Шунга мувофиқ, вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси масъул ходимлари, профилактика инспекторлари, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида вилоят ҳокимлигида ўтган семинарда Орзу маҳалласида жорий этилган ижобий тажрибани вилоятимизда татбиқ этиш масалалари муҳокама этилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Дилшод Акрамов, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раиси ўринбосари Зафар Рўзиев, вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Умид Яхшиевнинг маърузалари тингланди.
Қайд этилганидек, жойларда Орзу маҳалла фуқаролар йиғини иш услубини жорий этишда ҳар бир маҳалла ҳудудидаги тезкор криминоген вазиятдан келиб чиққан ҳолда, маҳалла чизма харитасини ишлаб чиқиб, ҳудудга тегишли демографик маълумотларни жамлаш, маҳаллада яшовчи аҳоли ва оилалар сонидан келиб чиққан ҳолда, ички ишлар органлари, маҳалла ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турувчилар билан профилактик ишларни ташкил этиш учун уларни қатламларга ажратиб, рўйхатларини шакллантириш, ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида ҳисобда турувчи ҳар бир шахсга маҳалла фаоллари, нуронийлар, Ёшлар иттифоқи вакиллари, уй ва кўчабошилари, намунали оилалар ҳамда бошқа жамоатчилик вакилларидан уч нафардан мураббийлар бириктириш, диний муҳитни барқарорлаштириш мақсадида маҳаллада ички ишлар органларининг махсус ҳисобида турувчи ҳар бир шахсга ўн нафардан мураббий бириктирилиши ва бу туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан тасдиқланиши лозим. Мураббийлар ўз ишига юзаки ёндашиб, бириктирилган шасхни бўлар-бўлмасга безовта қилиши эмас, уни тўғри йўлга бошлаши, муаммо ва ташвишларини ўрганиб, уларни ҳал қилиш чораларини кўриши даркор. Бириктирилган мураббийлар томонидан жойларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳар ой якунида маҳаллаларда йиғилишлар ўтказилади.
Айни пайтда профилактика инспекторининг ҳар кунлик иш фаолияти ҳам белгиланган график асосида ўтади. Хусусан, у куннинг биринчи ярмида маъмурий ҳудудда жойлашган таълим муассасаларидаги давоматни ўрганса, сўнг ҳисобда турган шахсларнинг хонадонларига бориб, у ердаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш чораларини кўради. Жиноятларнинг содир этилишига имкон бераётган шарт-шароитларни ўрганиб, келгусида жиноятлар содир этилишига йўл қўймаслик ҳаракатини қилади.
Кечга яқин жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш, уларнинг мурожаатларини ўрганиб, маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларни бартараф этишга қаратилган муҳокама-йиғилишларни, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган тарғибот тадбирларини ташкил этади.
Тундан тонггача эса маҳалла посбони жамоат тузилмаси раҳбари ва аъзолари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида тунги кузатув гуруҳларини тузиш, уларнинг ишини ташкил этиш ва назорат қилиш, жамоатчилик назорати масканлари ишини текшириш, ташкил этиш ва назорат қилишга масъуллик қилади.
Тадбирда ана шу масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, масъулларга тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.
Шунданг сўнг семинар иштирокчилари Орзу маҳалласи тажрибаси бўйича Геолог маҳалла фуқаролар йиғинидаги 26-сонли таянч пунктида яратилган шароитлар билан танишишди.
2 минг 550 дан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган маҳаллада маданият муассасалари, хусусан, кутубхона, театр, музей, Журналистлар уйи, маданият ва истироҳат боғи, спорт-соғломлаштириш маскани, меҳмонхона, тўйхона-тамаддихоналар жойлашган. Савдо шохобчалари, мини футбол майдони, болажонлар учун турли аттракционлар ишлаб турибди. Таянч пунктида маҳалла раиси, котиби ва маслаҳатчиси, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар мавжуд. Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, зарур адабиётлар билан таъминланган. Шу билан бирга, замонавий ахборот технологиялари қўлланилган ҳолда ўзаро тезкор алоқа ўрнатиш бўйича янги тизим йўлга қўйилиб, бу профилактика инспектори хизмат хонасида ўрнатилган компьютер орқали бошқа ҳудудлар ички ишлар бўлими ходимлари билан видеомулоқот қилиш имконини беради. Галдаги вазифа - фаолиятни такомиллаштириш, шахсий масъулиятни ошириш, ишга профессионал даражада ёндашишдан иборат.
Тадбир давомида маҳалла ишидаги камчиликларни намунавий тажриба асосида бартараф этиш лозимлиги айтилди. Келгуси вазифалар, бошқа ҳудудларда жорий этиладиган иш услублари режалаштириб олинди.
Б.САЙФИЕВ
Суратда: тадбир иштирокчилари Геолог маҳалла фуқаролар йиғинидаги 26-сонли таянч пунктида.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.