Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мусурмон БОЙХОНОВ

18.01.2017


ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ ЁРҚИН ХОТИРАСИ – ҚАЛБИМИЗДА, ЮРАГИМИЗДА

Мусурмон БОЙХОНОВ, меҳнат фахрийси (Чироқчи тумани):

- Эсимда, 1986 йилнинг охирлари эди. Ўшанда мен хўжалик раиси бўлиб ишлардим. Янги раҳбаримиз Ислом Каримов вилоятдаги ҳар бир хўжалик бошлиғи билан суҳбатлашиб, ишнинг умумий аҳволи билан яқиндан танишиб чиқаётган пайтлар. Вақти-соати билан бизнинг туманга ҳам навбат келди.

Туман раҳбари, бир неча хўжалик раислари билан суҳбатдан сўнг Ислом Абдуғаниевич менга юзланиб: “Сизга иккита саволим бор, - деди. – Шунга жавоб беринг. Биринчидан, хўжаликни иқтисодий тангликдан олиб чиқиш учун қандай режа ва дастур тузгансиз? Иккинчидан, одамларнинг шикоят ва аризалари билан қай тарзда ишлаяпсиз?”

Бугун шуни ҳис қиламанки, Ислом Каримовнинг узоқни кўзлаб олиб борган доно сиёсати натижасида юртимиз иқтисоди барқарор ривожланаётган давлатлар қаторидан муносиб ўрин олди. Аҳоли турмуши фаровонлашди. Ниманинг эвазига? Албатта, ривожланишнинг ҳар бир бўғинига алоҳида эътибор қаратилгани натижасида. Чунки ўша вақтда вилоят раҳбарининг чекка бир хўжалик раиси тузадиган  истиқболдаги режа икир-чикиридан бошқа ташвишлари ҳам кўп эди-ку.

Аммо Ислом Каримов ривожланишда барча омилларни ҳисобга оларди, муаммоларга оқиллик билан ечим топарди. Бу йўлда ҳеч бир одамни норизо қилмас, босиқлик билан, ҳар бир одамни кўнглига яқин олиб муносабатда бўларди.

Ўша йиғилишда Ислом Каримов “Кимда-ким нопок ишга қўл урмаса, элим деб ҳалол-покиза меҳнат қилса, халқнинг дардига малҳам бўлса, бундай одамни шахсан ўзим қўллаб-қувватлайман. Бойхонов, тўғри ишласангиз, ваъда бериб айтаманки, мен сизни ҳимоя қиламан”.

Тўғриси, мен умрим давомида бирон-бир раҳбардан бундай илиқ ва самимий гапни эшитмаган эдим.

Болаликдан етим қолганман, кўп қийинчиликларни бошдан кечириб, ҳатто институтда ўқиган кезларим мардикорлик қилиб кун кечирганман, шу боисми, вилоят раҳбарининг оталарча далдаси, қўллаб-қувватлаши кўнглимни тоғдек юксалтирди. Ўзимга ишончим ортди. Бу воқеа ҳали-ҳануз ҳаётимни нурлантириб туради.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовни халқимизнинг ҳар бир вакили чин юракдан яхши кўрарди. Буюк Йўлбошчи ҳаёти ва фаолияти ўз халқи ва Ватанига фидокорона хизмат қилишнинг ёрқин намунаси бўлиб қолди.

Ватанни севиш, инсонни, фарзандларини улуғлашни дунёга кенг намоён этган халқпарвар Юртбошимиз хизматлари натижасида мамлакатимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари самарасидан ёшу кекса бирдек баҳраманд бўлмоқда. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури доирасида қад ростлаган замонавий таълим муассасалари, спорт иншоотлари навқирон авлоднинг бахту камолига хизмат қилаяпти. Миллий қадриятларимиз қайта тикланиб, буюк аждодларимиз мангу қўним топган муқаддас қадамжоларни авайлаб-асрашдек эзгу ишлар рўёби ҳам Ислом Каримов хизматлари самарасидир. Халқимиз Президентимизнинг ёрқин хотирасини ҳеч қачон унутмайди.

Report typo