Ҳозир "стоянка"нинг ўрни ўзгарган, кириш дарвозаси олдидан эмас, бозорнинг биқинидан жой ажратилган, бироқ унинг бугунги ҳолати "эски ҳаммом, эски тос" экани ушбу маскандаги янгиланишларга у қадар мос тушмаяпти.
Ваҳоланки "стоянчик"лар пулни аввал қандай санаб олган бўлишса, ҳозир ҳам ўша ритмда ҳаракатланаяпти. Фақат энди миқдор ошган: аввал минг сўмга кўнган бўлишса, ҳозир нақ 2500 сўм (бошқа бозорларда "стоянка" баҳоси 1000-2000 сўмдан ошмайди) санаб берасиз. Эътироз билдиришга эса қўйишмайди: нарх вилоят ҳокимининг қарорига асосан тасдиқланган эмиш.
"Стоянчик"лар вилоят ҳокимининг қарорини пеш қилаётган экан, айни ўринда масаланинг қонуний жиҳатларини ҳам кўриб чиқсак, фойдадан холи бўлмайди чамамда.
Биламизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш қоидалари ва Ўзбекистон Республикасида савдо комплекслари фаолиятини ташкил этиш қоидаларига мувофиқ, бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида ва унга туташ ҳудудларда автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари бўлиши керак.
Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 июлдаги қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомда "стоянка"ларга қўйиладиган талаблар кўрсатилган. Унга кўра, транспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойлари қаттиқ қоплама билан қопланган, ёритиш мосламалари, ахлатни тўплаш учун контейнерлар, ёнғинга қарши воситалар, ҳудудга кириш ва ундан чиқиш учун махсус ажратилган жойларга, шлагбаум, назоратчи-кассирнинг хонаси (будкаси), фискал хотирага эга назорат-касса машинаси ва пластик карточкалардан тўловларни қабул қилиш учун ҳисоб-китоб терминали бўлиши керак.
Хўш, мазкур "стоянка" бу талабларнинг қай бирига жавоб беради?
Қаттиқ қоплама десак, қачонлардир қилинган асфальтнинг ҳозир шағали чиқиб, ўйдим-чуқур бўлиб ётибди, 2500 сўм тўлаб, машинангиз бир муддат сув кечиб туришига кўнишга мажбурсиз, айтишларича, одатдагидек терминал аввал ишлагану айнан ҳозир ишламай турибди (бир гал назорат-касса машинаси заряд олмаётгани учун кўринмаётганди). Аммо шлагбаум бор, чунки машина эгалари пул бермай ёки кам тўлаб чиқиб кетмаслиги керак-да.
Хуллас, "стоянкачи"лар ўзларининг фойдасига неки хизмат қилса, уни муҳайё этишган, бунинг акси бўлса, мисол учун, вақтинча турган машиналар хавфсизлигига шароит яратишга келганда, шунчаки кўз юмиб қўяверишган. Қайтага "Автомашинангиз ичидаги нарсаларга жавобгар эмасмиз" деб катта қилиб ёзиб қўйишган.
Жавобгар бўлмаса, етарли шароит яратмаса, нима қилиб турибди булар? Нега пул талаб қилаяпти?
Ўзини бозор назоратчиси деб таништирган Ғулом Йўлдошевнинг айтишича, ушбу "стоянка" "Саодат" савдо мажмуасига қарайди. Ҳолбуки "стоянчик"дан бир амаллаб сўраб олганимиз - чекда ( чунки назоратчилар пулни олишга олаяптию, тўланган пул учун касса чеки ёки квитанция беришни хаёлига ҳам келтираётгани йўқ) "Амир Темур" хусусий корхонаси номи кўрсатилган. Ҳайрон қоласан киши: ўзлари эгалик қилаётган ҳудудда кимдир жарақ-жарақ пул топсаю, бозор маъмурияти асл эга кимлигидан бехабар бўлса?! Аслида тегишли низомга асосан "стоянка"га кираверишда автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш хизмати кўрсатувчи корхона номи, унинг жойлашган юридик манзили ва иш тартиби ҳамда пулли хизматлар кўрсатиш тарифлари ва шартлари тўғрисидаги маълумотлар ҳавола этилиши керак эди. Шунда "сеники-меники" қабилидаги гапларга ҳожат қолмасди.
Гапнинг индаллоси, бозор атрофида автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш хизматига эҳтиёж бор экан, буни қонуний асосда, тегишли талаблар доирасида йўлга қўйиш зарур. Пулни қарсиллатиб санаб олаётганлар шароит яратишга келганда ҳам қарсиллаб туриши керак. "Еган оғиз уялар" дейишади. Булар ҳеч кимдан қўрқмайди ҳам, уялмайди ҳам. Ёки назорат қилувчи идоралар масъулларининг оғзини ҳам "ёғлаб" туришар, шунга гердайиб кези келганда отасини ҳам танишмас?!
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.