Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Сиёсат
  • ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ЙИГИРМА ТЎҚҚИЗ ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ НУТҚИ

ЎзА

01.09.2020


ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ЙИГИРМА ТЎҚҚИЗ ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ НУТҚИ

Ассалому алайкум, қадрли ва муҳтарам ватандошлар!

Аввало, сиз азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман.

Айни пайтда ушбу тантанали маросимни жойлардаги студияларда, шунингдек, уйларида "ойнаи жаҳон" орқали томоша қилаётган, менинг табрик сўзларимни эшитиб турган мўътабар отахон ва онахонларимизга, мунис опа-сингилларимизга, азиз ёшларимизга, барча-барча юртдошларимга ўзимнинг юксак эҳтиромимни билдираман.

Ҳаммангизга маълум, пандемия туфайли бу йил Мустақиллик байрамини ҳар доимгидек катта тантана ва сайиллар билан нишонлай олмаяпмиз.

Халқимизнинг саломатлигини ўйлаб, байрам тадбирларини ихчам шаклда, онлайн режимида ўтказмоқдамиз. Лекин, ҳар йилгидек, машҳур санъаткорларимиз ушбу қутлуғ санага атаб катта-катта концертлар, бадиий дастурлар тайёрлашган ва улар телевидение орқали халқимизга тақдим этилади.

Ҳеч шубҳасиз, барчамиз учун энг улуғ ва муқаддас бўлган бу байрам шукуҳи оилаларимиз даврасида, қалбларимизда, юракларимизда давом этади.

Ҳурматли дўстлар!

Башарият тарихи шундан далолат берадики, ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлган тақдирдагина, ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқига эга бўлади. "Ҳақ берилмас, ҳақ олинур!" деб миллат озодлиги йўлида жонини фидо қилган улуғ аждодларимизнинг буюк мақсади ҳам шу эди.

Халқимизнинг беқиёс жасорати ва матонати билан Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов бошчилигида қўлга киритилган давлат мустақиллиги ана шу асрий орзумизни амалда таъминлаган оламшумул воқеадир.

Биз қандай таҳликали ва суронли даврларни бошимиздан кечирмайлик, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлмайлик, мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи бизга доимо тоғдек таянч бўлмоқда.

Бугун чексиз ифтихор билан айта оламизки, донишманд халқимизнинг узоқни кўра олиши, бирдамлиги ва фидойи меҳнати билан барча синовлардан муносиб ўтиб келмоқдамиз.

Шу нуқтаи назардан, бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади.

Бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда "Янги Ўзбекистон" ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир.

Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш - Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон - кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас.

Истиқлол йилларида босиб ўтган шонли йўлимизга назар ташлаб, эртанги кунимизга, ўз куч ва имкониятларимизга бўлган ишончимиз янада ортмоқда. Мамлакатимизни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ барча соҳа ва тармоқларда амалга ошираётган ислоҳотларимиз бу борада ҳал қилувчи омил бўлмоқда.

"Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари" деган даъваткор ғоя ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Биз айни шу асосда халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, инновацион тараққиёт борасида муҳим қадамларни қўймоқдамиз.

Кенг жамоатчилик, эл-юртимиз барча ижобий ўзгаришларнинг ташаббускори ва бунёдкорига айланмоқда. Мамлакатимиз фуқаролари қаерда бўлмасин, давлат ҳимоясида эканини, қонун ва адолат кучини ҳис этиб яшамоқда.

Бугун бир ҳақиқатни қатъий ишонч билан айтиш мумкин: дунёда турли хавф-хатарлар, манфаатлар тўқнашуви кучайиб бораётган ҳозирги таҳликали вазиятда Ўзбекистонда шаклланган янги тизим ўзини тўла оқламоқда.

Азиз юртдошлар!

Сизларга маълумки, шу йил бошида 2020 йил учун улкан режа ва мақсадларни белгилаб олган эдик. Бироқ жаҳон миқёсида юзага келган коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган табиий ва техноген офатлар барчамизнинг иродамизни жиддий синовдан ўтказди. Тош келса кемириб, сув келса симириб тобланган халқимиз бу оғир кунлардан ҳам ўзининг сабр-матонати, меҳр-оқибати ва меҳнаткашлиги билан янада кучли бўлиб ўтмоқда.

