Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

17.02.2018


ПРЕЗИДЕНТ СОВҒАСИ – ХИЗМАТ АВТОМОБИЛЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ғоя ҳаётда ўз ифодасини топаётгани халқ манфаатлари таъминланишига хизмат қилмоқда. Ана шу мақсад йўлида жамиятнинг барча соҳалари чуқур ислоҳ қилинаётир.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ҳамда унинг жойлардаги ҳудудий бошқарма ва марказлари ташкил этилди.

Асосий мақсад аниқ: Давлат хизматлари марказлари фуқароларнинг вақт ва молиявий харажатларини камайтириш, уларнинг давлат органлари фаолиятидан қаноатланганлик даражасини ошириши, энг муҳими, “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” деган муҳим тамойил ҳаётда ўз ифодасини топмоғи даркор.

Шунга кўра, 2018 йил 1 январдан “ягона дарча” давлат хизматлари кўрсатиш марказлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказларига айлантирилди. Улар зиммасига жисмоний ва юридик шахсларга “ягона дарча” тамойили бўйича, шу жумладан, олис жойларга чиққан ҳолда давлат хизматлари кўрсатиш, хизматлар сервисининг юқори сифати, тезкорлиги, шаффофлиги, қулайлиги ва фойдаланиш имкониятини таъминлаш, мазкур йўналишда бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўймаслик вазифалари юкланган.

Мустаҳкам моддий-техника базаси ҳамда хизмат автомобиллари бу борадаги вазифаларни тўлақонли бажариш имконини беради.

Хизмат автомобиллари калитини ўз эгаларига топшираркан, вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, Адлия вазири Русланбек Давлетов, вилоят Халқ қабулхонаси мудири Абдуҳалим Холмахматов фаолиятдаги қулайлик янги тузилма ишида жуда самарали эканини таъкидлашди.

Шунингдек, шу куни Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар)лар кенгашларига ҳам Президент совғаси – “Матиз” автомобиллари топширилди.

- Одамлар ҳар қандай масалада маҳалла маслаҳати ва кўмагига суянишга ўрганган, - деди ўз сўзида вилоят ҳокими, Фуқароларнинг ўзини ўзи  бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раиси Зафар Рўзиев. – Биз маҳаллалар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйсаккина, одамларнинг дарду ташвишлари, орзу-мақсадлари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўламиз. Қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилиб, фуқаролар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган бўлса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳити ҳукм суради. Президентимиз шуни назарда тутиб, маҳалла тузилмасини янада қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама ривожлантиришга эътибор қаратмоқда.

Тадбирда халқ билан мулоқот жараёнида маҳалла мутасаддилари олдида турган галдаги вазифалар хусусида сўз юритилиб, энди янада фаол ва масъулиятни ҳис этган ҳолда ишлаш зарурлиги таъкидланди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo