Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

13.07.2017


ПРОФИЛАКТИКА ҚАНДАЙ САМАРА БЕРАЯПТИ?

- Шу куни ўтказилган тадбирларда вилоят бўйича 9229 та хонадон ўрганилди, - дейди вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси катта инспектори, капитан Дилшод Кенжаев. - Текширишлар давомида махсус ҳисобда турувчи, муқаддам судланган шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан тезкор-профилактик суҳбатлар ўтказилди. Хонадонларни ўрганиш жараёнида 680 нафар фуқаронинг ҳуқуқбузарлик содир этгани аниқланиб, маъмурий тартибда чоралар кўрилди. Маъмурий назорат таъсири остига тушувчи муқаддам судланган шахсларга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилди.

Маълумки, аҳоли осойишталиги ва барқарорликни таъминлашда паспорт-виза тадбири муҳим аҳамиятга эга. Шунга мувофиқ ўтказилган ўрганишларда белгиланган муддатда фуқаролик паспортини олмаган, амал қилиш муддати ўтган паспорт билан яшаётган фуқароларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилди. Вилоят ҳудудида доимий паспорт рўйхатидан ўтган фуқароларга биометрик паспорт берилиши ҳам назоратга олинди. Мингдан зиёд фуқаро номига расмийлаштирилган биометрик паспортлар ўз эгаларига тарқатилди.

Чироқчи туманида ўтказилган профилактика тадбирлари давомида тумандаги Хўжаабдижаббор қишлоғида яшовчи, 1990 йилда туғилган Ш.Қ. ўз томорқасида 3 туп ўткир ҳидли ўсимликлар экиб, парваришлаб келаётгани аниқланиб, далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинди. Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Миришкор тумани Олтин Бошоқ маҳалласида яшовчи Қ.О. эса яшаш хонадонида диний мазмундаги адабиётлар ва планшет хотирасида 100 дан ортиқ диний мазмундаги видеороликларни сақлаб келган. Ушбу материаллар келгусида текшириб кўриш учун тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

1989 йилда туғилган, Қарши тумани Навбаҳор маҳалласида рўйхатда туриб, Қарши шаҳар 5-миттитуманда яшаб келаётган Н.Шерова ушбу уйда 1997 йилда Қарши шаҳрида туғилган А.Жумаев билан жинсий муносабатда бўлиб, бунинг эвазига 30 минг сўм олгани аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Н.Шеровага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 190-моддаси 1-қисмига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний тўхтамга келиш учун маъмурий ишлар бўйича Қарши шаҳар судига юборилди.

Бундан ташқари, жиноят содир этиб, суд ва дастлабки тергов органларидан яшириниб юрган шахслар бўйича олиб борилган қидирув-суриштирув ишлари давомида олинган маълумотлар асосида 2 нафар қидирувдаги жиноятчи ушланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми ва 168-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир этганлиги учун Касби тумани ИИБ томонидан қидирувда бўлган 1970 йилда туғилган, Касби тумани Месит қишлоғида яшаган Б.Шодиев, шунингдек, Жиноят кодекси 122-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганлиги учун Яккабоғ тумани ИИБ томонидан қидирувда бўлган 1977 йилда туғилган, Яккабоғ тумани Обод маҳалласида яшаган У.Жамолов қўлга олинди.

Маълумки, республикамизда амалда бўлган қонун ҳужжатлари инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган. Ҳаётда адашган, нотўғри йўлга кириб қолган инсонларга имконият бериш, ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмаклашиш яхши анъанага айланиб қолган.

Жасур Исломов жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2015 йил 24 ноябрдаги ҳукмига асосан айбли деб топилган ва унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2016 йил 29 ноябрдаги ажримига асосан ўталмай қолган 1 йил 5 ой 19 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси шу муддатга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилганди. Бироқ маҳкум Ж.Исломов жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб келган. Адолатли қонун берган имкониятни суиистеъмол қилишга уринган. Натижада Шаҳрисабз туман судининг 2017 йил 6 июль кунидаги ажримига асосан ўталмай қолган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.