Ҳозирги мураккаб вазиятда биз учун ғоят муҳим иккита вазифани самарали ҳал этиш - энг долзарб заруратга айланмоқда. Яъни, биз аҳолимизнинг соғлиғи ва ҳаётини асраш, шу билан бирга, иқтисодиётимизни тиклаш, одамларга ишлаб даромад топиши учун шароит яратиб бериш муаммосини бир пайтнинг ўзида ҳал этмоқдамиз.

Пандемия даврида халқимиз том маънода қудратли кучга айланди. Буни "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати яна бир бор яққол намоён этди. Бу эзгу ташаббус ишбилармон ва тадбиркорларни, фидойи ёшларимизни, барча-барча ватандошларимизни олижаноб мақсад йўлида бирлаштирди.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг:

Даврон элининг жисмида жон бўлгил,

Ҳам жонларига мояи дармон бўлгил, -

деган сўзлари бугун янада теран маъно билан янграмоқда.

Чиндан ҳам, ҳозирги давр ҳар биримизни саховат ва ҳиммат кўрсатиб, хайрли ишларимиз билан эл-юрт дардига дармон бўлишга ундамоқда.

Айни вақтда коронавирус мамлакатимиз тиббиёт тизими учун ҳам жиддий синов, ҳам улкан тажриба мактаби бўлди.

Бу балога қарши курашиш бўйича сўнгги олти ой давомида мисли кўрилмаган ишларни амалга оширдик. Жумладан, кўплаб янги шифохоналар ва карантин зоналари ишга туширилди. Катта миқдорда қўшимча тиббиёт ускуналари ва тез ёрдам машиналари харид қилинди. Энг илғор хорижий амалиёт ва ўзимизда тўпланган тажриба асосида даволаш усуллари такомиллаштириб борилмоқда. Коронавирусга қарши курашда туну кун метин ирода билан фаолият юритаётган тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнатини муносиб қадрлаш доимий эътиборимизда турибди. Бундай чора-тадбирларимиз натижасида минглаб беморлар шифо топиб, оиласи бағрига қайтмоқда.

Чет давлатларга меҳнат қилиш ва ўқишга кетиб, пандемия туфайли қийналиб қолган юртдошларимизни ўз уйларига қайтариш, тегишли ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширган катта ишларимиз давом эттирилмоқда.

Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди.

Барчангизга яхши маълум, дунёда икки соҳа вакиллари ўз касбига садоқат борасида қасамёд қабул қилади: булар - Ватан ҳимоячилари бўлган ҳарбийлар ва инсон саломатлигига масъул шифокорлар. Бунинг бежиз эмаслигини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда. Муқаддас қасамёдига содиқ бўлган шифокорларимиз ҳозирги мураккаб вазиятда, керак бўлса, азиз жонларини фидо қилиб, қаҳрамонларча меҳнат қилмоқдалар.

Халқимиз, давлатимиз сизларнинг матонат ва жасоратингизни ҳеч қачон унутмайди.

Биз нечоғлик ҳаракат қилмайлик, афсуски, бу хавфли касаллик бир қанча ватандошларимизнинг умрига зомин бўлди. Бу оғир йўқотишлар юракларимизни ларзага солди. Негаки, бу инсонларнинг ҳар бири бизнинг жигарларимиз эди.

Шу ўринда яқинларидан жудо бўлган юртдошларимизга чуқур ҳамдардлик билдириб, уларга Яратгандан сабр-тоқат ва бардош тилайман.

Қадрли ватандошлар!

Халқимизда "Оққан дарё - оқаверади" деган ҳикматли гап бор. Буни бугунги мураккаб вазиятда амалга ошираётган улкан ишларимиз исботлаб турибди.

Жаҳон банки, Халқаро валюта  жамғармаси каби нуфузли молия ташкилотлари дунёдаги саноқли мамлакатлар қаторида Ўзбекистонда иқтисодиётнинг пасайишига йўл қўйилмаганини таъкидламоқда ва кейинги йилларда сезиларли ўсиш кутилаётганини прогноз қилмоқда. Бу албатта ўз вақтида кўрган тезкор чораларимизнинг самарасидир.

Карантин чекловларига қарамасдан, саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш бўйича бошлаган кенг кўламли ишларимизни изчил давом эттирмоқдамиз.

