- Менга қара, Пушкин кимлигини биласанми?
Кўчада мева-чева сотувчи хаёлга чўмди. Сал олдин у бу фамилия ҳақида эшитганини айтганди: "Эҳтимол, мактабимизда ўқигандир". Бир неча дақиқадан сўнг унинг юзида табассум пайдо бўлди.
- Эсладим! Пушкин - рус йигити! Бизнинг шаҳарда - Аддис-Абебеда туғилган!
"У УЧУВЧИ БЎЛГАН"
Мана, ҳақиқатан - сўровга мувофиқ, Эфиопиянинг 95 фоиз (!) фуқароси буюк рус шоирининг туғилган жойи айнан Африкада, деб ҳисоблашади. Аслида эса Эфиопия Пушкиннинг катта бобоси, "Улуғ Пётр ҳабаши" номи билан машҳур Абрам Петрович Ганнибалнинг ватани саналади. Абрам 1697 йили мамлакат шимолида, шаҳар типидаги қишлоқча - Лагонда князь оиласида дунёга келган. Болакай олти ёшида турклар босқини вақтида ўғирлаб кетилади. Шундан сўнг уни Туркиядаги рус элчиси Савва Рагузинский қул бозоридан сотиб олиб, Москвага - подшога совға учун олиб келади. Пётр Биринчи болакайни чўқинтиради, у эса подшонинг арзандаси бўлиб қолади, кейинчалик хизмат қилиб Россия империясининг генерал-аншеф лавозимига сазовор бўлади. Унинг набираси Надежда Осиповна Ганнибал Пушкиннинг онаси ҳисобланади.
Москвада ўқиган эфиопиялик кинорежиссёр Берхану Шиберу Пушкиннинг ўнта шеърини ёддан билади. У кўзини бироз ёпиб, юзда табассум билан уларни ифодали қилиб ўқиб беришдан чарчамайди. Олдинроқ Берхану шоирнинг китобларини Эфиопиянинг асосий тили - амхар тилига таржима қилди.
"Ҳар ҳолда, ҳатто амхар тилида ҳам Александр Сергеевич буюк шоир эканини ҳис этишади, - дейди Шиберу. - Аёлларимизга "Я помню чудное мгновенье"ни ўқиб берсангиз, улар шу пайтдаёқ эс-ҳушларини йўқотишади".
Аддис-Абебеда Пушкин номли майдон бор... Бироқ, у ерга бориб, чакка соқолли ёдгорликни тополмадим. Шоирнинг бронза бюстини кўчиришибди, у энди Эфиопиянинг Миллий музейи яқинида турибди, бу ерда эса бир йилдан сўнг ҳайкал шаклидаги композицияни барпо қилиш режалаштирилаётган экан: унда Пушкин бор бўй-басти билан катта бобоси Ганнибалнинг юзига қараб туради.
Майдонда тиланчилар садақа сўрашади. Улардан Пушкин ҳақида сўрайман. "У - бизнинг ифтихоримиз. Рус генерали, Эфиопияда хизмат қилган. Эҳтимол, учувчи бўлган. Бироқ у православ ёхуд мусулмонми, бунисини билмаймиз".
"Узоқ вақтдан бери Пушкин сиёсий можаро объекти саналади, - дейди музей ходими Гиоргис Дебре. - Зеро, Лагон ва Мариб дарёси бўйидаги Ганнибал туғилган ҳудуд ҳозирги кунда Эфиопия билан янги Эритрея давлати чегарасида жойлашган. Ўша ерлик маданият арбоблари Александр Сергеевич - уларнинг ватандоши эканини эълон қилишди. "Пушкиндаги Эритрея томирлари" номи билан китоб босилиб чиқди, маҳаллий адабиётшунослар шоир - эритреялик, эфиопиялик эмас, деган далил-исбот келтиришди. Маданият вазиримиз "Биз Пушкинга паспортини алмаштиришига ижозат бермаймиз!" дея баёнот берганида муносабатлар кескинлашди. Натижада, 1998 йили (умуман бошқа сабабга кўра) Эфиопия ва Эритрея ўртасида кураш бошланди, аскиябозлар бу ихтилофга "Пушкин жангги" деб ном беришди. Ҳазил-ҳазил билан, аммо яқинда Эритрея пойтахти Асмэреда Пушкинга ҳайкал ўрнатишди. Бу эса эфиопияликларнинг қаҳрини келтирди: биздан буюк шоирнинг ватани деб атайдиган ҳуқуқни олиб қўйишмоқда!"
