Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азамат УСМОНОВ

05.01.2017


ПУЛ ТОПАМАН ДЕБ

Одам савдоси инсон эрки, тенглиги ва шахсий дахлсизлигига бевосита путур етказади, уни турли хўрлик ва камситишларга дучор этади. Ушбу мудҳиш жиноий фаолият ортида мажбурий меҳнат, замонавий қуллик, мажбурий донорлик, ҳарбий тўқнашувларда фойдаланиш, фоҳишабозлик  билан шуғулланишга мажбурлаш каби қабиҳ, қонунга зид қилмишлар мужассам.

Инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш асосий қадриятга айланган ушбу даврда одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши кураш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Маълумки, мустақил Ўзбекистон ҳам бундай таҳдид ва хавфлардан четда туролмайди. Шу боис, мамлакатимизда одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашни ҳуқуқий таъминлаш соҳасида  изчил ва кенг кўламли ишлар бажарилди ҳамда ушбу фаолиятни келажакда кучайтириш борасида чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди. Хусусан, одам савдосига қарши курашиш соҳасида тизимли қонунчилик, ташкилий-маъмурий, маданий-маърифий, жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро ҳамкорлик бўйича кенг кўламли ишлар йўлга қўйилди.

Шунга қарамасдан айрим фуқароларнинг соддалиги, ишонувчанлигидан ғараз мақсадларда фойдаланиб, чет давлатларда катта миқдорда маош билан таъминлашни ваъда қилиб, уларни алдаб, оғир аҳволдаги меҳнат шароитларида ишлатиб, ойлик маош у ёқда турсин, ҳаттоки кундалик озиқ-овқат билан таъминламасдан, ўзга шахсларга сотиб юбориш орқали ноқонуний даромад орттириб юрган кимсалар ҳамон учраб тургани ачинарли ҳол, албатта.

Кишилар ноқонуний тарзда чет элга бориш ва ишга жойлашишдаги воситачилик билан боғлиқ хавфни тушуниб етмаган, бу вазият тўғрисида деярли ҳеч нарса билмаган ҳолда ўзларини одамфурушларнинг ўлжасига айлантириб қўймоқда.

Бугунги кунда чет элга боришни хоҳловчиларнинг асосий қисми ноқонуний йўллар билан чиқиб кетишни афзал кўраяпти. Умрида маҳалласидан нарига чиқмаган одамлар кимларнингдир алдови, ёлғонига учиб, бор-будини сотиб, чет элга кетаяпти. У ерда эса тилни ва йўл-йўриқни билмаслиги, энг ёмони, ноқонуний равишда келгани ва ҳимоясиз бўлгани учун қул сифатида ишлатилмоқда.

Бунинг асосий сабаби маънавий қашшоқлик, очкўзлик, дунёга ҳаддан ташқари ҳирс қўйиш ва нафсига қул бўлишдир.

Муқаддас ислом динимиз нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, инсоннинг жонзодлар ичида энг мукаррами экани таъкидланиб, қулликка қарши қатъий    чоралар белгилаб қўйилган.

Аллоҳ таоло ўзининг сўнгги дини - исломни юзага чиқарганда қулдорлик тузуми мавжуд бир воқелик эди. Ислом дини инсоннинг ҳур яратилганини таъкидлаб, уни тугатиш чораларини кўрди. Қулни озод этишни савоб даражасига кўтарди, бунинг устига тез-тез такрорланувчи турли хато ва гуноҳ ишлар (масалан, қасамни бузиш, фарз рўзасини билиб туриб бузиш кабилар)нинг каффоратига қул озод қилишни буюрди.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)  "Ким бир мўмин қулни озод қилса, Аллоҳ таоло унинг ҳар бир аъзоси учун бунинг аъзоларини дўзахдан озод қилади", деб марҳамат қилади. Бу ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) қул озод қилишнинг фазилатини баён этади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) қудсий ҳадисларида: "Аллоҳ таоло: "Уч киши борки,  мен уларга қиёмат куни хусуматчиман. Менинг номимдан (аҳд) берадиган ва кейин хиёнат қиладиган киши, ҳур кишини сотиб пулини ейдиган киши, мардикор ёллаб, уни ишлатиб ва ҳаққини бермаган киши", деди (Абу Ҳурайрадан Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадисда Аллоҳ таоло қиёмат куни уч кишига раҳмат назари билан қарамаслиги ва улар билан хусумат қилиши баён қилинмоқда. Аллоҳ таоло ким билан хусумат қилса, албатта, уни енгади. Улар ичида ҳур кишини сотиб, уни ҳурликдан маҳрум қилиб, қулликка солган киши ҳам бор. Бу жуда катта гуноҳдир. Чунки бу ҳолатда инсон, одатда қилиши мумкин бўлган ишлардан ман этилиб, хорлик ҳолатига туширилади ва кўпинча фақат қорин тўйдириш учун ишлашга маҳкум қилинади.

Ўткинчи мол-дунё учун ватандошларини, қишлоқдошларини ва ҳатто қариндошларини      сотишдан қайтмаётган кишилар, юқоридаги ҳадисларнинг маъносини бир зум тафаккур қилсалар, фойдадан холи бўлмайди. Зеро, ҳалол касб қилиб, бойлик орттираётган, элга хизмат қилиб, дуо олаётган мардлар сон-саноқсиз топилади.

Яна бир ҳадиси шарифда "Аллоҳ таоло қиёмат кунида уч кишига қарамайди. Ҳурни сотган киши, ўзини ўзи сотган киши ва мардикорнинг тери қотгандан кейин унинг ҳаққини бекор қилган киши", дейилади.

Бу ҳадис ҳам юқоридаги ҳадисни тўлдириб келади. Яъники инсон била    туриб, ўзини қулликка солиши ҳам улуғ  гуноҳлардан ҳисобланади.

Яна бир ташвишли ҳолатлардан бири шуки, чет элга ноқонуний тарзда ишга чиқаётган шахсларнинг кўпчилиги халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар вакилларининг тузоғига тушиб, йўлдан, ўзлигидан адашиб кетишмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ўсиб келаётган ёшларни бундай таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларнинг дунёга очиқ кўз билан қараш кўникмаларини эгаллашида маънавий-мафкуравий тарбиянинг роли беқиёс эканини алоҳида таъкидлаб шундай деган эди: "Фақат жисмоний жиҳатдан бақувват бўлган одамни тарбиялаш унчалик қийин эмас. Аммо уни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан камол топтириш ғоят    мураккаб вазифа. Айниқса бугунги кунда - мафкуравий курашлар гоҳ ошкора, гоҳ   пинҳона тус олган ҳозирги нозик, қалтис шароитда, таҳликали замонда бу масала ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга".

Шундай экан, аввало ҳар бир инсон ўзининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни тўғри, тўла тушуниб етмоғи даркор. Ишлайман деса, юртимизнинг ўзида иш ўрни етарли. Савияли, кучли мутахассисни, қўлидан иш келадиган одамни ҳеч ким ташлаб қўймайди. Бундай одамнинг чет элда сарсон-саргардон юришининг ўзи нотўғри.

Қолаверса, ҳукуматимиз томонидан хорижда ишлашни истовчиларга ҳам мўл имкониятлар муҳайё қилинган. Бунинг учун бир қатор давлатлар билан шартномалар тузилган. У ерга ишга кетаётганларнинг ҳақ-ҳуқуқлари кафолатланган. Демакки, ҳеч қандай монелик йўқ. Шундай экан, нима учун тўғри йўл қолиб, эгрисидан юрамиз? Ёки яна ўша эски "бу йўл осон-да", деган гапми? Аммо бу йўл бизни қай манзилларга элтаяпти? Бу йўлда нималарни бой бераяпмиз? Ана шуларни жиддий ўйлаб кўрмоғимиз даркор.

Азамат УСМОНОВ,

Касби туманидаги Фазли жомеъ масжиди имом-хатиби

Report typo