Аҳолимизнинг асосий қисми ўзининг даромад манбалари ва турмуш даражасини сақлаб қолишига эришдик. Карантин талаблари жорий этилиши натижасида 72 минг 500 та саноат корхонасидан 16 минг 700 таси ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган эди. Бу борада қилган тизимли ишларимиз ҳисобидан 16 минг 600 та корхонада ишлаб чиқариш жараёни тикланди.

Мамлакатимиз корхоналари маҳсулотларини жаҳон бозорларига олиб чиқиш бўйича белгиланган режалар ҳам бажарилмоқда. Йил бошидан буён 9 миллиард долларлик маҳсулотни экспорт қилишга эришганимиз ҳам буни тасдиқлаб турибди.

Шу ўринда бир рақамга эътиборингизни қаратмоқчиман. Бу йил республикамизда биргина саноат соҳасида умумий қиймати 11 миллиард доллар бўлган лойиҳалар ишга туширилади.

Ана шундай йирик лойиҳалар қаторида янги Тошкент металлургия заводини алоҳида қайд этиш зарур. Германия ва Италиянинг замонавий технологиялари ўрнатилган ушбу корхона экологик жиҳатдан энг тоза ва хавфсиз бўлиб, йилига 500 минг тонна металл прокати ишлаб чиқаради.

"Навоийазот" корхонасида йилига 500 минг тонна азот кислотаси ва 100 минг тонна поливинилхлорид ишлаб чиқарадиган заводлар фойдаланишга топширилди. Йил охирига қадар бу ерда йилига 660 минг тонна аммиак ва 577 минг тонна карбамид ишлаб чиқарадиган заводлар ҳам фаолият бошлайди. Янгитдан барпо этилаётган "Ўзбекистон ЖТЛ" заводида "Шўртангазкимё" комплексининг метан гази асосида йилига 1,5 миллион тонна синтетик ёқилғи олиш йўлга қўйилмоқда.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида рангли ва қимматбаҳо металлар тайёрлашни уч баробар кўпайтиришга доир, шунингдек, нефть, кимё, электротехника, қурилиш материаллари саноати, фармацевтика, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва бошқа тармоқлар бўйича ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Иқтисодий соҳадаги ана шундай кенг кўламли ислоҳотлар туфайли халқаро валюта захираларимизнинг ҳажми қарийб 5,5 миллиард долларга ошиб, жами 34 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда. Бу, ҳеч шубҳасиз, катта ютуғимиздир.

Иқтисодиётимизда барқарор ўсиш суръатларини таъминлашда қишлоқ хўжалиги алоҳида роль ўйнамоқда. Соҳани модернизация қилиш мақсадида халқаро молия ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан қиймати 1 миллиард 200 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар бир ҳудудда замонавий агрохизмат марказларини ташкил этиш учун Жаҳон банкининг 500 миллион долларлик маблағи жалб этилди.

Биз кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга биринчи марта шундай улкан молиявий ресурсларни йўналтирмоқдамиз.

Миришкор деҳқон ва фермерларимиз бу йилги мураккаб шароитда фидокорона меҳнат қилиб, ғалладан олти ярим миллион тоннага яқин ҳосил етиштирдилар. Чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик, сабзавот ва полиз экинлари етиштириш бўйича ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда.

Имкониятдан фойдаланиб, ризқ-рўзимиз бунёдкори бўлган деҳқон ва фермерларимизга, ернинг ҳақиқий эгасига айланаётган кластер хўжаликлари ходимларига, барча дала меҳнаткашларига самимий миннатдорчилик билдиришга рухсат бергайсиз.

Ҳурматли дўстлар!

Хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес соҳасини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Пандемия даврида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда улар ўз  фаолиятини давом эттириши учун бизнес субъектларига турли имтиёз ва енгилликлар берилгани сизларга яхши маълум.

Бу йил "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурини амалга ошириш учун 4 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Ишончим комил, ана шундай тизимли ишларимиз орқали йил якунига қадар ишлаб чиқариш қувватларининг узлуксиз фаолиятини ва иқтисодиётимиз барқарорлигини албатта таъминлаймиз.

