Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Носир НАЗАРОВ

23.03.2017


ПРОФИЛАКТИК ТАДБИРЛАР САМАРА БЕРАЯПТИ

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар пайшанбаси ички ишлар ходимларининг Профилактика куни сифатида белгиланиши жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Буни 16 март куни ўтказилган профилактик тадбирларда аниқланган ҳолатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

15 МИНГ 875 ТА ХОНАДОН ЎРГАНИБ ЧИҚИЛДИ

Шу куни қатор жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, тегишли соҳа ходимлари билан ҳамкорликда 15 минг 875 та хонадон ўрганиб чиқилди. Натижада кўплаб муаммоли ҳолатлар, ҳуқуқбузарликлар ўз вақтида аниқланди.

Жумладан, тегишли маълумотлар асосида қидирувдаги жиноятчилар яширинган ёки шубҳа уйғотувчи деб ҳисобланган жойлар текшириб чиқилиб, 1 нафар қидирувдаги жиноятчи ушланди. 1 нафар фуқаро ўз хонадонида сақлаб келаётган ов милтиғини ихтиёрий равишда топширди.

31 НАФАР ОТА-ОНА МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛДИ

Маълумки, Президентимиз соҳа вакиллари билан учрашуви чоғида мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида давоматни таъминлаш ички ишлар органлари ходимлари зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклашини таъкидлаганди.

Айни шу талабдан келиб чиқиб, ўтган ҳафтада ички ишлар ходимлари тегишли соҳа вакиллари билан ҳамкорликда 235 та умумий ўрта таълим мактаби, 46 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқувчиларнинг давоматини ўрганишди.

Ўрганиш давомида дарс машғулотларига сабабсиз қатнашмаётган ўқувчиларнинг яшаш манзилларига борилиб, уларнинг нега дарсга келмаётгани сабаблари билан қизиқилди. Ота-оналарга тегишли тартибда тушунтириш берилди.

Фарзандини турли баҳоналар билан асоссиз равишда ўқишга юбормаган 31 нафар ота-онага маъмурий жазо, таълим муассасаларининг бу борада эътиборсизликка йўл қўйган 6 нафар ходимига нисбатан эса интизомий жазо чоралари қўллаш тўғрисида тақдимномалар киритилди.

ПАСПОРТ-ВИЗА ҚОИДАЛАРИ ТАРFИБ ҚИЛИНМОҚДА

Тадбир давомида белгиланган муддатда фуқаролик паспортини олмаган 24 нафар, амал қилиш муддати ўтган паспорт билан яшаётган 84 нафар, жами 108 нафар фуқарога нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар тузилди.

4 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидасини бузганлиги учун уларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий чора кўрилди.

Паспорт-виза тизимига амал қилиш бўйича аҳоли орасида тегишли тушунтиришлар олиб борилди.

БИР КУНДА 812 ТА ҚОИДАБУЗАРЛИК

Тадбир куни йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари томонидан жами 812 та йўл ҳаракатидаги қоидабузарлик аниқланди.

Уларнинг 464 тасини қўпол қоидабузарликлар ташкил этади. Жумладан, 18 ҳолатда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, транспорт воситасини бошқарган, 123 ҳолатда тезликни оширган, 9 ҳолатда светофор ишораларига риоя қилмаган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилган.

ЁНFИННИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ - МУҲИМ

Ўтган ҳафтадаги профилактика кунида Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан 820 хонадон, 9 та кўп қаватли уйда текширув ўтказилди.

Натижада 20 та хонадон соҳибларининг носоз электр иситиш мосламаларидан фойдалангани, газ ва электр тармоқларига ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда улангани аниқланиб, уларга нисбатан жарима чоралари қўлланди. Бундай ҳолатларнинг қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тушунтирилди.

Бу бир кунлик профилактика тадбирлари давомида амалга оширилган ишлардан айрим мисоллар эканини ҳисобга олсак, Профилактика куни жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида тушунтириш, тарғибот ишларининг самарадорлигини оширишда қанчалик улкан самара бераётганини тасаввур этиш қийин эмас.

Носир НАЗАРОВ,

вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси катта инспектори, капитан

Report typo