Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи доирасида хўжалигимиз томонидан Қарши шаҳрида рўёбга чиқарилаётган истиқболли лойиҳа билан танишиб, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш борасида ўз тавсияларини берди. Ушбу жараёнда Президентимиз фермерлар юртимиз аҳолиси фаровонлигини янада ошириш, юқори иқтисодий аҳамиятга эга лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, шу орқали янги иш ўринлари ташкил этишда фаоллик кўрсатиши керак, дея таъкидлади ва бу билан биз, қишлоқ мулкдорларига юксак ишончини изҳор қилди.
Дарҳақиқат, фермер бойигани сари қишлоқда инфратузилма ривожланаяпти, янги тармоқлар йўлга қўйилмоқда, аҳоли бандлиги ошмоқда. Бизга туман тақдирига дахлдор асосий куч сифатида қаралаётгани ҳам рост. Бу ишончни тинимсиз изланиш ва саъй-ҳаракатларимиз билан оқлашимиз, ҳар жабҳада ташаббускорлик намойиш этишимиз лозим.
Кўраяпмизки, бугун одамларнинг дунёқараши аввалгидек эмас, меҳнатга муносабат ўзгарган, астойдил ишлаган инсон, албатта, рағбат топмоқда. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бераётган юксак самараларни биргина фермер хўжалигимиз томонидан соҳада қўлга киритилган ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Хўжалигимиз 2014 йилда ташкил этилган бўлса, ўтган даврда фаолиятимизда ҳар жиҳатдан ўсишга эришилди. Ишни аввал деҳқончиликдан бошлаганмиз. Айни дамда кўп тармоққа асосланган фаолият юритаяпмиз. Ғалла ва пахтачиликдан ташқари боғдорчилик, полизчилик, чорвачилик каби йўналишларни ривожлантираяпмиз.
Тасарруфимизда 67 гектар ер майдони бор. Шунинг 36 гектарида пахта, 20 гектарида ғалла парваришлаймиз. Жорий йилдан эътиборан 10 гектар ерда экспортбоп қовун етиштиришни йўлга қўямиз. 2016 йилда 1 гектар жойда интенсив боғ барпо қилгандик. Яримпакана олма ва олхўри дарахтларини ўстираяпмиз. 2 йилдан сўнг ҳосил олишга киришамиз. Чорвачилик ҳам хўжалигимизнинг асосий даромад келтирувчи тармоқларидан. Ҳозирда 65 бош йирик шохли қорамол, 120 бош қўй-эчки боқаяпмиз.
Даромадимиз кўпайиб бориши билан янги режаларни ҳаётга татбиқ этиш имконияти юзага келмоқда. Тез орада нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этамиз. Янги корхона чет элдан келтирилган замонавий технологиялар билан жиҳозланади. Қарши шаҳрида замонавий типдаги кушхона ва гўшт сақлашга мўлжалланган совуткич ташкил этишни кўзда тутувчи лойиҳамизнинг умумий қиймати эса 6 миллиард сўмдан зиёдга баҳоланган. Ушбу маблағнинг бир қисми тижорат банки кредити бўлса, қолгани ўз сармоямиздир. Бу борада аллақачон катта ҳажмдаги ишларни бажардик. Хориждан замонавий ускуналар олиб келиб ўрнатилган. Ишлаб чиқариш жараёни автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади, ветеринария-санитария талабларига риоя этилиши таъминланади. Асосийси, лойиҳа рўёбга чиқарилгач, кўплаб ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлади.
Президентимиз лойиҳамиз билан яқиндан танишар экан, унинг иқтисодий самарадорлиги ва ижтимоий аҳамиятига юқори баҳо берди, бундай лойиҳалар мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим омил эканини қайд этди. Юртбошимизнинг эътирофи кучимизга куч, ғайратимизга янада ғайрат қўшди, бизни янги марраларни забт этиш сари ундади.