Улкан қурилиш майдонига айланган мамлакатимизда кўплаб янги-янги корхона ва турар жойлар, йўл ва кўприклар, инфратузилма объектлари, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масканлари барпо этилмоқда. Ҳозирги вақтда биргина ижтимоий соҳанинг ўзида 2 минг 400 га яқин объектда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Пойтахтимиздаги куни кеча фойдаланишга топширилган янги ер ости ва ер усти метро линиялари, Ғалаба боғи, Адиблар хиёбони сингари муҳташам мажмуалар, барча ҳудудларимизда қад кўтараётган замонавий бино ва иншоотлар халқимизнинг улкан бунёдкорлик салоҳиятидан ёрқин далолатдир.

Қадрли байрам иштирокчилари!

Маълумки, миллий мустақиллигимизнинг бош мақсади юртимиздаги ҳар бир инсоннинг иззат-ҳурмати ва қадр-қимматини жойига қўйишдан иборатдир.

Биз ана шу эзгу ишни давом эттириб, ижтимоий адолат тамойили асосида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, камбағалликни камайтиришни давлат сиёсати даражасига кўтардик. Жумладан, ижтимоий нафақа билан таъминланадиган аҳоли сони қарийб 1,5 баробар оширилди. Йил якунига қадар уларнинг сони ҳозирги 774 мингдан 1 миллион 200 минг нафарга етказилади. Ушбу тоифани қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётимизни тиклаш учун давлат бюджетидан ўн икки ярим триллион сўм маблағ ажратилди.

Кейинги пайтда уйма-уй юриб ўрганиш орқали аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлашнинг ўзига хос янги тизими шакллантирилди. Шу асосда, умумий ҳисобда, моддий ёрдам кўрсатиш учун 417 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, сентябрь ойида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандларини ва ногиронлиги бўлган болаларни қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадида 426 миллиард сўмга яқин моддий ёрдам кўрсатилади.

Ўзбекистон тарихида ижтимоий соҳа бўйича бундай кенг кўламли ишлар илгари ҳеч қачон бўлмаган.

Бугунги қутлуғ айёмда Ватанимиз келажаги бўлган ёшларимизнинг камоли йўлида қилаётган ишларимизни эсга олишимиз табиийдир.

Сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда 43 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 121 тага етди. Бу йил олий ўқув юртларига кириш учун бир ярим миллионга яқин ёшларимиз ҳужжат топширди. Бу рақам ўтган йилга нисбатан 40 фоиз кўп демакдир.

Ушбу кўрсаткичлар, аввало, фарзандларимиз ва уларнинг ота-оналари қалбидаги эртанги кунимизга, келажакка бўлган катта орзу-умид ва ишончдан дарак беради.

Ана шу ўғил-қизларимиз яқинда кириш имтиҳонларини топширади. Келинглар, бўлғуси синовларда ҳамма фарзандларимизга омад ва зафарлар тилайлик!

Ёш авлод тарбиясида ҳал қилувчи ўрин тутадиган боғчалар ва мактаблар тизимида ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Президент мактаблари, ихтисослашган ва ижод мактаблари барпо этиш, "Замонавий мактаб" дастурини жорий этиш борасидаги ишларимиз ҳам узлуксиз давом эттирилмоқда.

Юртимизда Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилди. Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси тузилди. Ҳудудларда "Лойиҳалар фабрикаси" иш бошлади.

"Ёшлар - келажагимиз" давлат дастури доирасида иқтидорли ва ташаббускор ўғил-қизларимизнинг 8 мингдан зиёд бизнес лойиҳаларига қарийб 1,7 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.

Фарзандларимизнинг истеъдод ва қобилияти, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун барча имкониятларни яратиб бериш бундан буён ҳам бош мақсадимиз бўлиб қолади.

Оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, аёлларнинг меҳнат ва турмуш шароитини яхшилаш, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ишларимиз ҳам изчил давом эттирилмоқда.

Хабарингиз бор, кам таъминланган оилаларда камол топаётган қизларимизнинг билим олиш имкониятини кенгайтириш учун бу йил янги тизим жорий этдик. Унга мувофиқ, ушбу ўқув йилида олий таълим даргоҳларининг кундузги бўлимларига бундай қизларимиз учун давлат гранти асосида 940 та қўшимча ўрин ажратилди.

Азиз ватандошлар!