Эфиопияда социализм қуриш даврида (1977-1991 йиллар) собиқ иттифоқдан профессионал пушкинчилар ташриф буюриб, пойтахтдаги олий ўқув юртларида лекция ўқишган, адабий конференциялар ўтказишган. Эфиопиялик болалар мактабларда Пушкинни ёд олишган, совет иттифоқи рус тилидан амхар тилига ўгирилган "Капитан қизи", "Руслан ва Людмила" ва "Мис чавандоз" таржималарига пул тўлашда қизғанмаган. Эфиопиядаги мактаблар дастурларидан коммунистик тузум чиқарилгач, Пушкинни ҳам олиб ташлашган, энди у ҳақда фақат университетларда "жаҳон адабиёти" доирасида сабоқ беришади. Ўйлайсан киши, агар Пушкин аслида кимники ёхуд кимнинг ёдгорлиги яхшироқ каби Эритрея билан баҳс-мунозара бўлмаганида, шоирнинг мероси умуман унут бўлиб кетармиди.
"БУ РУС - АВЛИЁ"
"Эфиопиянинг янги авлоди учун Пушкиннинг номи у қадар таниш эмас, - деб санайди Аддис-Абебедаги Россия фан ва маданият маркази директори Вячеслав Конник. - Биз вазиятни яхшилашга ҳаракат қилаяпмиз. Марказимиз ҳузурида эфиопиялик болалар рус тили билан шуғулланадиган курслар мавжуд. Гарчи ўқувчилар ҳозирча камроқ бўлса-да, адабиёт дарсларида улар Пушкиннинг достонлари ва эртакларини бажонидил ўқишади. Александр Сергеевич халқларимизни боғлайди, муҳими, бу риштани йўқотмаслик. 1990 йили Африкада 20 га яқин маданият марказлари ишлаб турган бўлса, ҳозирда улардан тўрттаси қолган, ҳа, маблағ билан таъминлаш унчалик эмас. Ҳар сафар эфиопиялик мактаб ўқувчиси Пушкиндан ифодали ўқиб бераётганини эшитганимда биз беҳудага ишламаётганимизни тушунаман".
"Авом эфиопияликлар у ёқда турсин, ҳаттоки маълумотли одамлар ҳам менга Пушкин Аддис-Абебеда туғилиб, кейин Москвага кўчиб кетган, деб айтишади! - дейди фан доктори, император Хайле Селассие давридаёқ Пушкинни таржима қилган Амбареу. - Эритрея билан тортишиш, шоирнинг шарафига майдонни аташ ва унинг бюстини қаердадир ўрнатиш кифоя қилмайди - талабалар ўртасида унинг шеърларини тарғиб қилиш керак. Нафақат Эфиопияда, балки Россияда ҳам саноқли ёшлар Пушкиннинг гўзал сатрлари билан қизларнинг юрагини забт этиш учун курашаяпти".
"Одамлар Эфиопияда Пушкинни нафақат шоир сифатида қабул қилишади, балки бувим уни авлиё дея буткул ишонади, - тушунтиради Аддис-Абебелик талаба Йоханнис Диту. - Ҳечқиси йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз эритреяликларга Сашани бериб қўймаймиз".
Постаментдаги (махсус ўрнатиладиган супа) бронзали Александр Сергеевич теварак атрофни анчагина беғам кузатаяпти. Шубҳасиз унга олис Африкада ҳозирга қадар унинг шеърларини рус тилида ўқишаётганлари ёққан бўларди...
Муаллиф: Георгий ЗОТОВ
Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси