Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

11.09.2020


"ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБИГА ТАЙЁРЛАЙМИЗ" ДЕЙИШАЯПТИМИ? ИШОНМАНГ!

Нуқтаи назар

Қарши шаҳрида ҳам Президент мактаби тобора бўй чўзиб бораркан, вилоят марказидаги шаҳар кўчаларида, ижтимоий тармоқларда "Президент мактабларига тайёрлаймиз", "Президент мактабларига кириш учун оралиқ "repetitsion" тест синовлари", "Президент мактабига кирмоқчи бўлсангиз, бизнинг telegramдаги каналимизни кузатиб боринг" қабилида эълон бераётган, баннер чиқариб, кўринарли жойларга илиб қўяётган ўқув марказлари сони кўпайиб бормоқда. Айримлари эса ўз ишини ниқоблаш кўйида telegram манзилларида "Президент мактабига расмий алоқамиз йўқ" деб ёзиб ҳам қўйишган. Шунинг ўзи парадокс-да: Президент мактабига расмий алоқамиз йўқ, десаю ижтимоий тармоқдаги каналининг номи "Президент мактабига тайёрлов" деб номланса?! Ғалати-да, тўғрими?

Кўпчилик ота-оналар эса бу эълонларни "Президент мактабига киритиб қўяркан" деган мужда янглиғ қабул қилаётгани-да рост. Аслида ўша эълон берувчиларга ҳам шу керак: ким ҳам боласини нуфузли, истиқболи борлиги айтилаётган ва шунга яраша шароит ҳозирланаётган мактабларда ўқитгиси келмайди дейсиз?

Мавриди келганда айтиб ўтайлик, Президент мактаби ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаси ҳисобланиб, унинг фаолияти юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш учун иқтидорли болаларни аниқлаш ва ўқитишни таъминлашга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида      14 та Президент мактаби ташкил қилинади.

2019 йилда шундай мактаб-интернатлар Тошкент, Хива, Нукус ва Наманганда очилган бўлса, 2020-2021 йил оралиғида барча вилоятларда Президент мактабларини қуриш режалаштирилган.

Энг муҳими, мазкур мактабларда бепул умумий ўрта таълим берилади.

Мактабда сифатли, замонавий   таълим олиш учун ҳамма имконият   муҳайё, мини стадиону спорт зал, ётоқхонаси бор, ўқитувчилар эса ҳатто хориждан жалб қилинмоқда, улар учун муассасада меҳмонхоналар фаолияти йўлга қўйилган.

Яна бир эътиборга молик жиҳати, катта маблағ сарфланиб, шунча шароит ҳозирланаётган мактабда бор-йўғи   168 нафар ўғил-қиз ўқийди, холос. Аниқроғи, имтиҳонларни муваффақиятли топширган шунча бола ўқишга қабул қилинади ва уларга мукаммал таълим берилади.

Кўриниб турибдики, талаб, рақобат ҳам чакана бўлмайди. Энди биласиз, бизда қанчадан-қанча ҳоким, прокурор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, қўйингки раҳбар зоти кўп ва улар ҳам ҳамма каби боласи Президент мактабида ўқишини хоҳлайди (бошқаларга нисбатан айнан шундай оилаларда етарли шароит яратиб берилгани уларнинг фарзандларини  дастлабки талабгорлар сафига олиб чиқади демоқчимиз). Қолаверса, чекка-чекка қишлоқларимизда ҳам кўплаб иқтидор эгалари борки, йўл очиб берилса, улар-да қўл қовуштириб ўтирмайди, нуфузли мактаб ўқувчисига айланишга астойдил ҳаракат қилади.

"Президент мактабларига тайёрлаймиз" деган эълонлар эса боласининг мактабда ўқишлари яхши бўлса-бўлмаса, қобилияти борми-йўқми, катта "кураш"га бошқа ота-оналарни ҳам қўшади. Бу табиий. Балки мактабда тузук ўқимаган боланинг қобилияти ўқув марказида рўёбга чиқиб қолиши мумкин.

Лекин бир нарсани эсдан чиқарманг: ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБЛАРИГА КИРИШ УЧУН ТАЙЁРЛАЙДИГАН РАСМИЙ ЎҚУВ КУРСЛАРИ МАВЖУД ЭМАС!

Бу ҳақда бир муддат аввал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ҳам алоҳида эслатиш берганди.

Агентлик таъкидига кўра, Англиянинг Cambridge assessment ташкилоти томонидан ташкил қилинадиган тест синовларига турли ўқув марказлари томонидан одамларга тақдим қилинаётган тестларнинг умуман алоқаси йўқ.

Шунингдек, PRESIDENT SCHOOLS (BLOG), Next Step Up School, Reprez.uz веб-саҳифаси ёки "Президент мактаблари учун тайёрлов курслари" деб эълон бераётган бошқа ўқув курслари Президент мактабларига умуман     дахлдор эмас.

"Асосий мақсадимиз - иқтидорли, билимга чанқоқ, ўз устида доимий равишда ишлайдиган, изланадиган, шижоатли ўқувчиларни шаффоф синов орқали танлаб олиш. Биз фарзандлари келажаги ва тарбиясига катта эътибор бериб, улар камоли учун тинмай ҳаракатда юрган барча ота-оналарга куч-ғайрат тилаб қоламиз!", дейилганди агентлик хабарида.

Шундай экан, турли эълонларга ишонманг. Тўғри, бундай ўқув марказларининг ҳам қайсидир жабҳада фойдаси тегар, лекин Президент мактабида эмас. Бунинг ўрнига болангиз дарсларни яхши ўзлаштиришига, иқтидорини рўёбга чиқаришга, хорижий тилларни ўрганишига эътибор қаратинг. Шунда ўзи бемалол хоҳлаган мактабга ўқишга кира олади...

Шу ўринда бир мулоҳаза. Қонун ҳужжатларига кўра, реклама материалларида давлат рамзларидан фойдаланиш тақиқланади. Бизнингча, Президент мактаби борасида ҳам ана шундай тақиқ бўлиб, қонун ҳужжатларида акс этиши керак. Ўйлаб кўринг-да, Президент номидан тижорий мақсадда фойдаланиш қанчалик тўғри? "Президент мактаби" деган бренддан фойдаланаётганларнинг асосий мақсади - мўмай даромад топиш (фирибгарликнинг маданиятли кўриниши десак ҳам бўлади). Демак, уларнинг фаолияти, рекламасию тарғибот-ташвиқоти қатъий тартибга солиниши даркор.

НАСРИДДИН

БОБУРБЕК олган сурат

Report typo