Ҳозирги пайтда дунё миқёсида рақобат қандай кескин тус олиб бораётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Бу шиддатли рақобатга фақат замонавий илм-фан ва инновация ютуқларини кенг жорий этиш орқали муносиб жавоб бера оламиз. Шунинг учун ҳам ушбу стратегик вазифа бизнинг фаолиятимизда устувор йўналишга айланмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон олимлари фундаментал фан ва унинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш борасида бир қатор ютуқларни қўлга киритмоқдалар. Хусусан, математика, физика, кимё, биология, астрономия, фармацевтика, геология, сейсмология ва  бошқа соҳаларда жиддий амалий натижаларга эришилмоқда. Математика, кимё, биология фанларини ривожлантириш ва уларни ўқитиш борасидаги ишларимиз янги босқичга кўтарилмоқда.

Ўйлайманки, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофотни таъсис этганимиз математика соҳасида ёш иқтидор эгаларини рағбатлантиришда яна бир муҳим омил бўлади.

Маълумки, ҳар қандай мустақил давлат мустаҳкам маънавий пойдеворга эга бўлгандагина юксак тараққиётга эриша олади.

Шу мақсадда биз "Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси" доирасида умумтаълим мактабларида биринчи марта "Тарбия" фанини жорий этмоқдамиз.

Миллий давлатчилигимиз ва ўзлигимиз тимсоли бўлган она тилимизни ривожлантириш бу борада энг муҳим йўналиш бўлиб қолади. Худо хоҳласа, бу йил 21 октябрь - Ўзбек тили байрами кунини бутун мамлакатимиз миқёсида кенг нишонлаймиз.

Кейинги пайтда қабул қилинган фармон ва қарорлар асосида маданиятимиз ва санъатимиз ривожи янги босқичга кўтарилмоқда.

Мамлакатимизда диний-маърифий соҳалар ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши жадал давом эттирилмоқда. Ушбу бетакрор мажмуа халқимизнинг асрлар давомида жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини намоён этади. Яқинда Имом Мотуридий илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш борасида бошлаган саъй-ҳаракатларимиз ҳам мана шу хайрли ишларнинг узвий давомидир.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгаши сессиясида суд-ҳуқуқ тизимида Ўзбекистон эришаётган амалий натижаларнинг эътироф этилгани бу борадаги фаолиятимизга берилган холис баҳодир.

Юртимизда биринчи марта "Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси" қабул қилинди.

Шу йил август ойида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларига бағишлаб Самарқанд веб-форуми ўтказилди. У нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон ёшлари ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликни кучайтиришга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.

Юртимизда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, жиноятга оид қонунчиликни либераллаштириш, тўғри йўлдан адашган инсонларни соғлом ҳаётга қайтариш юзасидан ҳам тарихий қадамлар ташланди.

Сўнгги пайтда жазони ўтаётган шахсларга нисбатан афв институти кенг қўлланаётгани халқимизга хос бағрикенглик ва инсонпарварликнинг амалий ифодасидир. Ана шу ишларимизнинг мантиқий давоми сифатида Мустақиллик байрами арафасида яна бир фармонга имзо чекдим. Унга кўра, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, қатъий тузалиш йўлига ўтган 73 нафар шахс жазони ўташ муассасаларидан озод қилиниб, ўз оиласи бағрига қайтарилди. Шунингдек, 40 нафар фуқаронинг жазо муддатлари қисқартирилди.

Инсон ҳуқуқларининг энг муҳим шарти бўлган шахснинг фуқаролигини тиклаш бўйича ҳам салмоқли қадамлар қўйилди. Кўп йиллар давомида юртимизда яшаб келаётган бўлса-да, фуқаролик ололмай юрган, бу юксак мақомни узоқ вақт интиқиб кутган 50 мингдан зиёд кишига Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди.

Тараққиёт кушандаси бўлмиш иллат - коррупцияга қарши мамлакатимизда кенг кўламда кураш олиб борилмоқда. Шу борада янги тузилма - Коррупцияга қарши курашиш агентлигини ташкил этганимиз бу масаланинг долзарблиги ва доимий эътиборимизда бўлишидан далолат беради.

Жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини эркинлаштириш, сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини чуқур қарор топтириш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича бошлаган ишларимиз ортга қайтмас тус олганини яна бир бор таъкидламоқчиман.