Деҳқонобод тумани ҳудудида жойлашган "Чак-чак" мунтазам ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган вилоят ИИБ ЙҲХБ инспекторлари Тошкент-Термиз йўналишида ҳаракатланиб кетаётган "Нексия" русумли транспорт воситасини тўхтатиб текширишганида, йўловчи сифатида келаётган Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Сарижуй қишлоғида яшовчи фуқаро Х.Г.га тегишли қўл телефонида ҳар хил турдаги дуо кўринишидаги ёзувлар, яна бир автомашина йўловчиси, Сурхондарё вилояти Шеробод тумани Янги турмуш қишлоғида яшовчи О.З. қўл телефонида турли маърузалардан иборат видеолар борлиги маълум бўлди. Ҳолатлар юзасидан туман ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, вилоятда тезкор-криминоген вазиятдан келиб чиқиб, жиноятлар кўп содир этиладиган, одамлар гавжум бўлган жойлар ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказиладиган объектларнинг атроф-ҳудудларида 78 та патруллик йўналиши ташкил этилди.

Вилоят ички ишлар идоралари ҳисобида жами 2784 та ўқотар ов қуроли мавжуд бўлиб, тадбир давомида 211 нафар ов қуролига эга шахслар билан қуролни сақлаш, олиб юриш, ов қилиш қоидалари бўйича суҳбатлар ўтказилди.

Деҳқонобод тумани Оққишлоқ қишлоғида яшовчи фуқаро С.А. яшаш уйида 16 калибрли ўқотар ов қуролини ноқонуний равишда сақлаб келаётгани аниқланиб, далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинди.

Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида Косон тумани Нартибаланд маҳалласида яшовчи А.Примов эса бобосидан қолган, 1960 йилда ишлаб чиқарилган ТОЗ 8 русумли ов милтиғини, Муборак тумани Обод турмуш маҳалласида яшовчи Б.Холмуродов ҳам эски уйини бузаётган вақтда топиб олган, отасидан қолган, 1957 йилда ишлаб чиқарилган 12 калибрли ўқотар ов қуролини ўз ихтиёри билан топширишди.

Профилактика тадбирлари доирасида вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари ходимлари томонидан йўловчи ташиш билан шуғулланувчи хусусий корхоналар, автошоҳбекат, ҳайдовчилар тайёрлаш мактаблари, маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари, бозор ва аҳоли гавжум жойларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиниши юзасидан тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди. Тадбирлар давомида аниқланган спиртли ичимлик истеъмол қилиб транспорт воситасини бошқариш, светофор ишораларига риоя қилмаслик, одам ташиш қоидасини бузиш каби қоидабузарликлар бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Халқ қабулхонаси, вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг "ишонч телефон"лари қайд этилган пешлавҳалар йўловчи ташиш билан шуғулланувчи транспорт воситалари салонларига ўрнатилди.

Тадбир куни вилоят ҳудудидаги 122 километр узунликдаги умумфойдаланув автомобиль йўллари, кўча йўл тармоқлари, кўприклар ва бошқа сунъий иншоотлар кўрикдан ўтказилиб, 9 та йўл белгилари ўрнатилмагани, 16 та йўл белгиси эскиргани, 722 квадрат метр йўл қопламасида уйдим-чуқурлар ва нотекисликлар мавжудлиги аниқланиб, йўл белгиларини алмаштириш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Шу билан бирга, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 42 нафар фуқарога нисбатан жарима чоралари қўлланилди. Аҳоли ўртасида суҳбат ва тушунтиришлар ўтказилиб, 162 та жойда ёнғин чиқиши хавфида бўлган носоз газ ва электр мосламаларидан фойдаланиш тақиқланди.

Умуман олганда, Президентимиз ташаббуси билан бошланган, кенг жамоатчилик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтаётган профилактика тадбирлари ана шундай натижаларни кўрсатмоқда. Бу - ўтган ҳафтада аниқланганлари. Профилактика тадбирлари давом этади.

Б.ЎКТАМ ёзиб олди.

Report typo