кечади?
Порахўрлик яратган бундай “кадр”дан жамият ривож топмайди. Масалан, бир устадан эшикми, ромми олган одам унинг яроқсизлигини билса, дарҳол қайтариб беради. Нега жамиятга яроқсиз кадр тайёрлагани учун олийгоҳ ўқитувчисининг ёнига ҳеч ким бормайди? Нега ўқитувчи зарур мутахассис эмас, порахўр тарбиялагани учун жазо олмаслиги керак?! Ҳечқурса, ўзининг хатти-ҳаракати бунга сабаб бўлганини ҳис этмаслиги керак?
Ўтган йили бир танишим онкологик касаллик билан оғриб, шифохонага борди. Дўхтирлар даволашга 21 миллион сўм кетишини айтишибди. Қаранг, ҳатто яхлит 20 миллион ҳам эмас, гўёки бу борада қандайдир ҳисоб-китоблар бору дўхтирлар бунинг аниғини айтишаяпти. Ваҳоланки, онкология шифохоналарининг барчасида даволаш ишлари текин амалга оширилиши хусусида кўргазмалар осиб қўйилган.
Бояги танишим бошқа шифохонада 8 миллион сўмга операция қилдиришга мажбур бўлди. Чунки биладики, бундай вақтда дўхтирлар билан талашиб-тортишишнинг фойдаси йўқ. Ё дард янаям кучаяди, ё жондан кечишга тўғри келади.
Хўш, ўша 8 миллион сўм давлат ғазнасига кирим қилиндими? Йўқ. Дўхтирнинг чўнтагига кирди. Демак, бемор дарддан фориғ этиши учун шифокорга пора тутқазишга мажбур бўлди. Бундан бошқа йўли бормиди? Бор эдию, ҳаёт учун курашиб турган пайтда қўшимчасига порахўрлик билан курашни ким ҳам зиммасига оларди? Бундай пайти турли идораларга арз қилиб юришга кимнинг вақти-хоҳиши бор дейсиз. Бемор неча юз километр йўл босиб, шифокорни йўлдан ураман, қандай бўлмасин, пул тиқиштираман, деб бормаганди-ку. Шунақа. Порага сабаб бўладиган омиллар кўп.
Ёки ўзимдан мисол. Ўғлим олийгоҳни тамомлаб, иш излаб бормаган жойи қолмади. Ўзим ҳам бу борада анча-мунча жойга бориб учрашиб кўрдим. Аниқ биламанки, бирор таниш топиб, озроқ “йўталсам”, ўғлим қисқа вақтда ишга жойлашган бўларди. Бироқ буни ўзимга эп кўрмаганим учун мана у бир ярим йилдан буён ишсиз юрибди.
Аслида пора – берган ва олган ўртасидаги муносабат эмас, жамият тараққиётига болта урадиган иллат. У қилинмаган ишни “қилинди”, деб кўзларни бўёвчи қора бўёқ. Бу иллатни оғизда айтиш билан осонгина йўқотиб бўлмайди. Эгри ўс(аёт)ган дарахтни қўпориб, ўчоққа қаласа, ёқиб юборса бўлади, бироқ эгри қўлни...
Эгри қўлларни йўқотиш учун аввало, бюрократик тўсиқларни йўқотиш, “ўзим - хон, кўланкам – майдон” қабилида иш тутувчиларни тийиб туриш керак. Мана, кўриб-кузатаяпмиз – порахўрликка барҳам бериш учун мамлакат миқёсида муҳим ишлар қилинаяпти. Бироқ ҳар ким ўз виждони олдида ҳисоб бермас экан, бу иллатни йўқотиш қийин кечади.
Элмурод РАЙҲОНОВ