Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти олдидан жойларда сайёр қабуллар ўтказилмоқда

28.07.2023


Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти олдидан жойларда сайёр қабуллар ўтказилмоқда

20 август – Тадбиркорлар куни муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан учинчи очиқ мулоқоти ўтказилиши режалаштирилган.

Ушбу муҳим тадбир олдидан Президент Администрациясининг шу йил 17 июлдаги ва вилоят ҳокимининг жорий 26 июлдаги тегишли фармойишларига асосан вилоятда тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича ишчи гуруҳи таркиби, унинг туман ва шаҳарларга чиқиш графиги ҳамда вилоят ташкилотларининг мутахассислари томонидан вилоят телевидениеси ва радиосида тадбиркорлик соҳасида давра суҳбатлари ташкил этиш графиги тасдиқланди. Айни пайтда мазкур ишчи гуруҳини вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси биносига жойлаштириб, зарур моддий-техник жиҳозлар билан таъминлаш чоралари белгиланди.

Ишчи гуруҳининг туман ва шаҳарларга чиқиш графигига мувофиқ жойларда тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича сайёр қабуллар 27 июлдан 18 августгача уюштирилади. Шу жараёнда кўтарилган тизимли масалалар ва уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар тегишли йўналишдаги эксперт гуруҳларига киритиб борилади. Шунингдек, сайёр қабуллар ҳамда “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали ва “Call-марказ” орқали келиб тушган индивидуал масалалар жойида ҳал қилинади.

Шу ўринда эслатиш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 20 август куни илк бор тадбиркорлар билан очиқ мулоқот форматида учрашув ўтказганди. Ушбу тадбир арафасида 15 мингдан ортиқ савол ва таклифлар келиб тушган ва улар етти йўналиш бўйича тизимлаштирилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича давлат раҳбарининг қатор қарорлари қабул қилинган.

Илк очиқ мулоқот чоғида Шавкат Мирзиёев ҳар йили 20 августда бундай учрашувлар ўтказиш ва мазкур санани Тадбиркорлар куни этиб белгилаш таклифини билдирганди.

Вилоят ҳокими 2023 йил 26 июлдаги фармойиши матни билан қуйидаги ҳавола  орқали танишиш мумкин.

Суратда: Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан илк очиқ мулоқотидан лавҳа.

Президент матбуот хизмати фотоси

Report typo