Ёшлар ва давр
Қарши шаҳрининг қоқ марказидаги 2 гектар майдонда хорижий стандартлар асосида таълим бериладиган Президент мактаби қад ростламоқда.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги қарори асосида ўтган йили Тошкент, Хива, Нукус ва Наманганда Президент мактаблари ташкил қилинган, 2020-2021 йиллар оралиғида эса барча вилоятларда шундай муассасаларни қуриш режалаштирилган эди.
Мустақиллик кўчасида жойлашган, Алишер Навоий номли истироҳат боғига туташ сўлим ҳудудда қад ростлаётган давлат умумтаълим муассасаси қурилиши ишлари "Пудина Қувончбек" МЧЖ қурувчилари томонидан бажарилмоқда.
- Шу йилнинг февраль ойида 200 га яқин қурувчи билан қурилиш ишларини бошлагандик, - дейди жамият раҳбари Собир Холмуродов. - Ҳозиргача лойиҳанинг салкам учдан бир қисмини бажаришга улгурдик. Мактабнинг ўқув хоналари, бассейн ҳамда спорт зал биноларининг биринчи қаватидаги девор қисмлари тугалланиш арафасида. Бу борада Тошкент шаҳридаги Президент мактаби қурилиш-пардозлаш ишлари билан танишиб келганимиз, Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат, Косондаги 76-мактаб, ундан аввал вилоят ҳокимлиги қишки ва фаоллар зали қурилишидаги тажрибаларимиз анча қўл келди. Ушбу мактабни йил охиригача фойдаланишга топширишни мақсад қилганмиз.
168 нафар билимли ва салоҳиятли ўқувчи таҳсил олиши кўзда тутилган Президент мактабида автотураргоҳ - паркинг, ўқув блоки, майдон, дам олиш зоналари, сокин ҳудуд, ётоқхона, ошхона, хориждан келиб дарс ўтадиган ўқитувчилар учун меҳмонхона, мини стадион, волейбол ва баскетбол ўйингоҳлари бўлади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Президент мактаблари 5-11-синфларнинг иқтидорли болалари учун инновацион таълим комплекслари бўлиб, ўқиш ўзбек ва инглиз тилларида олиб борилади. Ўқувчилар белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбат натижаларига кўра танлаб олинади. Мазкур мактабларда хорижий стандартлар асосида бепул умумий ўрта таълим берилади.
Ўқувчилар ҳафтанинг беш куни (душанба-жума) мактаб ҳудудида қолиб ўқишлари талаб этилади, дам олиш кунлари эса ота-оналар фарзандларини уйга олиб кетишлари мумкин. Бунда болаларнинг истеъдод ва қобилиятини максимал даражада оширишга асосий эътибор қаратилган.
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.