Барчангиз хабардорсиз, ҳозирги мураккаб шароитга қарамасдан, биз зиммамизга олган барча халқаро мажбуриятлар ва келишувларни тўлиқ бажариб келмоқдамиз. Хорижий шерикларимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқдамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, коронавирусга қарши курашда бизга амалий кўмак берган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига, шунингдек, Хитой, Россия, АҚШ, Туркия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Германия, Япония ва бошқа ҳамкор давлатларга халқимиз номидан самимий ташаккур изҳор этаман.

Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялар банки ва бошқа ташкилотларга қўшма дастур ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда пандемия оқибатларини юмшатиш борасида кўрсатган ёрдамлари учун миннатдорлик билдираман.

Айни вақтда бизни Мустақиллик байрами билан қутлаётган барча узоқ-яқин давлатларнинг халқларига, чет эллик дўстларимиз ва ҳамкорларимизга тинчлик-омонлик, фаровонлик ва равнақ тилайман.

Муҳтарам юртдошлар!

Бугунги оғир вазият ҳар биримиздан ўз фаолиятимиз ва масъулиятимизни янада кучайтиришни талаб этмоқда.

Халқимизда "Кўз - қўрқоқ, қўл - ботир", деган чуқур маъноли ибора бор. Бугунги шароитда бизнинг кўзимиз ҳам, қўлимиз ҳам, юрагимиз ҳам ботир бўлиши керак. Белимизни маҳкам боғлаб, пок ният билан меҳнат қилсак, шубҳасиз, кўзлаган марраларимизга эришамиз.

Муқаддас китобларда айтилганидек, ҳар қандай қийинчилик ортидан албатта бир енгиллик келади. Барчамиз бунга ишонамиз ва қодир Оллоҳдан шуни сўраймиз.

Ҳали кўп Наврўз ва Ҳайит айёмларини, тарихий саналар ва умумхалқ байрамларини ҳаммамиз биргаликда шоду хуррамлик билан ўтказамиз, иншооллоҳ.

Мана, келгуси йили давлатимиз мустақиллигига ўттиз йил тўлади. Мамлакатимиз тарихидаги ушбу унутилмас шонли санани ҳар томонлама муносиб нишонлашни ният қилганмиз. Илоҳим, шу кунларга соғ-омон, ёруғ юз билан етиш ҳаммамизга насиб этсин.

Маълумки, бугунги байрам арафасида турли соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг катта бир гуруҳи давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди. Уларнинг барчасини қизғин табриклаб, ижтимоий фаолиятлари ва шахсий ҳаётларида янги-янги муваффақиятлар тилайман.

Бугунги имкониятдан фойдаланиб, ўз инсоний бурчи ва фуқаролик масъулиятини чуқур англаб, истиқлолимизни мустаҳкамлаш учун фидокорона меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларга, қурувчи ва тадбиркорларга, фермер ва деҳқонларга, навқирон ёшларимизга яна бир бор самимий раҳмат айтаман.

Эл-юрт манфаати йўлида ўзини аямасдан хизмат қилаётган ҳурматли депутатлар ва сенаторларимизга, ҳокимият идоралари ходимлари ва маҳалла фаолларига, ҳарбий либос кийган ўғлонларимизга, илмий ва ижодкор зиёлиларга, муҳтарам нуронийларимизга, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакилларига чин қалбимдан ташаккур изҳор этаман.

Мен турли синов ва курашларда тобланган, иймон-иродаси мустаҳкам халқимизнинг ақл-заковати ва азму шижоатига ишонаман.

Мана шундай буюк инсоний фазилатлар соҳиби бўлган, айниқса, бугунги синовли кунларда ўзининг матонати ва ҳамжиҳатлиги билан чинакам жасорат кўрсатаётган қаҳрамон халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан бош эгиб таъзим қиламан.

Азиз ва муҳтарам ватандошларим!

Сизларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллик байрами билан яна бир бор чин дилдан табриклайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва омад ёр бўлсин!

Фарзандлар, набиралар камолини кўриб юриш ҳаммамизга насиб этсин!

Гўзал ва бетакрор юртимиз ҳамиша тинч ва фаровон бўлсин!

Меҳнаткаш ва олижаноб, бағрикенг халқимиз доимо соғ-омон бўлсин!

Яратганнинг ўзи барчамизни паноҳида асрасин!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

ЎзА

 

 

Report typo