Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда партия фаоллари, унинг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайланган депутатлари, устоз-мураббийлар ва ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Маълумки, 170 дан ортиқ масала муҳокама этилган мазкур нуфузли халқаро анжуманда Президентимиз жаҳон ҳамжамияти эътиборини Ўзбекистондаги демократик жараёнлар, инсон ҳуқуқлари, ёшлар масаласи, диний бағрикенглик, тинчликни асраш, минтақавий ҳамкорлик, экология соҳаларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қаратди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан Президентимиз БМТ минбаридан туриб таъкидлаган ушбу масалалар, уларнинг мазмун-моҳияти, халқаро аҳамияти ўқувчи ёшларга кенг тушунтириб берилди.
- Президентимиз ўз нутқида бир қанча муҳим ташаббус ва таклифлар қаторида ёшлар масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди, - дейди ЎзМТДП вилоят кенгаши раҳбари Сайфулла Махматмўминов. – Бугун дунёда ёшлар 2 миллиард нафарни ташкил этишини ҳисобга олсак, уларнинг нақадар катта куч эканини яққолроқ англаймиз. Зеро, жаҳоннинг эртанги куни, эртанги ҳаёти айнан ана шу ёшлар билан боғлиқ. Ҳозир атрофда юз бераётган турли кўнгилсизликлар, можароларнинг туб моҳияти айрим минтақаларда вояга етаётган ёш авлоднинг билимсизлиги, маърифатсизлигига бориб тақалади. Шу боисдан ҳам Ўзбекистон раҳбарининг бу таклифи дунёнинг кўплаб сиёсатчилари томонидан юқори эътироф этилди. Бугунги тадбирни ташкил этишдан мақсад ҳам давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ва дунё ҳамжамияти томонидан юқори даражада эътироф этилаётган мана шу каби таклиф ва масалаларни, мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун ва моҳиятини ёшларимиз онгига янада чуқурроқ етказишга қаратилган.
Семинар қизиқарли савол-жавобларга бой бўлди.
Туйғун ДЎСТҚОБИЛОВ